12:51 / 11.09.2021
4 278

Миролим Қиличев Аҳмадбой сабаб Matiz, Captiva 2 ва уч хонали уйидан ажралиб, кўчада қолгани ҳақида гапириб берди (видео)

Миролим Қиличев Аҳмадбой сабаб Matiz, Captiva 2 ва уч хонали уйидан ажралиб, кўчада қолгани ҳақида гапириб берди (видео)
Фото: «Дарё»
Актёр Миролим Қиличев «Дарё» интернет-нашрига эксклюзив интервью берди. Интервьюни «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди.

Суҳбат давомида Миролим Қиличев Аҳмадбой сабаб уч хонали уйидан ажралиб, кўчада қолгани ҳақида гапириб берди.

- "Эркак киши ҳаёти давомида мана шундай вазиятларга кўп тушиб қолар экан. Сабаби менинг дадам ҳам машина оламан деб Мустақилликдан олдин банкда узоқ йиллар пул жамғариб юрган эканлар. Кейин мустақиллик бўлиб, пуллар ўзгаргани учун дадам банкда йиғган пуллари ҳам куйиб кетган экан. Шу тақдир менда ҳам қисман такрорланди.

Ўзи бошида Аҳмадбой шов-шув бўлиб юрганида мен ишонмай юрдим. Лекин кунлардан бир куни театримизда дўстимиз мени шу ишга кўндирди. Ўша пайтларда Matiz русумли автомобилим бор эди. Мен машинамни тўғридан-тўғри Аҳмадбойга эмас, унинг Рихситилла деган шогирдига бердим. Қарасак пули вақтида бериляпти. Кейин яна битта машина билан йиғиб юрган пулимизни бердик. Ўша вақтда Captiva-2 русумли автомобиль энди чиққан пайтлари 30.000 АҚШ долларига сотиб олган эдим. Ана шу Captiva-2 ни ҳам бердик.

Шунақа бизнес қилаётганимизда бир-иккита дўстларимнинг орасига ҳам кирдим. Бир-иккита устозларга ҳам «пулингизни бераверинглар ўртада мана мен турибман», деб юборибман. Кейин эса Аҳмадбойлар қўлга олинди. Мен эса атрофимдагиларга «мен ўртада турибман» деган лафзим борлиги учун уч хонали уйимни сотиб, бир кундаёқ пулини ана шу лафз қилган одамларимга тарқатиб чиққанман.

Мен ўртага тушган одамларнинг олдига бориб, «Аҳмадбойга қанча бергансиз», деганимда агар 7000 доллари берганман дейишса, «майлими мана шу берган пулингизни ўзини қайтарсам», деганимда улар кўнишмаган. «Йўқ 7000 доллар берганмиз 8000 доллар қайтаришинг керак дейишган». «Мен ўзимнинг ёнимдан тўлаяпман, аҳвол мана бунақа десам», «сен бизни тўғри тушун», дейишган. Шундан сўнг 7000 доллар берганларга 8000 доллар, 5000 доллар берганларга 6000 доллар қилиб қайтарганман. Бир кунда уйнинг пулини тарқатиб бўлганимдан кейин ҳам майда-чуйда қарзлар қолиб кетган. У пулларни ҳам ишлаб, тўйлардан топиб эгаларига қайтариб бердим. Хуллас, ҳеч кимнинг олдида тилим қисиқ бўлмади. Лафзимга жавоб бериб, ўзим итдек қийналсам ҳам пулларни ортиғи билан тўладим.

Осон келган пул осон кетар экан. Бу ўзи нотўғри эканига ичимда шубҳа бўларди. Кимдир бу нотўғри эмас, судхўрлик эмас дерди, ўзим эса ичимда бу нотўғри иш дердим. Бошқалардан сўрасам «улар йўқ, сен фойдага шериксан», дейишарди. «Сен пул тикяпсан ва пул оляпсан», дейишарди. Хуллас, шу ишларим Худога хуш келмади. Ундан кейин барибир яхши кунлар бўлди. Уй ҳам олдим, машина ҳам олдим. Нолдан оёққа турдим. 4-5 йил шунинг ортидан қийналганман. Йигитчиликда шунақа ишлар бўлади. Бош омон бўлса дўппи топилади дейишлари бежиз эмас экан", - деди Миролим Қиличев.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Миролим Қиличев Аҳмадбой сабаб Matiz, Captiva 2 ва уч хонали уйидан ажралиб, кўчада қолгани ҳақида гапириб берди (видео)