13:50 / 19.09.2021
1 651

Тошкентда ёш аёлнинг юзи ва танасига лезвия тортган шахс ушланди

Тошкентда ёш аёлнинг юзи ва танасига лезвия тортган шахс ушланди
Фото: Видеодан кадр
Тошкентда ИИБ ФМБ ходимлари томонидан ёлланма жиноятни содир этишда гумонланаётган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда «Ёшлар» телеканалининг «Янги давр» кўрсатувида хабар берилди.

Суриштирув жараёнида аниқланишича, аёл 2 август куни кечки пайт дугонаси билан овқатланиш учун ресторанга борган ва ортидан номаълум шахслар кузатаётганини сезган. У тамаддихонадан чиққач, Юнусободда яшайдиган дугонасини машинасида уйига кузатиб қўйган. Соат 00:30 атрофида Янгиҳаётдаги уйига қайтган. Уйнинг лифтига чиққанида ортидан ниқоб таққан йигит кирган ва лезвия билан аёлнинг юзи, бурнининг усти ва кўкрак соҳасига жароҳат етказган. Аёл қўллари билан юзини беркитиб, йигитни тепганидан кейин у воқеа жойида қочиб кетган.

Шу куни гумонланувчи шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилади ва суриштирув жараёни қийин кечганига қарамасдан ИИБ ходимлари уни қўлга олишга эришади.

Ушбу шахс Шайхонтоҳур туманида яшовчи 2000 йил туғилган фуқаро эканлиги, муқаддам Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан судлангани аниқланган. Тергов давомида гумонланувчи айбига иқрор бўлган. У жабрланувчини олдиндан танишини, унга нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатгани сабабли аёлни жазоламоқчи бўлганини билдирган.

Аёл эса эркак кишини нафсониятига тегадиган ҳақорат сўзлар ишлатмаслигини, бу йигитни ҳеч қачон кўрмаганини айтмоқда. Унинг сўзларига кўра, йигит унга «Душманинг кўп. Нима қиласан ўзингга яна душман орттириб?», деб айтган. Шунингдек, қамалса, 4 ойдан кейин чиқиб, яна унинг олдига келишини, унгача бошқа одам олдида бўлишини ҳам билдирган.

«Шу кундан бери кетимдан Matiz пойлаб юрганини биламан. Икки марта бўлди бу. Энди кўчага чиқа олмайман, болаларимни кўчада ўйната олмайман. Балки, болаларимни олиб қочиб кетар? Вояга етмаган икки болам бор, онам бор. Турмуш ўртоғим чет элда», — деган у.

Ички ишлар органлари ходимларининг билдиришича, содир этилган жиноятнинг айбдорлари тўлалигича аниқланади ва якуний ҳукм суд томонидан эълон қилинади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Тошкентда ёш аёлнинг юзи ва танасига лезвия тортган шахс ушланди
[/banner_pushhouse