18:14 / 27.10.2021
1 560

Вазирлик талаба қизга тегажоғлик қилингани айтилган университет раҳбариятига қатъий чора кўради

Вазирлик талаба қизга тегажоғлик қилингани айтилган университет раҳбариятига қатъий чора кўради
Тошкентда талаба қизга тегажоғлик қилиб, уни ойнадан итариб юборишда Тошкент давлат педагогика университетининг декан ўринбосари гумонланаётгани ҳақида хабар берилганди. Ҳолат юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги муносабат билдирди.

Таъкидланишича, ҳозирда мазкур воқеа юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ўрганиш ва суриштирув ишларини олиб бормоқда.

«Ўрганиш натижалари бўйича жиноятда гумонланувчи университет масъул ходимига нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилади. Шунингдек, ушбу ҳолатга йўл қўйган университет раҳбарияти ва масъулларига нисбатан ҳам қатъий ташкилий ва интизомий чоралар кўрилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талаба-қизларнинг шаъни ва номусига қарши ҳар қандай хатти-ҳаракатларни кескин қоралайди ва, албатта, бу каби ҳолатларга қарши қатъий курашади.

Тез орада бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тезкор мурожаат қилиш имконини берадиган махсус портал яратилади ҳамда ишга туширилади. Ўрганишлар натижаси бўйича объектив тафсилотлар қўшимча тарзда маълум қилинади
», — дейилади вазирлик хабарида.

Маълумот учун, 18 октябрь куни 20 ёшли М.К. Зулфия мукофотига тавсиянома олиш мақсадида ёшлар ишлари бўйича декан ўринбосари Б.Ю.нинг хонасига кирган. 37 ёшли декан ўринбосари Б.Ю. қиздан кутиб туришини сўраган. Қизнинг айтишича, хонадан ҳамма чиқиб кетгач, декан ўринбосари чарчаганини айтиб, ундан қаҳва дамлаб беришни сўраган. Қиз қаҳва дамламоқчи бўлганида эркак эшикни ичкаридан қулфлаб, чироқни ўчирган. М.К. ниманидир сезгандай яқин дўстига қўнғироқ қилиб, тезроқ етиб келишни сўраган, хонадан чиқай деса, эркак уни ушлаб олиб, хонасидаги диванга ётқизмоқчи бўлган.

Қиз қаршилик кўрсатган, эшикнинг у тарафида эса қизнинг дўсти келиб, эшикни очишни сўраган. М.К. амаллаб ойна олдига келиб, ёрдамга чақира бошлаган. Шунда қизнинг айтишича, эркак уни деразадан итара бошлаган. У қанчалик қаршилик кўрсатмасин кучи етмай, ойнадан пастга тушиб кетган. Декан ўринбосари эса деразани ёпиб, жалюзини туширган ва эшикни очган. Қизнинг дўсти декан ўринбосарини олиб, пастга тушган. Атрофда йиғилганларга Б.Ю. қиз ойнадан ўзи сакрагани ва уни ўзи шифохонага олиб боришини айтган.

Шифокорлар қизга тос суяги синиши, гематомалар ва мия чайқалиши ташхисини қўйган. Қизнинг яқинларининг айтишича, декан ўринбосари томонидан келган одамлар уларга ўз кўрсатмаларини ўзгартиришлари учун пул таклиф қилган. Б.Ю. эса ҳаммага қиз ўз жонига қасд қилган демоқда. У ўқиган факультет талабаларини тўлиқ онлайн таълимга ўтказилган.

ИИВ матбуот котибининг маълум қилишича, 19 октябрь куни декан ўринбосарига нисбатан Жиноят кодексининг 105 (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш), 118-моддалари (номусга тегиш) билан жиноят иши қўзғатилган. 23 октябрь куни экспертиза жавоби чиқиши билан декан ўринбосари процессуал тартибда ушланган.

ССВнинг маълум қилишича, беморнинг динамикада аҳволи қониқарли. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг тажрибали шифокорлари томонидан муолажалар давом эттирилмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Вазирлик талаба қизга тегажоғлик қилингани айтилган университет раҳбариятига қатъий чора кўради