16:14 / 03.11.2021
1 252

Содиқ Сафоев Япониянинг олий ордени билан мукофотланди

Содиқ Сафоев Япониянинг олий ордени билан мукофотланди
3 ноябрь куни Япония ҳукумати 2021 йил кузида Император ордени билан тақдирланган хорижликлар рўйхатини эълон қилди. Бу ҳақда Япониянинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизматига таяниб, «Gazeta.uz» хабар берди.

Рўйхатга Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳам киритилган. У Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама алоқаларни чуқурлаштириш ва дўстона муносабатларни ривожлантириш йўлидаги кўп йиллик хизматлари учун «Кўтарилаётган қуёш ордени катта тасмаси» ордени билан тақдирланган.

«Кўтарилаётган қуёш ордени катта тасмаси» Япониянинг энг юқори ордени бўлиб, у билан фақат юқори натижаларга эришган шахслар тақдирланади ва Ўзбекистонда биринчи марта берилмоқда. Бу Япониянинг 1875 йилдан бери берилаётган энг қадимги ордени. У олти даражага эга.

Содиқ Сафоев Япония ва Марказий Осиё ўртасидаги муҳим платформа бўлган ‘Марказий Осиё+Япония’ мулоқоти очилиши чоғида ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган ва кўп йиллар давомида Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга, жумладан, ушбу мулоқотни ривожлантиришга ҳисса қўшган
», — дейилади элчихона хабарида.

Хабарда таъкидланишича, у «Олий Мажлис — Япония парламенти» парламентлараро гуруҳининг собиқ раиси сифатида икки давлат ўртасидаги парламент алмашинувини ривожлантиришга ҳам ўз ҳиссасини қўшган.

«Шундай қилиб, унинг икки давлат ўртасидаги муносабатлар ва дўстликни мустаҳкамлаш борасидаги ютуқларини ниҳоятда муҳим деб аташ мумкин», — дейилади элчихона хабарида.

Бунга қадар Япония ҳукумати императорлик ордени билан қатор Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистон билан боғлиқ шахсларни тақдирлаган эди:
  • «Отаётган қуёш, олтин ва кумуш нурлар» ордени билан — Япониялик интерн қилинган шахслар музейи директори Жалил Султонов;
  • «Отаётган қуёш, кумуш нурлар» ордени билан — «Фозил ота» қабристони қаровчиси Мироқил Фозилов;
  • «Отаётган қуёш, олтин ва кумуш нурлар» ордени билан — Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг Япония билан ҳамкорлик қилиш бўйича маслаҳатчиси Мирсобит Очилов.

Маълумот учун, Содиқ Сафоев (1954 йилда туғилган) Тошкент давлат университетини битирган (1976 йил). 1990—1992 йилларда Гарвард университетида амалиёт ўтаган, Ўзбекистон Президенти аппарати ва Фанлар академиясида ишлаган. Сафоев турли йилларда ташқи ишлар вазири, Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси, Президентнинг давлатлараро муносабатлар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси, Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси бўлган.

Шунингдек, Содиқ Сафоев 2005 йилнинг февралидан ноябрига қадар Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори вазифасида фаолият юритган. 2016 йилнинг декабрида Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосарига айланган, 2020 йилнинг январида ушбу лавозимга қайта сайланган эди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Содиқ Сафоев Япониянинг олий ордени билан мукофотланди