11:44 / 05.11.2021
1 400

ДХХ 35 килограммдан ортиқ гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйди

ДХХ 35 килограммдан ортиқ гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйди
Фото: ДХХ
Гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитаси ходимлари томонидан ҳамкорликда олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида катта миқдордаги наркотик моддалар мусодара қилинди.

Жиззах вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Қозоғистоннинг Туркистон вилояти, Махтаарал туманида истиқомат қилувчи, 1976 йилда туғилган, қўшни давлат фуқароси ва Зомин туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган маҳаллий фуқаро 3 кг 880 гр. “опий” моддасини 32 минг АҚШ долларига сотаётган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирларда 1984 йил Қирғизистонда туғилган Россия фуқароси ҳамда 1963 йил ва 1968 йилда туғилган икки нафар Қирғизистон фуқароси 9 кг 612 гр. “гашиш” моддаси билан, шунингдек, 1983 йилда туғилган Тожикистон фуқароси 1 кг 784 гр. “опий” ва 3 кг 765 гр. “гашиш” моддалари билан ушланди.

Самарқанд вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда муқаддам гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган, 1984 йилда туғилган маҳаллий фуқаро 10 кг 300 гр. “опий” моддаси билан қўлга олинди.

Фото: ДХХ
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда муқаддам гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланган, 1992 йилда туғилган фуқаро ўзининг “Нексия-3” русумли автомашинасида Қўқон шаҳрига кетаётган вақтида Оҳангарон туманидаги “Чинор” йўл-патрул хизмати масканида тўхтатилди.

У ЙПХ ходимлари талабларига бўйсунмасдан қочишга уринганида сунъий тўсиқ яратилиб, қонунбузар ушланган. Автомашина кўздан кечирилганда, унинг салон қисмида 4 кг 902 гр. “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ўтказган тезкор тадбирда эса Тошкент шаҳри томон ҳаракатланган “Cobalt” русумли автомашина йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларини жалб этган ҳолда, Бўстон туманидаги йўл-патрул хизмати масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилди.

Фото: ДХХ
Текширув давомида машинада йўловчи сифатида кетаётган Олтинкўл туманида яшовчи, 1977 йилда туғилган, муқаддам судланган шахснинг ёнида 961 гр. “опий” моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди. Дастлабки суриштирувда у мазкур наркотикни Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи, муқаддам гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган, 1974 йилда туғилган Қирғизистон фуқаросидан олганлиги маълум бўлиб, ушбу шахс ҳам қўлга олинди. Шунингдек, унинг яшаш манзилида 240 гр. “опий” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Фото: ДХХ
Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида мусодара қилинган жами 17 кг 165 гр. “опий” ва 18 кг 279 гр. “гашиш” гиёҳванд моддалари Тожикистон ва Қирғизистондан контрабанда йўли билан олиб ўтилган. Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида уларнинг жиноий алоқаларини аниқлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ДХХ 35 килограммдан ортиқ гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйди