14:51 / 06.11.2021
1 829

Тошкентда солиқ ходими хотинини калтаклади. Солиқ қўмитаси ҳолатга муносабат билдирди

Тошкентда солиқ ходими хотинини калтаклади. Солиқ қўмитаси ҳолатга муносабат билдирди
Тошкент шаҳрида солиқ инспектори хотинини доимий равишда калтаклаб келгани, эркакка нисбатан жиноят иши қўзғатилса-да, аёлни таъқиб қилаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда «Nemolchi.uz» хабар берди.

Маълум бўлишича, Яккасарой туман солиқ инспекцияси ходими Д. аёли Ш.ни доимий калтаклаб келган. Эркак ўз қизига қўл кўтаргач, аёл отасининг уйига кетиб қолган. Шундан сўнг Д. хотинидан уйга қайтишни ва уни кечиришини сўраган. 2021 йил апрель ойида уларнинг 14 ёшли ўғли вафот этган. Аёл ўзига келиб улгурмасидан эркак ёш аёл билан никоҳдан ўтган ва уни уйига олиб келган. Шунга қарамай, у Ш.дан уйга қайтишни сўрайверган.

Аёл эрига янги оиласига эътибор қаратишини ва уни тинч қўйишини сўраган. Лекин эркак унинг ишхонаси, болалари билан бирга яшаб келаётган отасининг уйига борган. Оқибатда аёл отасининг танишидан квартира ижарага олиб, чиқиб кетган.

Қайд этилишича, июнь ойи охирида Ш. машинаси билан турар жой биноси олдига тўхтатган пайт эри келиб қолган ва «Кимнинг олдига келдинг?», деб сўраган. Бунга жавобан аёл бу унинг иши эмаслигини айтган. Шунда эркак аёлни калтаклашни бошлаган, уни ерга ётқизиб, юзига бир неча бор тепган. Ш. машинасининг сигналини чалади, аммо ҳеч ким ёрдамга келмаган. Калтаклашни тугатгандан сўнг эр аёлни касалхонага олиб бориб, уни севгани билан ушлаб олгани учун урганини айтган.

Шу пайт Ш.нинг онаси қизи кеч қолаётганини пайқаб, 102 телефонига қўнғироқ қилган. Бино гаражига тушиб, эшиги очиқ машина ва унинг атрофидаги қон томчиларини кўрган. Ходимлар воқеа жойига етиб бориб, камера ёзувларини текширган ва аёл эри томонидан калтакланганини кўрган.

Шифокорлар Ш.га олд суяги синиши белгилари, орбитал деворлари, гаймор бўшлиғи, юқори жағ, чакка суяги ташхисини қўйган.

Таъкидланишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (баданга қасддан оғир шикаст етказиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Эркакка нисбатан уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан чеклаш жазоси тайинланиши кутилмоқда.

Айбланувчи буларнинг барчасидан кейин ҳам аёлни ўзига қайтаришга уриниб, таъқиб қилишда давом этган. «У ортимдан қолмаяпти. Ажрашишга имкон бермаяпти. Жуда ҳам чарчадим. Терговчига қўнғироқ қилиб, у мени таъқиб қилаётгани, бирор чора кўришини сўрадим», — деган жабрланувчи.

Давлат солиқ қўмитаси ҳолатга муносабат билдириб, хабар юзасидан ички хизмат текшируви олиб борилаётганини маълум қилган. Унга кўра, воқеа жорий йил бошида содир бўлган. Ушбу ҳолат юзасидан шу кунга қадар фуқаро томонидан давлат солиқ хизмати органларига мурожаат қилинмаган, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ҳам маълумот келиб тушмаган. «Агар воқеа ҳақида ўз вақтида хабар қилинганда, ҳолат тезкорлик билан ўрганилиб, тегишли муносабат билдирилган бўлар эди», — дейилади қўмита муносабатида.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда солиқ ходими хотинини калтаклади. Солиқ қўмитаси ҳолатга муносабат билдирди