Фото: Getty Images/Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати
Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов бир вақтнинг ўзида Uzbekistan Airways'га ҳам раҳбар экани хорижий авиакомпанияларга нисбатан инсофсиз рақобат муҳитини юзага келтирмоқда.
Жамоатчиликка маълум бўлган сўнгги айрим воқеалар соҳада соғлом рақобатга қарши ҳаракатлар ва манфаатлар тўқнашуви содир бўлаётганини очиқ-равшан кўрсатмоқда.
Бирлашган Араб Амирликларининг дунёга машҳур Flydubai лоукостер авиакомпанияси Ўзбекистон Транспорт вазирлигидан норози эканини билдирмоқда. Боиси — уларга ваъда қилинган ҳафтада 7 кунлик рейсларни ташкил этилишига рухсат берилмаяпти.
Вазиятни қисқача тушунтирадиган бўлсак: Flydubai 2019 йилда йўлга қўйилган Дубай–Тошкент–Дубай йўналишидаги авиақатновларни ҳафтада 7 кун (ҳар куни, узлуксиз!) амалга ошириши керак бўлган. Аммо орадан икки йилдан кўп вақт ўтса-да, рейслар халқаро келишувда кўзда тутилганидек ҳафтада 7 кун эмас, 6 кун амалга оширилмоқда.
Узоқ вақт давом этган музокара ва ёзишмалардан сўнг шу йил 11 октябр куни Транспорт вазирлигининг Ҳаво транспортини ривожлантириш департаменти директори Дониёр Жумаев имзоси билан Flydubai'га йўлланган 10/6352-7892-сонли хатда Дубай–Тошкент–Дубай йўналишида рейслар сонини ҳафтасига 7 тага кўпайтиришга розилик берилади.
Аммо, орадан ўн кун ўтиб, Flydubai'га яна Дониёр Жумаевнинг имзоси билан навбатдаги хат йўлланади. Унда аввалги хат (№10/6352-7892) бекор бўлгани маълум қилинади. Бу ҳаракатларнинг сабаблари тушунтирилмайди. Масала 2022 йилда муҳокама қилиниши айтилиб, компаниядан узр сўралади, холос.
Савол туғилади: Нега шундай бўлмоқда? Нима учун имконият сўраб мурожаат қилаётган Flydubai авиакомпаниясига рад жавоби берилмоқда? Халқаро келишувга нега амал қилинмаяпти?
Иқтисодчи Отабек Бакиров: “Транспорт вазири ўзи раҳбарлик қиладиган Uzbekistan Airways рақобатчиларини қўллаши мумкинми?” дея риторик савол қўяди ва вазиятга қуйидаги ечимларни беради:
“Биринчиси, транспорт вазири [Илҳом Маҳкамов] Uzbekistan Airways'га раҳбарлик қилмаслиги лозим. Бу қонунчилик руҳигаям, очиқ бозор принципларигаям зид.
Иккинчидан, “Очиқ осмон” режими амалда ишлаши таъминланиши зарур. Аслида айнан шу иш Транспорт вазирининг иши, рухсат бериш эмас.
Учинчидан, парвозлар бўйича паритет келишувлари схемалари тугатилиши зарур. Бу – ғирт коррупция ва ўзбилармонлик”.
Транспорт вазири Илхом Маҳкамов бир вақтнинг ўзида Uzbekistan Airways'га ҳам раҳбар экани авиация соҳасида рақобат ва манфаатлар тўқнашувига қай даражада таъсир этишини қонунлар асосида таҳлил қилиб кўрамиз.
Uzbekistan Airways'ни пировард мақсади фойда олишга қаратилган тижорат ташкилоти деб аташга етарли асосларимиз бор.
Ва айни пайтда компанияга давлат бошқаруви органи ҳисобланган, шу соҳани бевосита назорат қилувчи вазирликнинг раҳбари (вазир) раҳбарлик қилади.
Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, хўжалик юритувчи субъектнинг иқтисодий фаолиятни амалга оширишда афзалликларга эга бўлишга қаратилган, қонунчиликка, иш муомаласи одатларига зид бўлган ҳамда бошқа рақобатчиларга зарар етказадиган (зарар етказиши мумкин бўлган) ҳаракатлари инсофсиз рақобат дейилади.
Қонуннинг 13-моддасига кўра, инсофсиз рақобат, шу жумладан товар ёки молия бозорига бошқа хўжалик юритувчи субъектнинг киришига тўсиқ қўйиш тақиқланади.
Бундан ташқари, рақобат тўғрисидаги қонунчиликда хўжалик юритувчи субъектлар учун ман этилган ҳаракатлар, шунингдек давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг рақобатни чеклашга қаратилган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) рақобатга қарши ҳаракатлар дейилади.
Хўжалик юритувчи субъектнинг пировард натижада рақобатни чеклашга ва (ёки) истеъмолчиларнинг, бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини камситишга олиб келадиган тақиқланган ҳаракатлари, шу жумладан товар ёки молия бозорига бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг киришига тўсиқлар қўйиши товар ёки молия бозорида устун мавқени суиистеъмол қилиш деб эътироф этилади.
Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият манфаатлар тўқнашуви деб аталади.
Қонуннинг 21-моддасига кўра, давлат органларининг ходимлари мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслиги керак.
Давлат органларининг манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ёки уни бартараф этиш талаблари бузилишига йўл қўйганлар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.
Гувоҳи бўлганимиздек, мамлакатнинг ички ва ташқи майдондаги обрўсига, қолаверса иқтисодиётига соя солаётган бу мавзуда бир эмас, бир нечта қонунлар бузилаётган бўлиши мумкин.
Шундай экан, энг кўзга кўринган авиакомпаниялардан бўлмиш Flydubai'га нисбатан бўлаётган ҳолатлар Монополияга қарши курашиш давлат қўмитаси ҳамда Коррупцияга қаршиш курашиш агентлиги томонидан жиддий ўрганилиши керак.
Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди