14:47 / 07.12.2021
1 990

Эксперт: АЁҚШлардаги бир литр бензин нархининг қарийб 27 фоизини солиқлар ташкил этади

Эксперт: АЁҚШлардаги бир литр бензин нархининг қарийб 27 фоизини солиқлар ташкил этади
Амалдаги солиқ қонунчилиги таъсирида автобензин нархи қандай шаклланади, сотилаётган бензин нархининг қай миқдори солиққа тўғри келади? Мазкур саволлар билан Kun.uz Ўзбекистон Нефт трейдерлари ассоциацияси бошқарув раиси Саидаббос Саидвалиевга мурожаат қилди.

Унинг келтириб ўтишича, ҳозирги кунда ёнилғи қуйиш шохобчаларидаги бир литр бензиннинг 26,3 фоизини солиқлар ташкил этади.

«Ҳозирда октан сони 91дан юқори бўлган бензинни импорт қилишда бир тоннасига 275 минг сўм миқдорида акциз солиғи ҳамда 15 фоиз ҚҚС тўланади. Шу ўринда айтиш керакки, акциз ва маҳсулот нархи (Ўзбекистон чегарасигача етказиш қиймати билан бирга) ҚҚСни белгилаш учун база ҳисобланади. Яъни тўланадиган акцизнинг ўзидан ҳам ҚҚС тўланади... Бу бир тонна бензиндан қўшимча яна 275 минг сўмнинг 15 фоизи ёки 41 минг 250 сўм дегани. Яъни солиқдан солиқ тўланади! Аммо бу ҳаммаси эмас.

ҚҚСни ҳисоблаш учун контрактда, инвойсда ва бошқа жойларда кўрсатилган маҳсулотнинг фактик нархи эмас, балки ўша ҳудудда аввал импорт қилинган ҳажмга асосланган божхона базаси олинади... Баъзида рақамлар ўртасидаги фарқ жуда катта бўлади.

Кейинчалик бензин, дизел ёнилғиси ва суюлтирилган газни якуний истеъмолчига сотишда сотувчи акциз тўлайди, акцизнинг номи ҳам айнан шундай – «бензин, дизел ёнилғиси ва суюлтирилган газни якуний истеъмолчига сотишда тўланадиган акциз солиғи». Бу солиқнинг ҳажми бир тонна маҳсулотдан 465 минг 530 сўм бўлиб, у ҳам ҚҚСни ҳисоблаш учун база ҳисобланади. Шундай қилиб, бир тонна бензиндан қуйидаги «билвосита солиқлар» тўланади: 275 минг + 15 фоиз = 316 минг 250 сўм/тонна, 465 минг 530 сўм + 15 фоиз = 535 минг 360 сўм/тонна ва 15 фоиз ҚҚС.

Масалан, Ўзбекистонга етказиб берилиши билан 700 долларга тушадиган бир тонна бензиндан олинадиган маҳсулот таннархига кирувчи билвосита солиқлар 1 млн 980 минг 360 сўмни ташкил қилади, бу эса бошланғич нарх – 700 долларнинг 26,3 фоизи дегани. Шундан келиб чиқилса, АЁҚШда, дейлик, 8000 сўмдан сотиладиган бир литр бензиннинг 2100 сўмини солиқлар ташкил қилади дегани.

АИ 80 бензини ва дизел ёнилғисини ишлаб чиқаришда ҳам акциз солиғи бир тонна маҳсулот учун 240 минг сўмни ташкил қилади, АИ 91 ва ундан юқори октанли бензин учун эса 275 минг сўм. Яъни импорт бензин учун ҳам, маҳаллий НҚЗда ишлаб чиқарилаётган бензин учун ҳам бир хил солиқ тўланади.

Шундай қилиб, бизда бензин нархи шартли равишда қуйидагича шаклланади:
а – импорт қилинган бензин таннархи
б – 275 минг сўм акциз солиғи
с – 465 минг 530 сўм акциз солиғи
д – бошқа харажатлар ва сотувчининг даромади
(а+б+с+д) + 15 фоиз (ҚҚС)», дейди мутахассис.
Бензин истеъмолчиларга етиб боргунга қадар турли кўринишларда энг кўп солиқ қўшиладиган товарлардан бири ҳисобланади.

Давлат божхона қўмитасининг Kun.uz’га маълум қилишича, товарлар номенклатурасининг 2710 12 412 0 коди (ТИФ ТН код) билан таснифланувчи «АИ-90 маркали бензин» маҳсулотларини олиб кирганлик учун 0 фоиз миқдорида импорт божхона божи, тоннасига 275 минг сўм миқдорида акциз солиғи ҳамда 15 фоиз миқдорида қўшилган қиймат солиғи ставкалари белгиланган. Бундан ташқари, товарларнинг божхона қиймати суммасига мувофиқ базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 1 бараваридан 75 бараваригача миқдорда божхона йиғими ставкалари кўзда тутилган.

Хусусан, 10 минг долларгача божхона қийматидаги товарларни расмийлаштирганлик учун БҲМнинг 1 баравари, 10 мингдан 20 минг долларгача бўлган маҳсулотлардан БҲМнинг 1,5 баравари миқдорида йиғимлар ундирилади.

Маълумот ўрнида, 2022 йил учун «Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасида республикада ишлаб чиқарилган ва импорт қилинган бензинга ягона солиқ ставкаси белгиланиши режа қилинган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Эксперт: АЁҚШлардаги бир литр бензин нархининг қарийб 27 фоизини солиқлар ташкил этади