15:05 / 15.12.2021
2 515

Қозоғистон элчиси Ўзбекистон билан муносабатларга доир нозик нуқта ҳақида гапирди

Қозоғистон элчиси Ўзбекистон билан муносабатларга доир нозик нуқта ҳақида гапирди
Бош вазир биринчи ўринбосари Очилбой Раматов ҳамда элчи Дархон Сатибалди.
Фото: Xabar.uz

Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги бирор бир зиддият ёки келишмовчилик мавжуд эмас, дейди қардош мамлакатнинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дархон Сатибалди. Бу ҳақда у 16 декабрь – Қозоғистон Республикасининг мустақиллиги куни муносабати билан Тошкентда ташкил этилган тантанали маросимда гапирди. Мустақилликнинг 30 йиллик тадбирида дипломатик миссия ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, маданият ва санъат намояндалари қатнашди. Маросимда Ўзбекистон ҳукумати номидан бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов иштирок этди.

«Қозоғистон ва Ўзбекистон муносабатларини стратегик ҳамкорлик ва қардош-қўшничиликнинг юқори даражаси деб баҳолаш мумкин. Мустақилликка эришилган йиллардан буён мамлакатларимиз яқин алоқаларни сақлаб, муштарак ҳаракатлар борасида салмоқли механизмларни яратибгина қолмай, муносабатларни янада чуқурлаштириш борасида мустаҳкам пойдевор қўя олди», – деди элчи Дархон Сатибалди.

Дипломат Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга жорий йил декабрь ойи бошидаги давлат ташрифига алоҳида муносабат билдирди.

«Ташриф якунлари мамлакатларимизнинг янада фаол иқтисодий алоқалар ва сиёсий яқинлашув борасида муштарак нуқтаи назарда эканини тасдиқлади, айни чоқда, стратегик ҳамкорликнинг янги уфқларини очиш имконини берди. Икки томонлама салмоқли ҳужжатлар тўплами (22 ҳужжат) имзоланди. Улар орасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларацияни алоҳида қайд этиш жоиз. Бу ҳужжат Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ишончга асосланган муносабатларнинг янги босқичига шаҳодат беради», – деди Қозоғистон элчиси.

6 декабрь куни Оқўрда қароргоҳида икки давлат раҳбари иштирокида ўтган музокаралар якунида стратегик шериклик иттифоқчилик муносабатлари даражасига кўтарилганди.

«Ўзбекистон ва Қозоғистон – табиий иқтисодий ҳамкорлар. Иқтисодиётларимиз рақобат қилмайди, бир-бирини тўлдириб туради», – деган эди президент Шавкат Мирзиёев.

«Ўйлаймизки, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар бутун Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади», – дея ҳамкасби фикрларини қўллаб-қувватлаган эди Қозоғистон етакчиси Қосим-Жомарт Тоқаев.

Ташриф асносида икки давлат савдо айланмасини 10 миллиард долларга етказиш режаси ҳам эълон қилинди.

Дарҳақиқат, савдо-иқтисодий алоқалар ўзаро робиталарнинг муҳим жабҳаси саналади. Қозоғистон элчисига кўра, 2016 йилдан буён савдо айланмаси 2 бараварга ортди. Жорий йилнинг 10 ойи мобайнида эса бу кўрсаткич 3,2 миллиард долларни ташкил этди.

Сармоя бўйича ўзаро кўмак ҳам кенгаймоқда. Қозоғистонлик сармоядорлар асосан юртимизда қурилиш материаллар, металл конструкциялар, ун ишлаб чиқариш, шунингдек, савдо мажмуаларини ривожлантириш, объектлар барпо этишга маблағ тикмоқда. Ўзбекистонлик инвесторлар эса қўшни мамлакатда автомобилсозлик, тўқимачилик, фармацевтика ва маиший техника ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритмоқда.

Дипломат ўз нутқида муносабатлардаги нозик нуқтага ҳам эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, бугунги кунда икки мамлакат иқтисодиёти ўзаро рақобат эмас, балки бир-бирини қўллаб-қувватлаш, тўлдириш йўлидан бормоқда.

Элчи Д.Сатибалди Қозоғистон мустақиллик йилларида эришган асосий ютуқларга тўхталар экан, мамлакат режали иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига муваффақиятли тарзда ўтиб, жаҳон иқтисодий тизимининг тўлақонли аъзосига айланганини қайд этди.

Дипломатга кўра, 1991 йилдан буён Қозоғистонда ўртача маош 17, пенсия 10, ЯИМ эса 18 бараварга ортди. 1250 дан зиёд саноат корхонаси ташкил этилди, 2700 дан зиёд боғча, 1800 га яқин мактаб ва коллеж барпо қилинди. Иқтисодиёт тармоқларига 370 миллиард доллардан зиёд тўғридан-тўғри инвестиция жалб этилди. Қозоғистон дунёнинг энг рақобатбардош 50 мамлакати сафига қўшилди. Эндиликда янада катта марралар кўзланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 1991 йилнинг 16 декабрида Қозоғистон Олий кенгаши давлат мустақиллиги ва суверенитети ҳақидаги қонунни қабул қилган. Ўшандан буён 16 декабрь мамлакатнинг асосий миллий байрами – Мустақиллик куни сифатида нишонланади.

С.Салим

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қозоғистон элчиси Ўзбекистон билан муносабатларга доир нозик нуқта ҳақида гапирди