10:59 / 22.12.2021
2 500

Тошкентда мудҳиш жиноятга қўл урган хавфли рецидевистлар умрбод қамалди

Тошкентда мудҳиш жиноятга қўл урган хавфли рецидевистлар умрбод қамалди
Видеодан лавҳа
Шу йилнинг 27 февраль соат 03:51 да Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган «Шовотландия» кафесида ёнғин содир бўлиб, 5 киши ҳалок бўлганди.

Ёнғин оқибатида 1999 йилда туғилган М.Б. (аёл), 1998 йилда туғилган Ж.Ж. (эркак), 1998 йилда туғилган Х.Х. (эркак), 1996 йилда туғилган Ш.А. (аёл) ва 1961 йилда туғилган Б.А. (аёл) воқеа жойида қурбон бўлишганди.

Тезкор тергов ҳаракатлари натижасида ёнғин қасддан содир этилгани, кафени қасддан ёқиб юборган шахс бино деворларига ўзи билан олиб келган идишдаги суюқликни сепиб, сўнг яна бир идишдаги суюқликни бино ичкарисига отиб, ёнғин содир бўлганидан сўнг воқеа жойидан яширингани аниқланган. Ҳодисадан бир кун ўтар-ўтмас, гумонланувчи шахс қўлга олинган.

Куни кеча ушбу ҳолат юзасидан суд мажлиси бўлиб ўтди. «Замон» информацион дастури суд жараёнидан махсус репортаж тайёрлади.

Қайд этилишича, «авторитет» деган ном чиқарган 36 ёшли судланувчи муқаддам содир этган жиноятлари учун жазо ўтаётганда 26 ёшли судланувчи билан танишиб қолган. 26 ёшли судланувчи қамоқда унга «босс» деб бўйсунган.

26 ёшли судланувчи қамоқдан чиққач, 36 ёшли раҳнамоси уни ўзи ишлаб келаётган Зангиота тумани «Эшонгузар» қўрғонидаги чойхонага ишга олади. Ёш йигитни тобе қилиб олгач, унга турли жиноий топшириқларини бажартириб келган.

Кунларнинг бирида «Шовотландия» кафеси эгаси 36 ёшли судланувчидан ёрдам сўраб, бир шахс унинг қариндошидан пулини бўлиб-бўлиб бериш шарти билан 5 дона «Iphone 11 Pro» русумли телефонни олиб, муайян миқдордаги пулларни тўлагани ва қолган 4000 долларни бермай юрганини айтади. Жиноятчи ўз хизмати эвазига кафе эгасидан 1500 долларлик «Iphone» олиб беришини талаб қилади.

Кафе эгаси «авторитет»нинг таклифини рад этгач, улар орасида келишмовчилик юзага келади. «Авторитет» кўча оламида ўз обрўси тўкилганини, бунга муносиб тарзда жавоб қайтармаса келгусида уни ҳеч ким менсимай қўяди деб ҳисоблаб кўрсатмаларига сўзсиз итоат этадиган шеригига қалтис жиноят режасини юклайди. «Шовотландия» эгаси офисида тунаб қолган вақтда кафега ўт қўйишни буюради.

Суд маълумотларига кўра, ёнғин оқибатида «Шовотландия» кафесининг 644 млн 799 минг 538 сўмлик биноси ҳамда ундаги 420,4 млн сўмлик ошхона жиҳозлари тўлиқ ёнган.

Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосаларига кўра, бино ичида ухлаб ётган 60 ёшли аёл, 23 ёшли икки нафар йигит, 22 ва 25 ёшли икки нафар қиз ис газидан заҳарланиб, тананинг 100 фоиз 3−4 даражали термик куйиши оқибатида вафот этган.

21 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди раиси Зафар Бобонов томонидан суд ҳукми ўқилди.

Суд қарори билан ёнғинга сабабчи сифатида гумон қилинган 36 ёшли фуқаро Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг «а, в, д, ж, п» бандлари (қасддан одам ўлдириш), 165-моддасининг 1-қисми (товламачилик), 173-моддаси 2-қисмининг «б, в» бандларида (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. Унга ЖКнинг 59-моддаси 4-қисми тартибида тайинланган енгилроқ жазоларни умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, 26 ёшли судланувчи Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг «а, в, д, ж, п» бандлари (Қасддан одам ўлдириш), 173-моддаси 2-қисмининг «б, в» бандларида (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. Жиноят кодекси 59-моддасининг 4-қисми тартибида тайинланган енгилроқ жазоларни умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, унга ЖИБ Яккасарой туман судининг 2014 йил 11 июлдаги ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталмаган муддати қўшилиб, енгилроқ жазони умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда мудҳиш жиноятга қўл урган хавфли рецидевистлар умрбод қамалди