18:33 / 20.01.2022
1 157

Президент «Заковат» ўйинига оид қарорга имзо чекди

Президент «Заковат» ўйинига оид қарорга имзо чекди
Фото: Президент матбуот хизмати.
Президент Шавкат Мирзиёев бугун «Заковат» интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу ҳақда президент матбуот котиб хабар берди.

2021 йил октябрь ойида давлатимиз раҳбари Бухоро вилояти Ромитан туманида «Заковат» интеллектуал ўйинининг финал босқичига ташриф буюриб, баҳсни кузатган, тадбир сўнгида нутқ сўзлаб, билимдон ёшларга шароит яратиш учун кўплаб ташаббусларни билдирган эди.

Ушбу ташаббуслар ижросини таъминлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар Президент қарорида белгилаб берилди. Жумладан:

— Ёшлар ишлари агентлиги зиммасига «Заковат» интеллектуал ўйини ва бошқа интеллектуал ўйинларни тизимли равишда ривожлантиришга доир вазифалар юкланди;

— 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб интеллектуал ўйинларнинг республика босқичида ғолиб бўлган ўқувчи ёшлар ва талабалар учун йил давомида ҳар ойда бериладиган «Заковат» стипендияси жорий этилади;

— 2022 йилдан бошлаб, босқичма-босқич умумий ўрта, Президент, ўрта махсус ва профессионал ҳамда олий таълим муассасаларида «Заковат» интеллектуал клублари фаолияти йўлга қўйилади ҳамда ҳудудлардаги Ёшлар марказларида интеллектуал ўйинлар жамоалари учун алоҳида хоналар ташкил этилади;

— 2022 йилдан бошлаб ҳар йили талабалар ўртасида Интеллектуал олимпиада ташкил қилинади. Унда умумжамоа ҳисобида дастлабки учта ўринни қўлга киритган олий таълим муассасасига Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси топширилади;

— интеллектуал ўйинларнинг республика босқичида ғолиб ва совриндор бўлган умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда ОТМ талабалари таълимнинг кейинги босқичига базавий тўлов-контракт асосида имтиҳон синовларисиз қабул қилинади;

— таълим муассасаларида ташкил этилган «Заковат» интеллектуал клубларининг координатори бўлган профессор-ўқитувчиларга меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 50 фоизи миқдорида бир марталик устама тўлаб берилади;

— 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили апрель ойида «Интеллектуал ҳафталик» тадбири ўтказиб борилади;

— ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларга мотивация бериш мақсадида машҳур олимлар, жумладан, Нобель мукофоти соҳиблари билан учрашувлар ташкил этиб борилади;

— «Заковат» ва бошқа интеллектуал ўйинларининг ҳудудий ва республика босқичи ғолибларини ўз мутахассислиги бўйича кадрлар захирасига олиш ҳамда раҳбарлик лавозимларига тайинлаш амалиёти йўлга қўйилади;

— Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Ёшлар оромгоҳи»да мавсумий ишлайдиган «Интеллектуал мактаб» лойиҳаси йўлга қўйилади;

— «Янги Ўзбекистон боғи»га туташ ҳудудда «Заковат интеллектуал ўйинлари клуби» учун алоҳида бино ҳамда «Интеллектуал ўйинлар шаҳарчаси» барпо этилади. Мазкур бинолар Ёшлар ишлари агентлигининг балансида бўлади;

— интеллектуал турнирлар ташкил қилиш, билимдон ёшларни рағбатлантириш, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган компьютер ва мобиль ўйинларни яратган дастурчиларга грант ва субсидиялар ажратиш мақсадида 2022 йилда 50 млрд сўм миқдорида, кейинги йилларда асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ давлат бюджетидан маблағ ажратилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президент «Заковат» ўйинига оид қарорга имзо чекди