13:45 / 03.02.2022
1 179

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлашнинг янги тизими

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлашнинг янги тизими
Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятини замонавий тенденциялар асосида ташкил этиш ҳамда мазкур йўналишда илғор ёндашувларни ўрганиш ва ўзаро тажриба алмашинувини кенгайтиришни тақозо этмоқда. Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ушбу соҳалар самарадорлигини ошириш юзасидан бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 февралдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–4166-сон қарори шулар жумласидандир.

Мазкур қарор билан Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали ташкил этилган бўлиб, унга кўра Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Миллий гвардияси ва Ички ишлар вазирлигининг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида юридик кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Филиалда “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш” соҳа мутахассислиги бўйича юридик кадрлар давлат грантлари асосида махсус уч йиллик бакалавриат дастурига мувофиқ тайёрланади. Қабул квотаси эса йилига 255 кишини ташкил этади.

Бакалавриатни тамомлаган битирувчига “Юриспруденция (Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш) таълим йўналиши бўйича белгиланган намунадаги диплом ҳамда “лейтенант” махсус унвони берилиб, Ички ишлар вазирлиги ёки Миллий гвардия тизимида камида беш йил узлуксиз ишлаб бериш мажбурияти юкланади.

Бундан ташқари, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш” соҳа мутахассислиги бўйича олти ойлик махсус дастур асосида 50 нафар олий ноюридик маълумотга эга бўлган кадрлар қайта тайёрланади.

Ҳозирги кунда Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалида бир қанча илмий салоҳиятга эга бўлган ва амалиётчи профессор-ўқитувчилари таркиби фаолият юритиб келмоқда.

Мазкур таълим муассасаси талабалар назарий билимларини ҳуқуқни қўллаш фаолияти билан узвий боғлиқлигини таъминлашга қаратилган замонавий шакл ва усуллар, шунингдек, ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда ўқув жараёнини таълим беришнинг модул тизими асосида олиб боради.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий Аттестация Комиссиясининг 2020 йил 28 августдаги қарорига биноан Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали ҳузурида юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи илмий кенгаш тузилди. Илмий Кенгаш 12.00.14 – “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш. Пробация фаолияти” ихтисослиги бўйича диссертациялар ҳимоясини ўтказади.

Бу эса, айнан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва пробация фаолияти соҳалари бўйича олиб бориладиган илмий тадқиқотлар шу соҳаларнинг ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ушбу таълим муассасини ташкил этилиши ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлашнинг янги босқичга қадами эканлигини билдиради. Бу орқали эса, мазкур таълим муассасаси битирувчилари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимига ўз хиссаларини қўшадилар!

Тошкент давлат юридик университетининг
Ихтисослаштирилган филиали
Хусусий-ҳуқуқий фанлар кафедраси доценти в.б.,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)
Дилфуза Абдуллаева

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлашнинг янги тизими