11:20 / 09.02.2022
663

«Афғонистон халқи учун муносиб яшаш шарт-шароитлари яратилишини талаб қилишимиз зарур» — Абдулазиз Комилов

«Афғонистон халқи учун муносиб яшаш шарт-шароитлари яратилишини талаб қилишимиз зарур» — Абдулазиз Комилов
Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Латвия ташқи ишлар вазири Эдгарс Ринкевичс билан учрашуви якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида журналистлар саволларига берган жавоб берди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Матбуот анжумани давомида Абдулазиз Комилов Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, бу давлатга гуманитар, ижтимоий-иқтисодий ёрдам кўрсатиш борасида Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги муносабатларнинг истиқболлари ҳақида тўхталиб ўтган.

- "Бугун минтақадаги мавжуд воқеликни ҳисобга олган ҳолда ҳамма Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилмоқда.

Дарҳақиқат, биз Латвия ташқи ишлар вазири билан Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашдик. Албатта, Латвия НАТО ва Европа Иттифоқи доирасида Афғонистон билан боғлиқ муайян мажбуриятларга эга. Бироқ ўтган йиллар шуни кўрсатдики, ҳатто ушбу мажбуриятлар доирасида ҳам Латвия ҳар доим оқилона, амалий, пухта ўйланган, турли мафкуралардан холи ёндашувни намоён этиб келмоқда. Шу боис латвиялик дўстларимиз билан бу масалада мулоқот қилиш биз учун доим ёқимли ва фойдали бўлиб келган. Бўлиб ўтган музокаралар чоғида ҳам биз Латвия делегациясига Афғонистон масаласида Ўзбекистон позицияси ва ёндашувлари ҳақида маълумот бердик.

Бугун Афғонистонда мутлақо янги воқелик шакллангани ҳақиқат. Албатта, ушбу давлат муваққат ҳукуматини тан олиш ёки тан олмаслик борасида турлича ёндашувлар мавжуд. Ҳукуматни тан олиш масаласи – икки томонлама ҳаракатлар эвазигагина амалга ошиши мумкин. Яъни олдинга силжиш керак: муваққат ҳукумат ўз ваъдаларини бажариши шарт (ва улар жуда кўп). Булар халқаро ҳамжамият қўяётган деярли ўша шарт ва талаблардир.

Бошқа томондан эса халқаро ҳамжамият Афғонистонда амалга оширилаётган ҳар қандай ижобий қадам ва ўзгаришларни рағбатлантириши керак. Бу ҳукумат билан ишлаш, мулоқот қилиш, таъсир ўтказиш, халқаро ҳамжамиятнинг ёндашувлари ва шартлари ҳақида маълумот бериш керак. Шу тариқа қарашларни яқинлаштириш, ўзгаришларни яхши томонга буриш мумкин.

Ўзбекистон энг оғир даврларда ҳам Афғонистон вакиллари билан алоқаларни тўхтатмади. Бугун эса савдо-иқтисодий ҳамкорликни давом эттирмоқдамиз. Гап энергетика ва транспорт коммуникациялари соҳасида ҳам жиддий лойиҳаларни амалга ошириш ҳақида бормоқда.

Ташқи ишлар вазири тимсолида Латвия томони ҳам, Европа Иттифоқи раҳбарияти, жумладан, Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррел ҳам якдил фикр билдирмоқда, яъни бугунги кундаги асосий вазифа — Афғонистонда гуманитар ҳалокатнинг олдини олишдир. Вазиятнинг кескинлашиши жамиятда радикаллашув, турли гуруҳлар ўртасида тўқнашувлар, эктремизм кучларининг кучайишига олиб келиши мумкин.

Ўзбекистон ва Латвиянинг Афғонистон масаласидаги умумий манфаатлари халқаро ҳамжамият манфаатлари билан ҳамоҳангдир. Бу эса айни пайтда қанчалик ғайритабиий туюлмасин, Афғонистон муваққат ҳукумати позициясига ҳам мос келади. Ушбу ҳукумат мамлакатни террорчилардан тозалаш учун кўплаб чораларни амалга оширмоқда. Улар минтақавий ва халқаро иқтисодий ҳамжамиятга интеграциялашиш истагини билдирмоқдалар. Биз ушбу саъй-ҳаракатларни рағбатлантиришимиз ва қўллаб-қувватлашимиз лозим. Шу билан бирга, ўз шартларимизга амал қилиниши, зўравонликка йўл қўймаслик, терроризмнинг бартараф этилиши, Афғонистон халқи учун муносиб яшаш шарт-шароитлари яратилишини талаб қилишимиз зарур.

Гуманитар фалокатнинг олдини олиш борасидаги ишларнинг муҳим жиҳатларидан бири Ўзбекистон томонидан ташкилий-техник ёрдам кўрсатилаётганидир. Ўзбекистон раҳбарияти ташаббуси билан чегара ҳудуди инфратузилма имкониятларидан фойдаланган ҳолда Афғонистонга инсонпарварлик юкларини ташкиллаштирилган равишда етказиб бериш учун Термиз шаҳрида кўп функцияли халқаро транспорт хаби аллақачон ташкил этилди. Ушбу марказни таъсис этиш ташаббусимизни қўллаб-қувватлагани учун Латвия томонига миннатдорлик билдирамиз.

Афғонистон бўйича етарли тажрибага эга бўлган Латвия саъй-ҳаракатларимизни мувофиқлаштириш мақсадида Афғонистон масаласи бўйича Ўзбекистон билан мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказиш истагини билдирди. Чунки Афғонистон билан боғлиқ кўплаб масалаларда ёндашувларимиз муштаракдир", - деди Абдулазиз Комилов.

Эслатиб ўтамиз, Абдулазиз Комилов 8 сентябрь куни Афғонистон масаласи бўйича 20 дан ортиқ ТИВ раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда ҳам Афғонистон учун можаролардан кейинги стратегияни ишлаб чиқиш, жумладан, унинг иқтисодиётини тиклаш, мамлакатни минтақавий интеграцион жараёнларга жалб қилиш, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш зарурлигига эътибор қаратганди. «Толибон» расмийси 7 октябрь куни Кобулда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан ўтказилган музокаралар давомида Ўзбекистон хавфсизлигига Афғонистон ҳеч қандай таҳдид бўлмаслигини айтганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Афғонистон халқи учун муносиб яшаш шарт-шароитлари яратилишини талаб қилишимиз зарур» — Абдулазиз Комилов