date
views 1 308

Навоийда ноқонуний уй-жой қуриш билан шуғулланган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди

Навоийда ноқонуний уй-жой қуриш билан шуғулланган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди
Кадр: YouTube
Навоий вилоятида жиноий гуруҳ аъзолари ҳоким қарорини асос қилиб олиб, унинг мазмунини ўзларининг фойдасига бузган ҳолда давлат захирасидаги ер участкаларида 13 та уй-жой қуришга муваффақ бўлган. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» дастурида маълум қилинди.

Маълум қилинишича, ноқонуний қурилган уйлар оддий фуқароларга сотиб юборилган. Қурилиш ноқонунийлиги аниқлангач ва тергов бошлангач, ушбу шахслар блогер ва журналистларга ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан таъқиб қилинаётганини айтиб, мурожаатлар йўллаган.

Гуруҳ аъзолари уйларни ноқонуний қуриб, 13 нафар фуқаро ерни олиши учун сохта ҳужжатларни расмийлаштирган. Шундан сўнг улар ҳокимнинг 2007 йилда ер майдони ажратиш тўғрисидаги қарорининг архив нусхасини олиб, кадастр ҳужжатларини олиш учун давлат хизматлари марказига мурожаат қилган.

Прокуратура ходимлари текширув давомида «Google харита» тизими орқали олдинлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилган ҳудудда сўнгги икки йил давомида сохта ҳужжатлар асосида ноқонуний қурилиш ишлари олиб борилганини аниқлаган.

«2020 йилнинг май—июнь ойларида қурилиши ҳали якунланмаган ушбу уйлар учун кадастр ҳужжатларини қилдим. Мен уларни фойдаланишга топширилган уйлар сифатида расмийлаштирдим. Аслида эса бу каби кадастр ҳужжатларини тузишдан олдин объект ва унинг ҳудуди яхшилаб ўрганилиши керак эди», — дейди кадастр ходими.

«Кармана тумани ҳудудининг бир қисми Навоий шаҳри таркибига ўтгач, давлат захирасида қолган маълум участкалар қолди. Биз ушбу участкалардан уйларни қуришда фойдаланишга қарор қилдик. Уйларни расмийлаштириш учун эса танишларимизнинг паспортлари нусхасидан фойдаландик. Улар бундан бехабар эди. Ҳар бири 6 сотихдан бўлган жами 13 та уйни қурдик», — дейди жиноий гуруҳ аъзоларидан бири.

Терговлар бошлангунча, ушбу блогер ва ОАВни жалб этган ҳолда мавзу атрофида шов-шув кўтаришга уринган.

«Харидорларни сўроққа чақириш бошлангач, биз ўз фаолиятимизни яшириш мақсадида журналист ва блогерларга мурожаат қилишга қарор қилдик. Биз ёрдам беради деган умидда ёлғон маълумотларни бердик», — дейди гуруҳ аъзоларидан яна бири.

Таъкидланишича, ҳозирда мазкур ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Навоийда ноқонуний уй-жой қуриш билан шуғулланган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди