Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту саломлар бўлсин.
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда хориждан келтириладиган от ҳайвони ичакларининг барчаси “ҳаром” экани ҳақида хабар тарқалди. Мана шундай гап-сўзлар кўпчилик юртдошларимизни қаттиқ ташвишга солди. Ушбу масалага аниқлик киритиш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида кўп йиллардан буён қази маҳсулотларини тайёрлаш билан шуғулланадиган, катта тажрибага эга бўлган соҳа мутахассислари билан учрашув ўтказилди.
Мулоқот давомида ҳар йили юртимизга хориждан бир неча тонна атрофида қази тайёрлаш учун ишлатиладиган ичаклар олиб келиниши ва улар асосан Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон, Монголия, Испания, Польша каби мамлакатлардан экани аниқланди. Охирги йилларда мазкур юртлардан пандемия сабабли ичаклар деярли импорт қилинмаган экан. Монголия ва Польша давлатларидан олиб келинадиган ичаклар “ҳалол” ёки “ҳаром” экани ҳозирча аниқ тасдиғини топмади. Аммо Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон ва Испания давлатларидан олиб келинадиган ичакларни ҳалол экани таъкидланди.
Шунингдек, юртимизда отлар ҳалол йўл билан сўйилгани учун унинг ичакларидан тайёрланадиган қази маҳсулотлари ёки турли таомлар ёхуд қазининг ичаги қайнатилган сувларнинг барчаси ҳалол-покдир.
Шундай экан, кўпчилик истеъмол қиладиган маҳсулотни чуқур ўрганмасдан, унинг ҳаммасини ҳаромга чиқариш асло тўғри бўлмайди. Бундай фатво беришга фақатгина юртнинг Муфтийсидан бошқа ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Чунки нотўғри берилган фатво оқибатида жуда кўплаб тушунмовчилик ва одамларнинг тинчини бузиш ҳамда турли кўнгилсиз ишларга сабаб бўлинади.
Таъкидлаш жоизки, ҳадиси шарифларда фатво бериш вазифаси ўта масъулияти ва катта жавобгарлик мавжудлиги ҳақида кўп ваъидлар келган. Яъни, воқеликни тўлиқ ўрганмай, етарли билим ва тажриба орттирмай туриб, қўрқмасдан фатво беришдан қайтарилган.
Демак, кўп изланмай ва мулоҳазасиз қилинган чиқишлар жамиятда турли тушунмовчиликларни келтириб чиқаради. Шундай экан, долзарб масалада етарли илмга эга бўлмай, уни чуқур таҳлил этмай, соҳа мутахассисларининг фикрларига қулоқ тутмай ва ҳақиқий ҳолатни инобатга олмай айтилган ҳар қандай гап, ҳатто уни аҳли илм айтган бўлса ҳам, фатво ҳисобланмайди ҳамда шаръий кучга эга бўлмайди.
Мазкур мулоқотда соҳа мутахассисларига диёримизга олиб келинадиган ичаклар динимиз талаби асосида сўйилган от ҳайвонига тегишли эканига эътибор қаратиш ва барча зарур чора-тарбирларини кўриш тушунтирилди.
Ўз навбатида таъкидлаймизки, диний масалаларни баён этишда ваколати ва салоҳияти бўлмаган, турли шахсларнинг фикр билдиришлари шаръан жоиз эмас. Юқорида баён этилганидек, Фатво мақомидаги масалаларда ўлкамизда фақатгина Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ва у киши раҳбарлигидаги Уламолар Кенгаши ёки Фатво ҳайъати қарор чиқаришга ҳақлидир.
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда бардавом қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Қозоғистонда яна 1 млрд доллар ноқонуний активлар давлатга қайтарилди