17:57 / 10.03.2022
1 761

Қашқадарё ТВ директори цензурага йўл қўйгани айтилмоқда

Қашқадарё ТВ директори цензурага йўл қўйгани айтилмоқда
Инобат Абдуллаева съёмка жараёнида.
Фото: «Дарё»

Қашқадарё вилоят телевидениеси журналисти Инобат Абдуллаева телеканал директори Жаҳонгир Тўйчиев цензурага йўл қўйганини айтмоқда. Бу ҳақда «Дарё»га хабар берган журналистнинг билдиришича, унинг кўрсатуви асоссиз тарзда эфирга берилмаган.

«Айтилган жойга бориб, ҳолатни ўргандим. Ва журналист сифатида ахборот олдим. Олган ахборотларимиз ва тасвирларимиз йилига минглаб дам олувчилар ҳордиқ чиқариб, даволаниши мумкин бўлган Қашқадарё соҳили санаторийсининг аянчли аҳволидан дарак берарди. Шу боис, дам олувчилар айтган муаммоли ҳолатларни ҳам тасвирга олиб, борини борича ўрганиб қайтдик. Кўрсатувни монтаж қилиб, эфирга тайёр ҳолатга келтирдик ва масъулларга бердик. Аммо кўрсатув эфирга кетмади. Сабабини сўрасам, бош муҳаррир директор рухсат бермаганини айтди. Директорнинг ўзи Жаҳонгир ака билан гаплашганимда эса, у ‘мен сизни танқидий кўрсатув учун эмас, мақташ учун юборгандим’, деди. Шундан сўнг бу ҳақда Facebook’даги саҳифамда ёздим», — дейди журналист Инобат Абдуллаева.

Журналистнинг айтишича, у Facebook орқали жамоатчиликка олиб чиққан видео монтаж жараёнида телефонига ёзиб олинган видео бўлиб, кўрсатувнинг сифатли варианти ТВда сақланмоқда.

«Мен журналистман. Кимнингдир пиарчиси эмас. Шундай экан, ахборот олишга борганимда, ҳолат қандай бўлса, шу ҳолатда олиб чиқаман. Оқни оқ, қорани қора дейишга ўрганганман», — дейди ТВ журналисти.

Вилоят телевидениеси мухбири Инобат Абдуллаева Қашқадарё соҳили санаторийсининг ачинарли аҳволи ва дам олувчиларнинг норозилиги тасвирга олинган видео ТВ директорининг таниш-билишчилик қилаётгани боис, эфирга берилмай қолганини қўшимча қилмоқда.

Инобат Абдуллаевага кўра, шунингдек вилоят ТВда қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик авжига чиққан.

«Вилоят телевидениесида ҳамманинг ўз гуруҳи, содда қилиб айтадиган бўлсак ўз ‘мафия’си бор. Директор, директор ўринбосарининг, бош муҳаррир-ю, бош ҳисобчининг ўз одамлари бор. Сиз шу гуруҳларнинг бирида бўлмасангиз, сизга на ‘съёмка’ беришади ва на тайинли гонорар», — дейди журналист.

Инобат Абдуллаева вилоят ТВда эфирга чиқиш фақат шартнома эвазига бўлиб қолганини, мухбир ва операторлар ‘съёмка’ қилиб келган жойдан шартнома пули олинмаса, кўрсатув эфирга берилмаслигини айтмоқда.

«Мухбирларга гонорар ёзилишида ҳам таниш-билишчилик биринчи ўринда туради. Масалан менинг бир соатлик кўрсатувимга 400 минг сўм гонорар ёзилган пайтда, яна бир ҳамкасбимга у катталар гуруҳида бўлгани учунми 14 дақиқалик кўрсатувига 400 минг сўм гонорар берилган эди. Шу боис, гонорарлар ҳисоб-китоби шаффоф бўлишини сўраб, мурожаат қилдим. Аммо менинг мурожаатимга фақат ўзингнинг гонорарларингни кўрсатамиз, қолганларники сир дея очиқлашмади. Хуллас, бу борада ҳам катта ўйин, жиноят бор. Ва буни, албатта, текшириш керак», — дейди ТВ мухбири.

Инобат Абдуллаева вилоят телевидениесига чиқаётган барча кўрсатувлар шартнома эвазига чиқаётганини, пули тўланмаган лавҳалар эфирга берилмаслигини айтмоқда.

«Дардимиз фақат шартнома қилиш ва пул топиш бўлиб қолган. Қаердандир ахборот қилиб келсангиз, пули берилмаган бўлса, лавҳа эфирга кетмайди. Мен эса бунга ўрганмаганман. Лавҳа тайёрлаб келган жойимдан шартнома қилайлик, пул беринг деб сўролмайман. Шу сабаб лавҳаларим қолиб кетаверади. Танқидий чиқишларимиз ҳам, кимнингдир таниши, акаси ёки укаси ё қалин дўсти бўлгани боис, эфирга чиқмай қолиб кетаверади», — дейди Инобат Абдуллаева.

Инобат Абдуллаева ТВдан ноҳақ бўшатилган журналист Замира Бобоназарова кейинчалик суд орқали ўз ҳақ-ҳуқуқларини тиклаганини, шундан сўнг журналистни ноҳақ ишдан бўшатган ТВ директори Жаҳонгир Тўйчиев мажбурий тартибда иш қолдирилгани ва маоши учун журналистга 21 миллион сўм иш ҳақини қоплаб берганини, шунинг эвазига ТВ ходимлари ўша пайтда ўз вақтида гонорарларини ҳам ололмаганини билдирмоқда.

«Хато қилиб, ўзининг хатоси сабаб вилоят ТВга 21 миллион сўм зарар келтирган директор нега ҳамон ишда? Унинг бу қилмишларини тартибга соладиган масъул йўқми?», — дейди журналист.

«Дарё» мухбири билан телефон орқали мулоқот қилган вилоят ТВ директори Жаҳонгир Тўйчиев қўнғироқ қилинган пайтда вақти зиқлигини айтиб, кейинроқ ўзи қўнғироқ қилишини, вазиятни изоҳлашини маълум қилган. Аммо кутилган вақтда у алоқага чиқмаган. «Дарё» мухбирининг такрорий сўровлари ҳам жавобсиз қолдирилган.

Қашқадарё ТВ, Таниш-билишчилик, Инобат Абдуллаева, Қашқадарё соҳили санаторийси, Цензура

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қашқадарё ТВ директори цензурага йўл қўйгани айтилмоқда