date
views 1 411

Ўзбекистон фуқароларини Украинадан эвакуация қилиш жараёни ниҳоясига етди

Ўзбекистон фуқароларини Украинадан эвакуация қилиш жараёни ниҳоясига етди
Баҳром Бобоев / Фото: Дунё
Польшадан эвакуация қилиш қандай кечгани, бундан чиқарилган сабоқлар ҳамда ўзбек дипломатларининг ушбу жараёндаги кундалик ишлари ҳақида Ўзбекистоннинг Польшадаги элчиси Баҳром Бобоев “Дунё”га сўзлаб берди.

Бу жуда мураккаб ва хавотирли давр бўлди, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси учун масъулият Украина ва Польшадаги дипломатия ваколатхоналаримиз зиммасига юклатилди.

Львов шаҳрида тўпланган Ўзбекистоннинг дастлабки ўттиз нафар фуқароси 27 февраль куни эрталаб "Краковец-Карчова" назорат-ўтказиш пункти орқали Украина-Польша чегарасини кесиб ўтди. Куннинг ўрталарига келиб оқим кўпая бошлади ва кечга борибоқ Польша ҳудудидаги назорат-ўтказиш пунктининг жамлоғида 400 нафарга яқин одам тўпланди.

Чегарада асосан Украина фуқароларидан иборат кўп минг кишилик қочқинлар сафи юзага келди, Польша ҳудудига ўтиб олишлари учун салкам 20 соатгача кутишга тўғри келди. Мамлакатимиз фуқаролари орасида болали аёллар, талабалар, Украинада вақтинча ўқиган ёки ишлаган компаниялар ходимлари бор эди
”, дейди элчи.

Қайд этилишича, шу кундан эътиборан чегарани кесиб ўтиш, Ўзбекистон фуқароларининг жамланиш пунктида жойлаштириш ва уларни Катовице шаҳри аэропортига элтиш масалалари элчихонанинг қаттиқ назорати остига олинган. Чегарада консуллик ходимлари, Варшавадаги элчихонада тузилган штаб 18 кун давомида ишлаган.

Польшадан ҳаммаси бўлиб 25 ҳаво қатнови воситасида 5786 нафар фуқаро Ўзбекистонга элтиб қўйилган.

Дастлаб Ўзбекистонга учишни хоҳловчилар сони 1,5-2 минг нафардан ошмаслиги тахмин қилинган эди, бироқ Украинадаги тез ўзгарувчан вазият бу тахминларга мос келмади. Одамларнинг келиши оқими кун сайин ўсиб борди, 2-4 март кунлари эса уларнинг сони жуда кўпайди - ўша кунлари тўпланиш нуқтаси ва аэропортнинг ҳар бирида ватанга учишни истаётган 700-800 нафардан одам тўпланди.

Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилиш давомида турли сабабларга кўра ёнида зарур ҳужжатлари бўлмаган юртдошларимизга консуллик томонидан ватанимизга қайтишлари учун 322 та гувоҳнома берилди
”, деди Баҳром Бобоев.

Билдирилишича, Польша президенти ва ҳукумати, Ташқи ишлар вазирлиги, миграция хизматлари, қочқинларни эвакуация қилиш бўйича махсус комиссия, полиция, транспорт ходимлари, чегарачилар, Катовице шаҳри аэропорти ходимлари, шифокорлар, кўнгиллилар ўзбекистонликларнинг ватанга қайтишига жуда катта ёрдам кўрсатган.

Элчихона илтимосига кўра, Польша Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатда 15 кун давомида қолиш ҳуқуқи билан Ўзбекистон фуқароларига давлат чегарасини кесиб ўтишда визасиз режимга рухсат берган (Европа иттифоқи чегараси). Бундан ташқари, коронавирусга қарши кураш доирасида қабул қилинган ПЦР-тест натижаларини талаб қилиш шарти бекор қилинган.

Биз учун ушбу қийин даврда энг юксак инсоний фазилатларни намоён этган Польша ҳукумати ва мамлакат фуқароларига чин кўнгилдан миннатдорлик билдираман”, деди элчи.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон фуқароларини Украинадан эвакуация қилиш жараёни ниҳоясига етди