00:12 / 05.04.2022
1 925

Ўзбекистонга кўчиб ўтган беларуслик IТ мутахассислар таассуроти

Ўзбекистонга кўчиб ўтган беларуслик IТ мутахассислар таассуроти
Украинада уруш бошланганидан сўнг бир неча Беларуснинг IТ компаниялари ва IТ мутахассислари Тошкентга кўчиб ўтишга қарор қилишди. Маҳаллий IT-парк янги меҳмонлар ташрифидан мамнун ва уларга янги шароитларни яратиб беришни ваъда қилмоқда. Аммо Ўзбекистон пойтахтида яшаш қандай бўляпти? Яқинда «dev.by» сайти бу ерга кўчиб келган IТ мутахассислар билан гаплашди.

Нима учун Ўзбекистон?
Суҳбатда қатнашганлар турлича жавоб беришди: кимдир Грузияга кўчиб кетишни истаган, аммо Тошкентда офиси бўлган; кимдир учун Ўзбекистонда яшаш арзонроқ бўлса; яна бошқаси Самарқанд ва Бухорони анчадан бери кўришни истаган.

Мобил дастурчи Иваннинг айтишича, у Ўзбекистонга 1 март куни оиласи билан кўчиб келган, аммо кўп муддат яшашга улгурмасданоқ ҳозирда Туркияга кўчиб кетишни режалаштирмоқда. У бу ерда яшаш ўта қимматлигини айтади. Software девелопер Николай ҳам Ўзбекистонни «бошқа давлатларга кетишда таянч пункти» деб тан олмоқда.

Кўпчилик учун шароитлар жозибадор бўлиб кўринган. Ўзбекистонда якка тартибдаги тадбиркорлик очиш, ўзини ўзи банд қилувчи мақомини олиш ёки маҳаллий IT-парк резиденти бўлиш ва 7,5 фоизлик даромад солиғини тўлаш мумкин.

«Нафақат ўзингизни, балки қўл телефонингизни ҳам рўйхатдан ўтказишингиз керак»
Хорижлик фуқаро мамлакатга учиб келиши билан унда рўйхатдан ўтиш учун 3 кун вақти бор. IТ мутахассис Сергей ҳаммасини қайта текшириб чиқишни тавсия қилади. Унинг айтишича, аёли меҳмонхонада вақтинча туриши учун уни рўйхатга олишмаган ва муаммолар юзага келган.

Тошкентда банк картаси очтириш: 10 дақиқа ва 10 долларга
Дастурчилар айтганидек, Ўзбекистонда карта операциялари ва мобил алоқа учун тўлов қилиш ҳамма жойда ҳам мавжуд эмас – бутун республикада нақд пул ва маҳаллий ўзбек сўми ишлатилади. 1 доллар – тахминан, 11500 сўм.

Банк картасини қилдириш муаммо эмас: Антон 10 дақиқада ва 10 долларга MasterCard картасини, 10 долларга 3 дақиқада маҳаллий Uzcard картасини очтирган. Баъзилар эса ҳозирча ҳисоб рақам очтиришмаган.

Турар жой кутилганидан ҳам қиммат
Суҳбатда иштирок этганларнинг айтишларича, Тошкентга кириб келаётган мигрантлар оқими боис ижара нархлари кўтарилган.

- Уй-жой қиммат. Меҳмонхоналар кечаси 40 доллардан (шуни ҳам излаш керак). Ижарага бериладиган уйлар арзон эмас. Қисқа муддатли таклифлар кам. Турар жойларни агентсиз топиш жуда қийин, улар эса биринчи ой тўловидан +30-50 фоиз миқдорда комиссия ҳам олишни исташади. Суваракларсиз 2-3 хонали метрога яқин яхши уйлар 600 доллардан бошланади. Бундан ташқари, коммунал тўловлар, агент учун комиссия тўлови ва бошқалар. Ўзим марказдан 800 долларга ижарага уй олдим, аммо уйни унчалик қониқарли деб бўлмайди. Бироқ шуни топганимдан ҳам хурсандман, бола билан меҳмонхонада қолишдан чарчаган эдик, – дейди Иван.

Python девелопер Дмитрийнинг айтишича, «сўнгги пайтларда полиция узоқ муддатга рўйхатдан ўтган чет элликларни кўпроқ текширишмоқда». Аммо сўроқлар қўрқинчли эмас, улар шаҳарда ким яшаётганлигини билиш учун текширишаётганини айтишади.

Интернет: тезлик кечаси соат 9 дан кейин пасайиб кетади, ижтимоий тармоқлар эса блокланган
Иваннинг айтишича, 100 мегабит тезликдаги интернет учун у 180 минг сўм (ёки ойига 15 доллар) тўлайди. Аммо «кечки соат 9 дан кейин тезлик 25 мегабитгача тушиб кетади». Дмитрий ҳам худди шуни таъкидлайди – кечқурун юкланишлар сони юқори бўлган пайтда уй интернети анчайин сезиларли пасаяди.

- Интернет сифати жуда ёмон, баъзи ижтимоий тармоқлар блокланган. VPN орқали мижозлар ресурсларига кириш зарурати туғиладиган бўлса, муаммо пайдо бўлиши мумкин, бунга тайёр туришингиз керак. VPN тармоғи ўчиб қолаверади. Уланиш учун вақти-вақти билан Интернет роумингдан фойдаланиш керак, бошқа вариантлар йўқ, – дея қўшимча қилади суҳбат иштирокчиси.

Мамлакатда Skype, Twitter, TikTok ва «ВКонтакте» блокланган. Одамларнинг айтишича, Skype яқинда очилган ва бу «IТ мутахассисларнинг оммавий равишда кўчиб ўтиши билан боғлиқ».

Хорижликлар учун тиббий хизматлардан фойдаланиш пуллик, Тошкентда хусусий клиникалар кўп. Тез тиббий ёрдам бепул кўрсатилади – уни 103 рақами орқали чақириш мумкин.

«Маҳаллийлар пул билан келган чет элликлар ташрифидан жуда хурсанд»
Метрода юриш 1400 сўм, автобус чипталари эса 1700 сўм (15 сент). «Яндекс.Такси» ўртача 20-25 минг юради (1,7-2 доллар), машина эса бир неча дақиқа ичида келади.

- Маҳаллий аҳолининг айтишича, ўртача ойлик иш ҳақи Минскда урушгача бўлган вақтдагидек – 300-500 доллар. Дўкондаги нархлар, ўртача ҳисобда 1 литр сут учун 1 доллар, иккита сариёғ – 2 доллар, помидор – килоси 2 доллар. Маҳсулотларнинг кўпи бизларники ва Россияники. Аммо савдо марказларидаги кийим-кечаклар нархи (Ўзбекистон – пахта мамлакати бўлса ҳам) жуда қиммат. Аксарият аҳоли бозордан харид қилади, — дейди Иван.

Барча суҳбат иштирокчиларининг айтишларича, Тошкент аҳолиси жуда меҳмондўст ва самимий.

- Маҳаллий аҳоли пул билан келган чет элликлар ташрифидан жуда хурсанд. беларусларга бўлган муносабат жуда яхши, IT-паркдагилар бу ерга мослашиш учун ёрдам беришга уринишади, – дейди Антон.

Дастурчилар таъкидлашларича, сҳаҳарда яшаш шароити яхши эмас, йўллар катта, улардан ўтиш учун километрлаб юришга тўғри келади, «пиёдалар ҳеч ким».

- Мен Ўзбекистонни доимий яшаш жойи сифатида танламаган бўлардим, бироқ у албатта, ташриф буюришга арзийдиган мамлакат, — дейди Виталик.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонга кўчиб ўтган беларуслик IТ мутахассислар таассуроти