15:50 / 18.07.2022
3 369

Озодбек Назарбеков: Вазир бўлишдан кўра хонандалик яхшироқ экани ҳамда ҳозирги лавозимида қанча ойлик олиши ҳақида

Озодбек Назарбеков: Вазир бўлишдан кўра хонандалик яхшироқ экани ҳамда ҳозирги лавозимида қанча ойлик олиши ҳақида
Ўзбекистон халқ артисти, маданият вазири Озодбек Назарбеков «Chotki TV» YouTube каналига берган интервьюсида вазир бўлишдан кўра хонанда бўлиб ижод қилиш яхши эканини, қанча ойлик олишини, «Жалолиддин Мангуберди» сериалига кетган маблағлар, «Ёр-Ёр» кўрсатувига муносабати ва соғлиги билан боғлиқ муаммолар ҳақида гапирди.

Озодбек Назарбеков учун вазир бўлиш яхшими ёки хонанда?
«Албатта хонанда бўлиб эркин ижод қилишнинг қулайлиги юқори. Бугунги кунда, давлат идоралари халқ манфаатига хизмат қилаётган пайтда вазир бўлиш янада масъулиятли ҳисобланади. Ҳаловат жойида бўлмайди. Вақт, иш кўламининг кенглиги нуқтайи назаридан катта давлатнинг бутун бир маданият соҳасига жавобгарлик инсонни беҳаловат қилиши аниқ», — дейди маданият вазири.

Маданият вазири қанча ойлик олади?
«Ишни ёқади, ёқмайди деб қилиш нотўғри, мен буни ўзимга масъулият ва юклама деб қабул қилганман. Буни халқимиз ва президентимиз олдидаги менинг масъулиятим деб биламан. Ойлигим бугунги кунда, яқинда ошганини ҳисобласам тўлиқ ҳисобда 20 000 000 дан ошади, ҳозир эса қўлимга олаётганим 14-15 000 000 га боради», — дейди Ўзбекистон халқ артисти.

«Жалолиддин Мангуберди» сериалига кетган маблағлар ҳақида
«Жалолиддин Мангуберди» сериалига кетган маблағлар ўзини оқламади деган хулосага боришга ҳали вақтли. Сериалнинг биринчи фасли тугади, ҳозир эса иккинчи ва учинчи фасллари суратга олиниши кутилмоқда. Бу йил иккита фаслини ҳам суратга оламиз, сериалнинг биринчи фаслида қаҳрамонларнинг феъл-атвори билан таништирилди, шу билан сериал якунланди. Шунинг учун ҳам ҳали хулоса қилишга эрта деб ўйлайман. Ижод маҳсули шунақа, керак бўлса баъзи ишларни декорацияни бузиб қилишга тўғри келади.

Биринчидан, ижодий ишлар ҳар доим ҳам моддий манфаат келтириш учун қилинмайди. Иккинчидан, бу сериал фойда келтирса ҳам, келтирмаса ҳам биз ютамиз. Бу сериал келажакда Ўзбекистонда олиниши мумкн бўлган сериалларнинг рейтингини кўтариб беради. Агар яна тарихий сериаллар олинадиган бўлса жуда бўлмаганда шу сериалнинг рейтингини қайд этади. Бугунги кунда бутун бир овозда сериалларни ким олаяпти десангиз турклар деб жавоб беришади. Шунинг учун улар бу соҳада энг олди қаторида. Турклар билан ҳамкорлик қилишдан асосий мақсад кино индустрияни ўзгартириш эди.

Мана шу катта-катта лойиҳалар, ҳамкорлик, аҳолига тақдим қилинаётган проектлар кинони ‘оёққа туриши’га сабаб бўлди. Бугун ҳеч кимга сир эмас, Ўзбекистон киноси ‘оёққа турмади’ дея олмайди. Тўғри, қилинаётган ишлар ҳали кўп, лекин 50 йил эътибор берилмаган соҳадан нимани кутиш керак? Шуни айтмоқчиманки, эртага бу кинони ҳамма ётиб олиб кўрмаган тақдирда ҳам бу ўзбек киносини бир поғона юқорига кўтарилишига хизмат қилади ва шу сериалда суратга тушган бизнинг актёрларимиз ҳар қандай тарихий сериалга тайёр
», — дейди Озодбек Назарбеков.

«Ёр-Ёр» кўрсатувига муносабати
«Ёр-Ёр кўрсатуви бор кўрсатувлардан кўчирилган. Лекин умуман бизнинг қадриятларимизга, урф-одатларимизга тўғри келмаслигини ўйлаш керак. Мен битта кўрсатувни бошидан охиригача кўрмадим, лекин эътирозлар бўлгандан кейин интернетда кўриб қолдим. Кесилган жойларини кўрдим, шу миллатнинг вакили сифатида бу кўрсатувни қабул қилолмадим», — дейди маданият вазири.

Озодбек Назарбеков соғлиғидаги муаммолар ҳақида
«Бугунги кунда, умуман олганда дунёдаги 7 миллиард инсоннинг соғлиғи билан боғлиқ қанақадир муаммолар бўляпти, чунки коронавирус ўзининг асоратларини қолдиряпти. Шу жумладан, мен ҳам коронавирус бўлганимдан кейин соғлиғим билан боғлиқ муаммоларга дуч келдим. Икки-уч марта бўлганман, шунда буларнинг ҳаммаси ошқозонимга таъсир қилди ва табиийки, ошқозон-ичак фаолиятининг бузилишига олиб келди. Ҳозирги кунда анча ўзимга келдим, бироқ хотирамга ҳам катта таъсир қилди», — дейди хонанда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Озодбек Назарбеков: Вазир бўлишдан кўра хонандалик яхшироқ экани ҳамда ҳозирги лавозимида қанча ойлик олиши ҳақида