date
views 886

Парижда Ўзбекистон музейларининг 300дан ортиқ экспонатлари намойиш этилади

Парижда Ўзбекистон музейларининг 300дан ортиқ экспонатлари намойиш этилади
Париждаги Араб дунёси институтида 23 ноябрь куни "Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари" номли кўргазма очилади. Бу ҳақида Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Кўргазмада Ўзбекистоннинг ХIХ аср ўрталаридан то ХХ аср бошларигача бўлган даври мобайнида яратилган ноёб халқ амалий санъати асарлари намойиш этилади.

Францияда илк бор халқаро жамоатчилик диққат-эътиборига мамлакатнинг 9 та йирик музейидан 300 дан ортиқ ашёлар, жумладан, тўқимачилик, либослар, пойабзал, бош кийимлар, заргарлик буюмларидан иборат сара тўпламлар тақдим этилади.

Шунингдек, Нукус, Самарқанд ва Бухоронинг энг йирик музейларидан Туркистон ва рус авангардига тааллуқли 24 та мўйқалам асарлари ҳам жой олади.

Аминманки, ушбу йирик лойиҳа Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги маданиятлараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади, ташриф буюрувчилар учун эса минтақага хос амалий ва тасвирий санъатнинг бетакрор ютуқларини кашф эттиради”, дейди Саида Мирзиёева.

Кўргазма Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси ва Араб дунёси институти ҳамкорлигида ташкил этилади. Кўргазма Бош куратори Яффа Ассулин ҳисобланади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Парижда Ўзбекистон музейларининг 300дан ортиқ экспонатлари намойиш этилади