22:22 / 30.11.2022
3 742

Жанубий кореялик қиз «Дунё гўзали–2022» ғолиби бўлди (фото)

Жанубий кореялик қиз «Дунё гўзали–2022» ғолиби бўлди (фото)
Фото: AFP
Жанубий кореялик 23 ёшли Мина Сю Чой «Дунё гўзали–2022» гўзаллик танлови ғолиби бўлди. Бу ҳақда The Manila Times хабар берди.

Халқаро танловнинг финал босқичи 29 ноябрь куни Филиппинда бўлиб ўтди. Унда дунёнинг турли давлатидан 89 нафар иштирокчи қатнашди. Мина Сю Чой ушбу танловда ғолиб чиққан биринчи кореялик аёл ҳисобланади. Шу билан бирга, «Ҳаво гўзали—2022» унвони австралиялик Шеридан Мортлокка, «Сув гўзали—2022» фаластинлик Надин Аюбга ва «Олов гўзали—2022» унвони колумбиялик Андреа Агулера берилди.

Фото: AFP
«Дунё гўзали» танловида нафақат ташқи кўриниш, балки иштирокчиларнинг табиатга бўлган эътибори ҳам ҳисобга олинади. Чунки ғолиб келгуси йил давомида БМТнинг Атроф-муҳит дастури вакили сифатида ишлаши, Бутунжаҳон ёввойи табиат жамғармаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиши керак.

Шунинг учун танлов веб-сайтидаги сўровномада ҳар бир қиз ўзига кўпроқ ёқадиган ҳайвонни кўрсатади. Бу йилги ғолиб Мина Сю Чой эса мазкур сўровномада дельфинни келтириб ўтган.

Мина Сю Чой ҳақида нималар маълум?

Жанубий кореялик Мина Сю Чой Австралиянинг Сидней шаҳрида корейс оиласида туғилган ва у етти ёшигача шу ерда яшаган. Кейин Сеулга кўчиб ўтган ва маҳаллий мактабда таълим олган. Сю Чой инглиз тилида кўпроқ гаплашгани учун тенгдошлари уни яхши қабул қилмаган. Лекин тез орада у мослашиб, дўстлар орттиришга муваффақ бўлган.

Сю Чой бир неча бор яшаш жойини ўзгартирган. Унинг Канада, Австралия, АҚШ ва Жанубий Кореяда қариндошлари бор. 2021 йилда у АҚШга кўчиб ўтган ва Иллинойс университетида мулоқот санъатини ўрганишни бошлаган. У шу йили «Корея гўзали—2021» унвонини олган.

Фото: Instagram @minadori222
Мина корейс эканлигидан жуда фахрланишини тушунтирган. У корейсларни меҳнаткаш ва тақдир синовларига дош бера оладиган халқ деб ҳисоблайди. Қиз бутун дунё халқларининг Кореяга ва унинг маданиятига қизиқишидан мамнунлигини тан олди.

Дунё гўзали, Мина Сю Чой, Жанубий кореялик, Гўзаллик танлови ғолиби

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Жанубий кореялик қиз «Дунё гўзали–2022» ғолиби бўлди (фото)