Сирдарё вилоятида бўлиб ўтаётган Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг мақсади ҳақида маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков журналистларга тушунтириш берди. Бу ҳақда “Дарё” хабар бермоқда.
Озодбек Назарбековнинг айтишича, инсоният куйлашни айнан мана шу бахшичилик йўли билан ривожлантириб келган.
“Бу санъат турини қадрлайдиган халқлар жуда ҳам кўп. Олимларининг гувоҳлик беришича, мазкур санъат тарихи тури халқларнинг илдизи бир жойга олиб бораётганини, инсоният маданияти бир жойдан кўкариб чиққанини исботлаб турибди”, — деди вазир.
Унинг алоҳида таъкидлашича, бўлиб ўтаётган фестиваль таназзулга юз тутиб бораётган санъат турини қайта жонланишига ва ҳар бир халқда ушбу санъатни елкасида кўтариб юрган фидойилар учун ҳам умид бағишламоқда.
“Ўйлайманки, фестиваль инсониятининг номоддий-маданий меросини сақлаб қолишга катта ҳисса қўшмоқда. Анжуман мана шу санъат турини сақлаб қолишга хизмат қилса, биз учун энг катта марра бўлади. Яъники келаси авлодга бахшичиликни тўла-тўкис етказиб бериш асосий мақсадимиздир”, — деди Озодбек Назарбеков.
Маълумот учун, Халқаро бахшичилик фестивали ҳар икки йилда бир маротаба ўтказилади. Биринчи маротаба фестиваль ўтказилганда 21 та мамлакат вакиллари иштирок этган бўлса, жорий 2023 йилги анжуманда қатнашиш учун 30 та мамлакатдан иштирокчилар рўйхатдан ўтган.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг