
Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда чинозлик Аҳмад Турсунобоевга икки баробар кўпайтириб олиш шарти билан катта маблағларни берган таниқли санъаткорларнинг рўйхати тарқалгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур рўйхатда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашеванинг ҳам номи қайд этилган эди. Узунқулоқ гапларга қараганда, актриса Аҳмадбойга 50 000 АҚШ доллари берган.
Бугун Ярашева таҳририятимизга қўнғироқ қилиб, бу гаплар қуруқ туҳмат эканини айтиб, бўҳтонларни тарқатаётган одамларни қидириб топишга киришганини маълум қилди.
“Мен Аҳмадбой ҳақида умуман эшитмаганман, ҳатто, ТВдаги кўрсатувни ҳам кўрганим йўқ. Кечадан буён қўл телефоним тинмаяпти, таниш-билишлар кўнгил сўраб қўнғироқ қилишяпти. Одамларга ҳайронман, кўрмаган, билмаган нарсаси ҳақида бундай гапларни қандай ўйлаб топишаркин?
Мен фарзандларимни ҳалол меҳнатим билан боққанман. Судхўрлик энг оғир гуноҳ ва жиноят. Қўлимда шунча пулим бўлганида етти ёт бегонанинг қўлига олиб бориб берган бўлармидим...
Ўша Аҳмадбой ким экан ўзи деб одамлардан суриштирсам, кўпчиликнинг алданиб, пулини олдириб қўйганини эшитдим. Бу ерда энг асосий айбдор – одамларнинг ўзи. Ким нима деса, гапига ишониб, қармоққа илиниб кетаверишган.
Шу айрилган пулларига чиройли тўйлар қилса, кам-кўстига ишлатса бўлмасмиди. Яратган берган нарсага шукр қилиб, ортиғининг ортидан қувмай, насибага ярашасини баҳам кўриш – энг чиройли фазилат. Пешона териси билан топган пулини судхўрнинг қўлига тутқазган одамларни ҳеч қачон оқламайман”.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева айни вазият ҳақида куюниб гапирар экан, санъаткорлар ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатиб, шубҳа ва гумонлар остида қолишига сабабчи бўлаётган айрим кимсаларни топишда ҳуқуқ-тартибот органларидан ёрдам сўради ва бундай ҳолатларга қонуний йўл билан чек қўйилиши зарурлигини айтди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар