13:13 / 17.08.2023
334

Қўқондаги Худоёрхон ўрдаси нега ижарага берилмоқда?

Қўқондаги «Худоёрхон ўрдаси» маданий мерос объекти. Фото: travelurway.ru
Сўнгги вақтларда маданий мерос объектларини ижарага бериш қонунга хилофлиги тўғрисида ижтимоий тармоқларда мунозаралар келиб чиқмоқда. Хусусан, ижтимоий тармоқда Қўқондаги Худоёрхон ўрдасидаги ижарага берилган майдонлар муҳокама мавзусига айланган.

Агентлик ўз расмий муносабатида маданий мерос объектлари Ўзбекистон Республикасининг «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида» Қонунига асосан ижарага берилишини эслатган.

Маданий мерос агентлиги узоқ муддатга ижарага берилган маданий мерос объектлари 2023 йил 1 август ҳолатига 19 тани ташкил этиши таъкидланган.

Мазкур қонуннинг 23-моддасида Моддий маданий мерос объектларига эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этишнинг ўзига хос жиҳатлари белгиланган бўлиб, моддий маданий мерос объектининг мулкдори ўзига қарашли бўлган объект йўқотилса унинг ўрнини тўлдириб бўлмаслиги ҳамда унинг тарихий, маданий ёки илмий аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, объектнинг ижараси ижара шартномаси асосида амалга оширилиши, унда объектни сақлаш талаблари қайд этилган бўлиши кераклиги назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 октябрдаги 881-сонли қарори билан тасдиқланган «Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида» Низомнинг 20-бандига мувофиқ давлат мулки ҳисобланган объектни бир йилгача бўлган муддатга фойдаланишга бериш уни қисқа муддатда фойдаланишга бериш ҳисобланади.

Қуйидаги фаолият (хизмат) турлари учун давлат мулки ҳисобланган объект қисқа муддатга фойдаланишга берилиши лозим:

  • савдо фаолияти;
  • эсдалик совғалари ва ҳунармандчилик буюмларини сотиш;
  • компютер, нусха кўчириш ва интернет хизматларини кўрсатиш;
  • фото, видео ва экскурсия хизматларини кўрсатиш.

Ушбу низомнинг 22-бандида 5 йилдан 30 йилгача бўлган муддатга объектни ижарага бериш уни узоқ муддатга фойдаланишга бериш ҳисобланади.

Объектни узоқ муддатга ижарага (фойдаланишга) бериш инвестиция мажбуриятларини олган ҳолда, объект ҳудудида туризм инфратузилмаси объектлари, шу жумладан жойлаштириш воситалари жойлашган ёки барпо этиладиган объектлар берилиши мумкин.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 мартдаги 53-сонли қарори билан «Моддий маданий мерос объектларини ва уларга туташ ҳудудларни уларни ободонлаштириш ва зарур ҳолатда сақлаш бўйича инвестиция мажбуриятларини олган ҳолда ижарага бериш тартиби тўғрисида» Низомнинг 8-бандига асосан ижарага берилган объектлардан:

  • кўргазма заллари;
  • меҳмонхоналар;
  • алкоголли ичимликлар сотилмайдиган умумий овқатланиш шохобчалари (чойхоналар, кафелар, ошхоналар, ресторанлар);
  • ҳунармандчилик марказлари (ўймакорлик, тикув, қўлда бажариладиган тўқув ишлари, ганчга, дарахтга нақш ўйиш, эсдалик совғалари тайёрлаш), бадиий-ижодий устахоналар;
  • савдо фаолияти (алкоголли ичимликлар сотилмайдиган);
  • эсдалик совғалари ва ҳунармандчилик буюмлари сотиш;
  • компютер, нусха кўчириш ва интернет-хизматлар, фотосалонлар;
  • идоралар, агентликлар, туризм бюролари;
  • спорт заллари, кинотеатрлар;
  • банклар, почта хизматлари пунктлари, авиа ва темирйўл кассалари, маиший техникага сервис хизмати кўрсатиш пунктлари;
  • модалар ателеси, гўзаллик салонлари, намойиш қилиш заллари;
  • кутубхоналар, анжуманлар заллари, музейлар, болалар тўгараклари, чет тиллар курслари ташкил этиш мақсадида фойдаланиш мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 мартдаги 53-сонли қарори билан узоқ муддатга ижарага берилган маданий мерос объектлари 2023 йил 1 август ҳолатига 19 тани ташкил этади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги 102-сонли ҳамда 2019 йил 18 октябрдаги 881-сонли қарорлари талаблари асосида республика ҳудудида жойлашган давлат мулки бўлган маданий мерос объектлари ижарага берилган. Шундан, 2023 йил 1 январдан 2023 йил 1 август ҳолатига кўра 544 та ижара шартномаси тузилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, муҳокамага сабаб бўлган «Худоёрхон ўрдаси» маданий мерос объектини ижарага бериш юзасидан берилган эълон бўйича қуйидагилар маълум қилинган:

Ўзбекистон президентининг 2022 йил 27 майдаги «Музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-261-сонли қарорининг 6-иловаси 5.1-бандида «Музейларда совғалар (сувенир) дўкони, ҳунармандлар устахонаси ва савдо шохобчаларини ташкил этиш ҳамда уларда музей ашёлари ва коллекциялари нусхалари — сувенир маҳсулотлари савдосини йўлга қўйиш» қарорнинг 6-илова 9.2-бандида Музейлар ва уларнинг ҳудудларида босқичма-босқич «Музей-ресторан» ёки «Музей-кафе»лар ташкил этиш вазифаси белгиланган.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Қўқон шаҳар Ғишткўприк МФЙ, Истиқлол кўчаси, 2-уйда жойлашган «Худоёрхон ўрдаси» биносининг 40,23 метр квадратдан иборат бўш турган қисмини Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги 102-сонли ҳамда 2018 йил 16-июндаги 454-сонли қарорига асосан белгиланган тартибда эълонга чиқарилган.


arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Қўқондаги Худоёрхон ўрдаси нега ижарага берилмоқда?