“Афандининг қизлари” гуруҳидаги иштироки билан томошабинларга яхши таниш актриса Нигора Абдуллахонова “Яшин тв” YouTube каналига берган интервьюсида 18 ёшида жонига қасд қилишга урингани ҳақида сўзлаб берди.
— 18 ёшимдан тақдир тақозоси билан ёлғиз яшай бошлаганман. Бу ҳолатдан жуда қаттиқ депрессия ҳолатига тушиб қолганман. Ҳатто ўз жонимга қасд қилишга ҳам уринганман. Ёлғизлик қўрқинчли нарса. Кутилмаганда бўлиб қолса, ўзингиз бирдан ёлғиз бўлиб қолсангиз — бу жуда ёмон нарса. Масалан, одам қамалганида битта ўзи ўтиради, бу ҳолатдан улар тарбияланиб бошқача одам бўлиб чиқишади. Тасаввур қилинг, сиз қамоқда эмас, очиқда, инсонлар орасида ёлғиз бўлиб қолсангиз, бу жуда қийин жараён. Бу инсон психикасига жуда ёмон таъсир ўтказар экан.
Ўзимни ўдиришга уриниш — мен ҳаётимда қилган энг ёмон ишим. Худони ўзи кечирсин. Бу ишимдан афсусланаман. Яхшиямки, бу вазиятдан мени қутқариб қолишган. Бизга қачон туғилишимиз ва қачон вафот этишимиз белгилаб берилган, бизга берилган ҳаётни узиб қўйишга бизнинг ҳаққимиз йўқ. Бу қилмишим учун йиллар давомида кечирим сўраб келаман.
Атрофимиздаги танишларимизга жуда эътиборли бўлишимиз керак. Агар инсон ўша нарсани қилишни хоҳласа, сиздан маслаҳат сўрамай қилади. Мисол учун, бундан 2-3 йил аввал хорижлик таниқли санъаткор кечки пайт дўстлари билан яхши кайфиятда гаплашиб ўтирган ва эрта тонгда ўз жонига қасд қилган. Унинг ҳамма нарсаси бор эди. Машҳурлиги, пули, оиласи. Лекин унинг ичида уни яшашга қўймаган нимасидир бўлган. Ҳар бир инсонда бемалол юрагини оча оладиган кимдир бўлиши керак, — дейди актриса.
Шунингдек, Нигора Абдуллахонова “Афандининг қизлари” гуруҳи бўлиниши ҳақидаги саволлар ҳалиям тинмаётгани ҳақида ҳам гапириб ўтди.
— “Афандининг қизлари” гуруҳи фаолиятини тўхтатгани учун одамлар бизни кечира олмаяпти. Аммо гуруҳ фаолиятини тўхтатганига 1 йилдан ошди. Биз учаламиз ҳам ўз ишларимиз билан уч томонга кетдик. Ҳамма нарсанинг боши ва охири бўлади. Шахсан ўзимнинг қизларга ҳеч қандай ёмонлигим йўқ. Мен уларга раҳмат дейман. Агар улар билан боғлиқ вазиятлар бўлмаса, мен бугунги мен бўлмасдим. Улар менинг кимлигимни ўзимнинг олдимда кўрсатиб қўйишди.
Гуруҳ тугатилганидан кейин Муборак ва Нигора бир муддат ижод қилишди. Мен бундан хурсандман. Агар бир-бирига характери тўғри келса, ижодни давом эттираверишсин. Уларга фақат омад тилайман.