13:23 / 05.05.2024
470

Голливудда ҳам машҳур бўлган ҳинд актрисалари (фото)

Голливудда ҳам машҳур бўлган ҳинд актрисалари (фото)
Кўпгина ҳиндистонлик актрисалар табиий ва такрорланмас ташқи кўриниши билан дунё гўзаллари қаторидан жой олган. Улар орасида халқаро эътирофга сазовор бўлган ва Голливудда машҳур бўлган юлдузлар ҳам мавжуд. Актрисаларнинг баъзилари Америка ёки Европада туғилган бўлса, бошқалари кинодаги фаолиятини айнан Ҳиндистондан бошлаган.

Фрида Пинто

Фото: The New Yorker
Фрида 1984 йил 18 октябрда Бомбей (ҳозирги Мумбай) шаҳрида таваллуд топган. Коллеждаги ўқиш кезларида у ҳаваскор спектаклларда қатнашар эди, сўнг Ҳиндистон телевидениесида телебошловчи ва модель сифатида ишлай бошлади. Айнан шу фаолият унга кино саноатида ўзини намоён қилиш имкониятини берди. Фрида 2008 йилда моделлик агентлиги орқали Британиянинг “Харобадан чиққан миллионер” фильмида суратга тушишга таклиф қилинди.

Фото: Harper’s Bazaar
Фильм бутун дунёда шов-шувга сабаб бўлди ва бир нечта “Оскар” мукофотларини олди. Бугунги кунда Фрида ўндан ортиқ фильмларда суратга тушган. Қизиқарли томони шундаки, уни ўз ватанида кўпчилик деярли танимайди, чунки актриса Болливуддан кўра Британия ва Америка лойиҳаларида иштирок этишни афзал кўради.

Приянка Чопра

Фото: Entertainment Weekly
Приянка 18 ёшида “Дунё гўзали-2000” танловида ғолиб бўлди ва бу унвонни қўлга киритган бешинчи ҳиндистонлик қизга айланди. Ғалабасидан уч йил ўтиб Приянка Болливудда иш бошлади ва бугунги кунда у Ҳиндистондаги энг кўп маош олувчи актрисалардан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, Чопра Time статистикасига кўра, дунёдаги энг нуфузли 100 киши рўйхатига ва Forbes’нинг дунёдаги энг нуфузли аёллар юзталигига киришга муваффақ бўлди. Чопра “Малибу қутқарувчилари”, “Матрица: Қайта туғилиш” ва “Қўрғон” каби Голливуд фильмларида суратга тушган.

Айшвария Рай

Фото: Rolling Stone
Айшваря Ҳиндистонда туғилиб ўсган ва асосан ҳинд фильмларида суратга тушган, аммо ўзининг гўзаллиги туфайли бутун дунёга машҳур бўлган. 1994 йилда Айшвария Рай “Дунё гўзали” танловида ғолиб бўлди ва қисқа фурсат ичида унга йирик реклама шартномалари бўйича таклифлар тушди. У ҳатто Vogue журнали муқовасида пайдо бўлди. Айшвария Голливуд фильмларидан “Пушти пантера-2”, “Зираворлар маликаси” ва яна бир нечта фильмларда суратга тушган. Актрисага Бред Питт билан “Троя” фильмида рол ижро этиш таклифи берилган, аммо у таклифни рад этган.

Дипика Падуконе

Фото: The statesman
Дипика Копенгагенда мангалурлик ҳиндлар оиласида таваллуд топган ва бир йил ўтмасданоқ оиласи Ҳиндистонга қайтиб келган. У ўзининг мафтункор ташқи кўриниши туфайли моделлик карьерасини бошлашга муваффақ бўлди. Дастлаб актриса Индира Ганди миллий университетига ўқишга кирди, сўнг тез орада Болливуд фильмларида суратга туша бошлади. Ўқиш ва ишни бир маромда давом эттиришга қийналган Дипика ўқишни сиртқи таълим шаклига ўтказишга қарор қилди. Падуконе 2017 йилда актёр Вин Дизель билан “ХХХ: Жаҳон ҳокимияти” фильмида суратга тушган. Time нашри актрисани 2018 йилнинг энг нуфузли одамлари рўйхатига киритган.

Падма Лакшми

Фото: Rolling stone
Актриса Падма Лакшми Ҳиндистонда туғилган бўлса-да, умрининг асосий қисмини АҚШда ўтказган. У карьерасини аввал телебошловчи ва модель сифатида бошлаган. Кейинроқ Падма мода маданияти марказлари бўлган Париж, Милан, Нью-Йорк шаҳарларида моделлик карьерасини амалга оширган биринчи ҳинд актрисасига айланди. У Emanuel Ungaro, Giorgio Armani, Gianni Versace, Ralf Lauren ва Alberta Ferretti каби брендлар билан ишлаган. Сўнг Лакшми Ҳиндистон ва Американинг турли фильмларида рол ўйнай бошлади. У ўзининг ошпазлик шоуси учун Америкада Critic’s Choice Awards мукофотига сазовор бўлган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Голливудда ҳам машҳур бўлган ҳинд актрисалари (фото)