17:50 / 22.05.2024
212

Қорабайир от ва кўк бўри миллий мультфильмларимиз қаҳрамонига айланса....

Қорабайир от ва кўк бўри миллий мультфильмларимиз қаҳрамонига айланса....
Кеча бир қариндошимиз неварасининг туғилган кунида қизалоқни хурсанд қилиш учун иккита «айиқ» олиб келибди. Болалар албатта айиқни кўриб хурсанд бўлишди, улар билан бирга рақс, суратга тушишди. Умуман бундай айиқлар ҳали ҳеч нарсанинг фарқига бормайдиган чақалоқларни туғруқхонадан олиб чиқиш учун ҳам буюртма қилинади ва бу аллақачон одат тусига кириб бўлди.

Гап шундаки, айиқ Россиянинг норасмий рамзи ҳисобланади. Оқ айиқ бўладими, қўнғир айиқ бўладими, ҳақиқийси бўладими, қўғирчоғи бўладими Россия улардан тарғибот сифатида фойдаланади. Айиқлар ҳақида мультфильмлар яратиб болалар онгига ўз мафкурасини сингдиради.

Бу бизнинг киночиларимиз, рассом-мультипликаторларимиз олдида турган долзарб масалалардан бири аслида.

Бир пайтлар ўзбек кино ва мультфильм ижодкорларига жониворларни «миллийлаштириш» кераклигини айтганимда режиссёрлардан бири «ҳайвонларни миллийлаштириб бўлмайди», деган эди. Шунақа савияли режиссёр билан болалар онгига миллий мафкурани сингдириб бўладими?

Яъни режиссёрлар ҳам эртакни тушунмас экан, болалар онгига таъсир кўрсатадиган мультфильм ярата олишмайди.

Масалан, Россия миллий мафкурани сингдириш борасида оқ ва қўнғир айиқдан, АҚШ бургутдан, Қирғизистон лочиндан, Туркманистон Ахалтака оти ва Алабай итидан, Хитой аждарҳодан унумли фойдаланади. Биз Қорабайр отидан, Кўк бўридан фойдаланишимиз мумкинмиди? Албатта мумкин.

Тўғри, гербимизда Ҳумо қуши бор. Аммо, «Ҳумо қуши халқ онгига сингдими?», деган ҳақли саволни ўртага ташлаш керак. Сингдириш учун нима қилдик? Ҳумо ҳақида бадиий фильм, мультфильм яратилдими? Яратилган бўлса-ю, мен бехабар қолган бўлсам узр.

Нимага болаларга тақдим этилаётган мультфильмларимиз «Ну, погоди», «Маша и Медведь», «Том ва Жерри» каби болакайлар тугул катталар орасида оммалашмади? Ҳозир кўчада кетаётган исталган одамни тўхтатиб «ўзбек мультфильмларидан қайсиларини биласиз?», дея сўрасангиз «Зумрад ва Қиммат»дан бошқа бирорта мультфильмни айта олмаслигига шубҳа қилмайман.

Баҳона тайёр – яхши сценарий йўқ.

Барака топгурлар, исталган китоб дўконига кирсангиз уч томли «Ўзбек халқ эртаклари» китобини топишингиз, юздан ортиқ эртакларни мультфильм қилишингиз мумкинлигини наҳотки англамайсиз? Фақат истак ва изланиш бўлса бўлгани.

Аслида туғруқхоналар олдида шовқин-сурон қилинишига қаршиман. Чақалоқлар шундоқ ҳам ҳеч нарсани тушунмайди. Шахсан мен бу дабдабаларни чақалоқлардан кўра, унинг онасига яхши кўриниш учун турмуш ўртоқ томонидан кўрсатиладиган илтифот деб баҳолаган бўлардим.

Шунда ҳам хориж мультфильмлари қаҳрамонларини у ерга олиб бориш ўзликка хиёнат. Ўзимизнинг миллий қаҳрамонларга урғу беришимиз ва уларни яратиш устида иш бошлаш лозим. Бунинг учун хориж мультфильмлари қаҳрамонларининг либосини кийиб халққа хизмат кўрсатаётган «ишбилармонларимиз»да ҳам миллий ғурур етишмаётганга ўхшайди...


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Қорабайир от ва кўк бўри миллий мультфильмларимиз қаҳрамонига айланса....