
Жанубий Корея сериали — “Кальмар ўйини”нинг якунловчи мавсуми Netflix платформасида намойиш этилиши билан яна бир бор глобал эътибор марказига чиқди. Миллионлаб томошабинлар интиқлик билан кутган финал нафақат сюжет кескинлиги, балки актёрлар фидойилиги билан ҳам ажралиб турди.
Ушбу сериалда бош қаҳрамон Сон Ги Хун образини яратган машҳур актёр Ли Жон Же ўз ролини ҳаққонийроқ чиқариш учун жисмоний ва руҳий томондан катта тайёргарлик кўрди. Актёрнинг айтишича, у қарийб 14 ой давомида қаттиқ парҳез тутиб, икки ой ичида 10 килограмм вазн йўқотган.
“Охирги икки ойда жуда қаттиқ диетага амал қилдим. Бу фақат ташқи кўриниш учун эмас, балки Ги Хуннинг чарчаган, руҳан йиқилган ҳолатини томошабинлар экран орқали ҳис қилсин деган ниятда қилинди”, — дейди Ли Жон Же.
Унинг саъй-ҳаракатлари сериал финалида ўз ифодасини топди — мазкур саҳна томошабинларда кучли таассурот қолдирган. Таъкидлаш жоизки, бу муҳим эпизодни суратга олиш учун бутун ижодий гуруҳга фақат битта дубль имкони берилган, шу боис барча юксак масъулият билан ишлаган.
Шу билан бирга, сериалнинг келажаги ҳақида турли тахминлар пайдо бўлмоқда. Интернетда тарқалаётган миш-мишларга кўра, “Кальмар ўйини”нинг янги спин-офф қисми тайёрланиши мумкин. Netflix 2024 йил бошида бу борада расман билдирув берган — бу эса сериалнинг янги талқини бошқа мамлакатда, янги қаҳрамонлар билан суратга олиниши эҳтимолини кучайтиради.
Ҳозирда антиутопия ва ижтимоий драмаларга бўлган қизиқиш ортиб бораётганини ҳисобга олсак, “Кальмар ўйини” бренди аниқки, яқин йилларда ҳам Netflix'нинг энг машҳур франшизаларидан бири бўлиб қолиши мумкин. Лойиҳа нафақат томошабин, балки мутахассислар орасида ҳам қизғин муҳокама қилинишда давом этмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар