
Apple компанияси асосчиси Стив Жобснинг кичик қизи Ив Жобс Олимпия чемпиони, от спорти устаси Гарри Чарльз билан тўй қилди. Pravilamag маълумотига кўра, ушбу гўзал ва тантанали маросим Буюк Британиянинг Оксфордшир графлигида бўлиб ўтди ҳамда нархи 6 миллион доллардан ортиққа тушган.
Маросим Оксфордширдаги Грейт-Тью қишлоғида жойлашган қадимий Авлиё Михаил черковида бўлиб ўтди. Тўйда фақат яқин инсонлар ва танланган дўстлар қатнашди. Улар орасида Microsoft асосчиси Билл Гейтснинг қизи Женнифер, Британия қироллик оиласи аъзоси принцесса Беатрис, Apple’нинг собиқ бош дизайнери Жони Айв, АҚШ вице-президенти Камала Харрис, Arctic Monkeys гуруҳи барабанчиси Мэтт Хелдерс ва келиннинг дугонаси Жессика Спрингстин бор эди.
Тўй ўтказилган черков ва унинг атрофи махсус безатилди: бук ва атиргуллардан ясалган аркалар, форс гиламлари, юзлаб шамлар ва тирик гуллардан ясалган ўриндиқлар орқали ҳақиқий афсонавий муҳит яратилди. Безатиш ишлари учун юзлаб соатлар ва бир неча ўнлаб мутахассислар жалб қилинган. Бу ишларга машҳур декоратор Стэнли Гатти раҳбарлик қилди — у аввалроқ Элтон Жон ва Жорж Лукас билан ҳамкорлик қилган.
Тантанали маросим 45 дақиқа давом этди ва ёшлар черков қўнғироқлари садоси остида ўзаро муҳаббат қасамларини ифода этишди. Кечанинг энг таъсирли қисми — Элтон Жоннинг жонли концерти бўлди. Independent нашрининг таъкидлашича, бу чиқиш ташкилотчиларга тахминан 1 миллион фунт стерлингга тушган. Ҳаттоки саҳардаги ёмғир ҳам байрам кайфиятига халақит бермади.
Тўйдан сўнг Ив ва Гарри ўз меҳмонлари билан Estelle Manor номли хусусий мулкка йўл олишди. Бу жойда меҳмонхона, дам олиш клуби ва бошқа замонавий инфратузилмалар мавжуд. Меҳмонлар учун бутун комплекс ва унга яқин жойлашган Soho Farmhouse клуби тўлиқ банд қилинган.
Ив Жобс ва Гарри Чарльз 2022 йилдан бери учрашиб келишаётган эди. Улар ҳақида биринчи марта оммавий маълумот 2024 йилги Париж Олимпиадасида тарқалди. Гарри от спорти бўйича олтин медални қўлга киритганидан сўнг, Ив ижтимоий тармоқда: «Мен сен билан фахрланаман, севгилим!» — деб ёзган.
Бу тўй нафақат муҳаббатнинг гувоҳи, балки замонавий элита орасидаги юқори даражали ижтимоий воқеа сифатида ҳам тарихда қолиши аниқ.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!