
Россиянинг машҳур мультфильм студияси — «Союзмультфильм» Америка Қўшма Штатларидаги судда LaRubInt Corp. компаниясига қарши ишда мағлуб бўлди. Суд қароригa кўра, студия Японияда Чебурашка образидан бошқа лицензия асосида фойдалангани учун америкалик компанияга зарарларни қоплаб бериши шарт.
Масала илдизи 2016 йилга бориб тақалади. Ўша йил «Союзмультфильм» LaRubInt Corp. компаниясига Япония, Хитой, Ҳиндистон, АҚШ ва Канадада ўз мультфильм қаҳрамонларидан фойдаланиш ҳуқуқини 60 минг доллар эвазига сотган. Бу келишув 2021 йилгача амал қилган.
Бироқ шартнома имзолангандан сўнг бор-йўғи бир ой ўтиб, LaRubInt томони Япониядаги Cheburashka Project LLP компанияси ҳам «Союзмультфильм» лицензияси билан Чебурашка қаҳрамони билан боғлиқ маҳсулотлар сотуви билан шуғулланаётганини аниқлайди. Бу ҳолат АҚШ суди томонидан шартномани бузиш деб баҳоланди.
Суд «Союзмультфильм»ни шартнома шартларини бузган деб топди ва LaRubInt Corp. компаниясига етказилган зарарларни қоплаш мажбуриятини юклатди. Бу билан Россиянинг машҳур студияси халқаро майдондаги ҳуқуқий масъулиятни юзма-юз қабул қилишига тўғри келмоқда.
Шу билан бирга, «Союзмультфильм» матбуот хизмати бу шартнома аввало аввалги раҳбарият томонидан имзоланганини ва бу масала бўйича Россияда тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.
«Союзмультфильм» вакилларининг фикрича, LaRubInt Corp. компаниясининг асосий мақсади Япония компанияларидан роялти тўлашни талаб қилиш бўлган, маҳсулот ишлаб чиқариш эмас. Шунингдек, LaRubInt ушбу ҳаракатларни студиянинг аввалги раҳбарияти билан келишилган ҳолда амалга оширгани айтилмоқда.
Бу низо тарихи 2005 йилда имзоланган битимга ҳам бориб тақалади: ўшанда студия Япониянинг TV Tokyo Communications Corporation компаниясига 2014 йилгача Чебурашка образидан фойдаланиш ҳуқуқини берган. Шартнома муддати тугагач, россияликлар уни якунланган деб ҳисоблаган, япон томони эса автоматик узайтиришга ишонган.
Юристлар таъкидлашича, АҚШдаги суд қарори Россияда амал қилиш учун алоҳида тан олиниши керак. Агар бу қарор Россияда ҳам расман кучга кирса, шундагина молиявий мажбуриятлар амалга оширилади.
Бироқ мутахассислар фикрича, бу суд низоси студиянинг Чебурашка образини лицензиялаш фаолиятига сезиларли таъсир кўрсатмайди. «Союзмультфильм» келгусида ҳам бу бренд асосида маҳсулотлар, фильмлар ва мерчендайзинг лойиҳаларини амалга оширишда давом эта олади.
Мазкур жанжал фонида яна бир қизиқ янгилик: Чебурашка ҳақидаги машҳур фильмнинг иккинчи қисми 2026 йил 1 январдан кинозалларда намойиш этилиши режалаштирилган. Бу қаҳрамон нафақат болалар учун, балки катталар дунёсида ҳам актуал образлигича қолмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!