Жаҳон санъати саҳнасида ўз ўрнига эга бўлган машҳур қўшиқчи ва голливуд юлдузи Женнифер Лопес 7 август куни илк маротаба бизнинг юртимизда – “Бунёдкор” стадиони саҳнасида тўлиқ жонли концерт дастурини тақдим этди.
Томошабинларнинг олқишига сабаб бўлган мазкур шоу “Up All Night — Live in 2025” турнесининг муҳим нуқталаридан бири сифатида қайд этилди. Глобал мусиқа дунёсида катта эътибор қозонган ушбу лойиҳа доирасидаги концертлар орасида Лопеснинг Тошкентдаги чиқиши алоҳида унутилмас таассурот қолдирди, деб таъкидлашмоқда мухлислар.
Ушбу беназир тадбир Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан амалга оширилди. Кеча давомида стадионни тўлдирган минглаб мухлислар учун шоу нафақат мусиқа байрами, балки ҳиссиётларга бой, руҳий янгиланиш кечаси бўлиб қолди, деб хулоса қилиш мумкин.
Женнифернинг чиқишида юртимиз санъат намояндалари ҳам иштирок этди. Улар орасида хонанда Муниса Ризаева алоҳида эътирофга лойиқ. У ўзининг чиройли гулдастаси ва юракдан берилган совғалари орқали Жей Лога самимий эҳтиромини намоён этди. Лопес эса ўз навбатида Ризаевага самимий миннатдорлик изҳор қилиб, унинг эътиборини юксак баҳолади.
Шоу давомида саҳнадаги ёруғликлар, раққосаларнинг синхрон ҳаракатлари ва юқори савиядаги мусиқий ижро томошабинларни тўлиқ мафтун этди. Атрофни қамраб олган позитив энергия ва жонли ижро туйғуларни янада кучайтирди.
Женнифер Лопес ўзининг қўшиқлари, саховатли табассуми ва мухлисларга бўлган илиқ муносабати билан Ўзбекистон саҳнасидаги илк ташрифини халқ қалбида унутилмас хотирага айлантирди. Бу кеча кўпчилик учун нафақат мусиқа, балки инсоннинг қалбига чуқур таъсир қилувчи санъат намоёни бўлди.