Турк кинематографиясининг машҳур ва серқирра актёри Бурак Ўзчивит сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган оилавий ҳаётига оид саволларга яна бир бор жавоб қайтарди. Унинг таъкидлашича, тарқатилаётган маълумотларнинг кўп қисми асоссиз ва воқеликка зид.
Август ойи охирларида актриса Фаҳрия Эвжен ўз шахсий саҳифаси орқали жамоатчиликка мурожаат қилиб, уларнинг оилавий ҳаётига ортиқча аралашмаслик ва ёлғон хабарлар тарқатмасликни сўраган эди. Бироқ шундан кейин ҳам айрим турк нашрларида жуфтлик ажралиш арафасида экани, ҳаттоки улар умумий мулкларини сотишни бошлагани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Шу асоссиз маълумотлардан кейин жуфтлик қисқа таътил учун Лондонга йўл олди. Турк ОАВ бу сафарни уларнинг муносабатлари мустаҳкамлигидан далолат берувчи ишора сифатида талқин қилди. Ордан кўп ўтмай, эр-хотин Истанбулда ўтказилган Contemporary Istanbul кўргазмасига биргаликда ташриф буюрди. Тадбир пайтида актёрдан ажрим ҳақидаги саволлар ҳам берилди.
Бурак Ўзчивит бу каби хабарларни “ёлғон ва бўҳтон” деб атади. Унинг фикрича, санъатга бағишланган тадбирда шахсий ҳаёт масалаларини муҳокама қилиш мутлақо ноўрин. Шу билан бирга, актёр матбуот ва блогерларнинг шахсий ҳаётига ҳаддан ортиқ аралашувидан норозилигини билдирди. У бундай асоссиз маълумотлар оиладаги муносабатларга салбий таъсир кўрсатишини алоҳида таъкидлади.
Шунга қарамасдан, Ўзчивит ва Эвжен оиласи турк кино оламида ҳануз энг намунавий жуфтлик сифатида тилга олинади. Мутахассислар фикрича, тарқатилаётган миш-мишлар кўпроқ айрим ОАВнинг ўқувчилар диққатини жалб этиш мақсадида тарқатилаётган бўлиши мумкин.
Айнан шундай ҳолатда Бурак Ўзчивитнинг очиқ баёноти уларнинг оилавий ҳаёти борасидаги барча саволларга ойдинлик киритди, дейиш мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!