date

Женнифер Лопез: Аффлек билан ажралиш ҳаётимдаги энг яхши қарор

Женнифер Лопез: Аффлек билан ажралиш ҳаётимдаги энг яхши қарор

Женнифер Лопез ўзининг Бен Аффлек билан ажрашганини «ҳаётдаги энг яхши воқеа» сифатида таърифлади. Хонанда ва актриса 2024 йил баҳорида расман турмушдан ажрашганини эътироф этди.

У CBS News Sunday телеканалига берган интервюсида шахсий ҳаётидаги қийинчиликлар унинг “Ўргимчак аёлнинг ўпиши” фильмидаги ишига ҳам таъсир кўрсатганини айтиб ўтди. Бу фильмда Аффлек ва унинг энг яқин дўсти Метт Деймон ижрочи продюсер сифатида иштирок этган эди. Лопез: «Айни пайтда ҳам энг яхши, ҳам энг оғир кунларим бўлган. Ролни ижро этарканман, ўзимни бахтли ҳис қилардим, аммо уйга қайтгач, бу туйғулар йўқоларди. Фақат “бундан қандай чиқаман?” деб ўйлардим», — дея эслади.

Санъаткор барча қийинчиликлар унга фақат куч қўшганини, натижада ўзини эркин ва хурсанд ҳис этаётганини таъкидлади. «Ростини айтсам, бу мен билан содир бўлган энг яхши воқеа эди. Чунки у мени ўзгартирди, ўсишимга ва ўзимни англашимга ёрдам берди. Ҳозир ўзимни ўтган йилдагидан бутунлай бошқа инсон деб биламан», — деди у.

2025 йил ёзи Лопез учун ёлғиз ўтган илк мавсум бўлди. У бу даврни ҳаётининг янги босқичи деб атади: «Мен ҳаётдан кўпроқ завқ ола бошладим. Қувонч дегани — яшаш, ҳар дақиқадан баҳраманд бўлиш ва ҳаёт берган барча ғалабалар ҳамда сабоқларни бағрига босишдир. Оғир кунлар ҳам сабоқ ва мен буни эндигина тўлиқ тушуняпман».

Бен Аффлек ҳам ўз навбатида муносабатларнинг якун топиши ҳақида фикр билдирган. Унинг таъкидлашича, ажрашишга ҳеч қандай жанжал ёки низо сабаб бўлмаган. «Кўпчилик ажрашиш учун ўзига хос сабаб қидиради. Лекин ҳақиқат кўп ўйланганидан анча оддий: муносабатда одамлар доимо бир хил фикрда бўлавермайди. Мен табиатан эҳтиёткорроқман, муносабатда ҳам шундай бўлди», — деди актёр.

Маълумот учун, Лопез 2024 йил ёзида расман ажрашиш учун ариза топширган. Қизиғи шундаки, ҳужжат 20 август куни берилган — айнан икки йил аввал улар тўй маросимини ўтказган сана. Суд ҳужжатларида ажримнинг расмий санаси 2024 йил 26 апрель деб қайд этилган.

Лопез собиқ турмуш ўртоғидан молиявий ёрдам сўрамасдан, суддан ҳам бундай имкониятни рад этишини илтимос қилган.

Эслатиб ўтамиз, жуфтлик 2002 йилда танишиб, ҳатто никоҳга киришишган, аммо 2004 йилда йўлларини ажратишган. Улар 2021 йилда яна бирлашиб, 2022 йил апрелида расман турмуш қуришган.

Бу Лопез учун тўртинчи, Аффлек учун эса иккинчи никоҳ эди. Хонанданинг Марк Энтонидан бир ўғли ва бир қизи, Аффлекнинг эса Женнифер Гарнер билан уч фарзанди бор.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Женнифер Лопез: Аффлек билан ажралиш ҳаётимдаги энг яхши қарор