Эндиликда “Оскар” мукофотида тўрт оёқли актёрлар ҳам ўз номинациясига эга бўлиши мумкин. IFC кинокомпанияси “Итнинг нигоҳи билан” фильмида бош ролни ижро этган ит — Инди номидан Кино санъати ва фанлари академиясига расмий хат юборди, деб ёзади Variety.
Хатда Инди ҳазиломуз тарзда Академия аъзоларидан “Энг яхши эркак роли” учун уни номзод сифатида кўриб чиқишни сўраган. “Танқидчилар ижрони юқори баҳолаган бўлса-да, мен “Энг яхши актёр” номинациясига лойиқ эмаслигимни эшитиб, жуда хафа бўлдим. Гўё кимдир боғичимни тортиб олгандек”, — деб ёзилган мактубда.
Муаллифлар шунингдек, “Оқ сўйлоқ”, “Эркин Вилли”, “Кичкинтой”, “Қушлар” ва “Уруш оти” каби фильмларда ҳайвонлар кино тарихида муҳим роль ўйнаганини таъкидлашган. Уларга кўра, “ҳайвон актёрлар кўп ҳолларда бутун ҳиссий юкни ва ҳатто фильм франшизасининг асосий руҳини кўтариб келишган”.
Фильмнинг сюжети Тодд исмли йигит ва унинг содиқ ити Инди атрофида айланади. Йигит бобосидан қолган қишлоқ уйига кўчиб ўтади, аммо бу ерда ғаройиб мавжудотлар ва рухлар яшайди. Инди эса эгасини ушбу таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун қаҳрамонлик кўрсатишига тўғри келади.
Қўрқинчли картинанинг бош ролини режиссёр Бен Леонбергнинг ўзига тегишли бўлган ит — Инди ижро этган. “Итнинг нигоҳи билан” фильмининг Россиядаги премьераси 16 октябрга белгиланган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!