40 ёшли хитойлик актёр нега 12 ёшли болага ўхшайди?

40 ёшли хитойлик актёр нега 12 ёшли болага ўхшайди?
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • 40 ёшли хитойлик актёр Хоу Хянгнинг жисмоний ривожланишининг тўхтаб қолиши сабабли 12 ёшли болага ўхшаш ташқи кўриниши уни «Бенжамин Баттон» лақаби билан аталишига олиб келди.
  • Онасининг ҳомиладорлик пайтида етарли овқатланмагани сабабли муддатидан олдин туғилган Хоу, болалигидан тенгдошларидан кичик бўлган ва тахминан тўққиз ёшида жисмоний ривожланиши тўхтаб қолган.

Хитойлик актёр Хоу Хянг ўзининг ғайриоддий ташқи кўриниши билан кўпчилик эътиборини тортмоқда. 40 ёшли актёр ҳали 12 ёшга ҳам тўлмаган болага ўхшайди. Шу сабабли у Хитойда «Бенжамин Баттон» лақабини олган. Унинг ёш болаларга хос қиёфаси жисмоний ривожланишининг тўхтаб қолиши билан боғлиқ.

Актёрнинг рафиқаси билан тушган суратлари яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалиб, қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Айрим фойдаланувчилар уларни эр-хотиндан кўра она ва ўғилга ўхшатиб, ҳазил қилишди. Бироқ Хоу бундай танқидларга эътибор бермади, чунки у бу каби муносабатларга умри давомида кўникиб келган.

Хитой оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, Хоу онаси ҳомиладорлик пайтида тўйиб овқатланмагани сабабли муддатидан олдин туғилган. У болалигидан тенгдошларига нисбатан кичик бўлган, тахминан тўққиз ёшида эса жисмоний ривожланиши тўхтаб қолган. Шу боис у катта бўлганида ҳам ёш болага ўхшаш ташқи кўринишини сақлаб қолган.

Kalla qo'yilgan erkak va bola tabassum bilan birga tushgan surati.

Вояга етганидан кейин ҳам одамлар уни ўсмир деб ўйлаб, «Қаерда ўқийсан?» каби саволларни беришган. Аммо бу ҳолат унинг орзуларига тўсқинлик қилмаган. Оиласининг қўллаб-қувватлаши билан актёрликни танлаган Хоу 2005 йилда машҳур «Home with Kids» ситкомида бошланғич синф ўқувчиси ролини ижро этган. Ўша вақтда у 19 ёшда эди.

Кейинчалик актёр «Stepfather», «Chuang Guandong» ва «Tunnel Warfare» каби машҳур теледрамаларда ҳам иштирок этиб, турли ёш қаҳрамонларни гавдалантирди. Режиссёрлар унинг актёрлик маҳорати ва кўрсатмаларни аниқ бажариш қобилиятини юқори баҳолашди.

Хоунинг таъкидлашича, болаларга хос ташқи кўриниши ва овози унга таклиф этиладиган ролларни чеклайди. Шунга қарамай, у ҳар бир образни мукаммал ижро этишга интилади.

«Мен учун ўзимга ҳақиқатан ёқадиган сценарий ва ролни топиш осон эмас. Ҳар бир ролни тўлиқ ўзлаштиришни истайман. Актёр учун бу ҳам муваффақиятнинг бир тури», — дейди у.

Хоу Хянг рафиқаси билан тинч ва барқарор ҳаёт кечириб, машҳурликдан кўра оиласи ва ижодий фаолиятига кўпроқ эътибор қаратади. Унинг ҳаёт йўли эса инсоннинг ташқи кўриниши унинг қобилияти ва мақсадларига тўсиқ бўлиши шарт эмаслигини кўрсатади.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар