Озодбек Назарбеков: “Ҳар бир эркак муваффақиятида аёлнинг ҳиссаси бор”

Маданият ва санъат вазири Озодбек Назарбеков сўнгги интервьюларидан бирида ҳам ижтимоий ҳаётда кучли ва масъулиятли аёлларнинг аҳамияти ҳақида фикр билдирди.
Унинг таъкидлашича, кундалик ҳаётда ва касбий соҳаларда катта натижаларга эришган эркакларнинг орқасида кўпинча масъулиятли ва донолик билан ҳаракат қиладиган аёллар турган. Назарбеков шундай деди:
“Бугун кўчада бирор эркак катта натижа қилаётган бўлса, унинг орқасида аёл турганини билинг. Уйдаги муаммони ўз юки қилиб олган, масала ва қийинчиликларни тўғри ҳал қилишга ҳаракат қилаётган аёлларимиз бор. Улар эркакнинг вазифаси муҳимлигини тушуниб, ҳеч қандай чалғитмасликка ҳаракат қилади. “Нимадир муаммо бўлса, менга айт, отангга айтма” деб туришади. Шу аёлларимиз туфайли биз кундалик ҳаётда ва касбий фаолиятда шундай натижаларга эришмоқдамиз.”
Назарбековнинг фикрича, айниқса оилада ва ижтимоий муҳитда аёлнинг масъулиятлилиги ва ақл-заковати оилани ва жамиятни ривожлантиришда ҳал қилувчи омил ҳисобланади.