Dubai Opera саҳнасида «Tamerlano» операси халқаро премьераси бўлиб ўтди

2026 йил 10 январ куни Dubai Opera саҳнасида Георг Фридрих Ҳенделнинг барокко даврига мансуб «Tamerlano» операси янги талқинда халқаро миқёсда намойиш этилди. Спектакль таниқли италиялик режиссёр Стефано Пода саҳналаштирган лойиҳа доирасида тақдим этилди. Бу ҳақда uzdaily.uz хабар беради.
Асар Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилиб, оригинал мусиқий ва бадиий яхлитликни сақлаган ҳолда замонавий саҳна ечимлари ҳамда динамик драматургия билан бойитилди.
Ҳендел мусиқаси композитор Кирилл Рихтер муаллифлик ёндашувида янграб, унга ўзбек миллий чолғуларининг оҳанглари қўшилди. Бу эса спектаклга турли маданиятларни боғловчи ўзига хос ранг-баранглик бағишлади.
Премьерада Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри (дирижёр — Алибек Кабдураҳмонов), Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган хор жамоаси, халқ чолғу асбоблари оркестри ҳамда 160 дан ортиқ ижодкор иштирок этди. Бош партияни Ўзбекистон халқ артисти Женисбек Пиязов ижро қилди.
Халқаро яккахонлар таркибида испан тенори Хуан Санчо, аргентиник сопрано Вероника Канхеми, шунингдек, актриса Юлдуз Ражабова ҳам саҳнага чиқди. Dubai Opera’даги ушбу премьера Ўзбекистоннинг маданий дипломатиясида муҳим воқеа сифатида эътироф этилиб, миллий ижрочилик мактабининг юқори савиясини ва унинг жаҳон опера майдонига уйғун кириб бораётганини намоён қилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!