Жасминнинг “Кетма” клипи мухлисларни бефарқ қолдирмади (видео)

Хонанда Жасмин мухлислари учун навбатдаги янги ижод маҳсулини тақдим этди. “Кетма” деб номланган ушбу қўшиқ 11 феврал куни премера қилинди ва жуда қисқа фурсат ичида катта аудитория эътиборини қозонди.
Маълумотларга кўра, тарона ҳозирга қадар қарийб 600 минг марта томоша қилинган ҳамда 400 га яқин ижобий изоҳлар билан баҳоланган. Мухлислар қўшиқни илиқ кутиб олиб, Жасмин ижодидаги энг таъсирли ишлардан бири бўлаётганини таъкидлашмоқда.
Клип сюжети ҳам томошабинларда катта қизиқиш уйғотди. Унда айрим “психолог” сифатида танилган шахсларнинг нотўғри ва бирёқлама маслаҳатлари сабаб айрим оилаларда келишмовчиликлар юзага келаётгани, уй бекаси бўлган аёлларнинг шундай гапларга ишониб, ўз ҳаёти ва оилавий масъулиятига бошқача қарай бошлаётгани бадиий тарзда акс эттирилган.
Видеоклип орқали оилавий қадриятлар, аёлнинг оиладаги ўрни ва масъулияти мавзуси кўтарилиб, томошабин жамиятда кенг муҳокама қилинаётган муаммоларга яна бир бор эътибор қаратишга чорланади.
Умуман олганда, “Кетма” таронаси нафақат оҳанги, балки мазмуни билан ҳам мухлислар қалбидан жой олаётгани билан ажралиб турибди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!