16:24 / 14.03.2017
6 893

Хонанда ​Лола: Санъатдан ҳам муҳимроқ ишларим бор

Хонанда ​Лола: Санъатдан ҳам муҳимроқ ишларим бор

Хонанда Лола Йўлдошева «Даракчи» газетасига берган интервьюсида ўзи ва фарзандлари ҳақида бир нечта саволларга жавоб берди.

— Оилангизда байрамни қандай нишонлайсизлар?

— Болалигимизда 8 март бу — онамнинг куни эди. Ҳаммамиз бир бўлиб уларни хурсанд этиш учун турли-туман совғалар ясаб, сюрпризлар ўйлаб топардик. Бугунги кунга келиб эса мен учун бу кун икки карра байрамга айланган. Чунки мен ойимни, болаларим эса мени табриклаб, совғалар беришади. Ўғлим, байрам куни қизим иккимизга нонушта тайёрлаб беришни ёқтиради. Кейин болаларим билан бирга онамнинг уйига бориб, байрамни ўша ерда давом эттирамиз.

— Янги мавсумдан нималарни кутяпсиз?

— Биласизми, ўтган қиш ойларида, ўзимни айиққа ўхшатдим. Баҳор келиб, энди “уйғоняпман”. Аслида, бу гўзал мавсум мен учун алоҳида аҳамиятга эга десам адашмайман. Ўзгаришлар, янгиланишлар фаслида ўзимни қалбан бошқача ҳис қила бошлайман. Атрофимда, ҳаётимда, ўзимда янгилик яратиш истаги пайдо бўлади. Бунинг барчаси табиатнинг ҳам уйғониши билан боғлиқ бўлса керак.

— 2016 йилги яккахон концерт дастурингизда қизингиз Шаҳина ҳам қўшиқ куйлади. Келажакда у ҳам хонанда бўламан деса, қаршилик қилмайсизми?

— Болаларим билан суҳбатлашганимда уларнинг хоҳиш-истаклари билан қизиқаман. Ўғлим, мен доим уйда бўлишимни, фақат улар билан вақт ўтказишимни истайди. Қизим эса доим саҳнада бўлишимни, қўшиқ куйлашим ва машҳур бўлишим тарафдори. Саволингизга келсак, менимча қизим санъат йўлини танламайди. Бироқ, агар у бунга қарор қилса албатта уни қўллаб-қувватлайман, кўмак беришга ҳаракат қиламан. Очиғи, қизим, бу касб унинг учун эмаслигини, англаб етиши учун ҳам унга ёрдам бераман.

— Инстаграмдаги “фолловер”ларингиз ҳақида гаплашсак. Сизнингча, улар сизни яхши гаплар билан сийлашадими ёки танқидчиларнинг сони кўпроқми?

— Сўнгги вақтлар улар менга меҳрибон бўлиб қолишганини сезяпман. Мухлисларим ҳар бир суратим остида ижобий фикрлар билдириб, мени хурсанд этишяпти, илҳомлантиришяпти. Танқидий фикрлар аввалгига кўра анча камайган. Бироқ ўзидаги салбий энергия билан саҳифамни “безаб” турадиганлар ҳам йўқ эмас. Уларга муносабатим ёмон эмас. Ҳаммага бирдек ёқиб бўлмаслигини аллақачон тушуниб етганман.

— Ижтимоий тармоқ орқали шахсий ҳаётингизда ўзгаришлар рўй бераётганини билдиргандингиз. Бу ўзгаришлар ҳақида батафсилроқ гапирсангиз...

— Шахсий ҳаётим фақат меники, шу сабаб сир бўлиб қолишини истайман. Лекин бир нарсага изоҳ бериб ўтмоқчиман, бугунги кунда суратларимни жойлаштираётганим, бахтим билан қисман бўлишаётганим, ўша инсонни энди учратганимдан далолат эмас. Агар бу муносабатлар ҳақида гап бошласам, узоқ йиллар ортга назар ташлашга тўғри келади. Севгимиз тарихини кейинроқ, вақти келганда барча билан бўлишишга ваъда бераман. Ҳозирча вақти келгани йўқ. Фақат муносабатларимиз жиддийлашиб, аҳду паймон қилдик.

— У ҳақида нималарни гапириб бера оласиз?

— Биласизми, инсонда шундай ҳолат бўладики, у қалбида кемтиклик сеза бошлайди. Ўша бўшлиқни иш, қўшимча машғулотлар билан тўлдириб бориб, ўзини банд қилишга ҳаракат қилади. Айнан менда ҳам шундай эди. Аммо учратган инсоним ўша камчиликларни тўлақонлик қоплади. Меҳри, эътибори, барча инсоний фазилатлари билан кўнглимдан жой олди. Эртанги кунга ишончимни оширди. Муносабатларимизда гумон, шубҳа, ишончсизликка ўрин қолмади. Менимча, бир аёл учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак. Бугунги бахтимни асраб-аввайлаб яшашни истайман. Ҳозирча айтадиганларим шу...

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Хонанда ​Лола: Санъатдан ҳам муҳимроқ ишларим бор