Роналду 7,5 миллион долларга янги бизнес лойиҳаси очди

Дунё футболида энг кўп гол урган Криштиану Роналду Саудия Арабистонининг "Ан-Наср" жамоасидаги юқори маошига қарамай, яна бир янги бизнес лойиҳасини илгари сурди.
41 ёшли португалиялик футболчи 7,5 миллион долларлик инвестиция киритиш орқали замонавий авлод рақамли, шахсийлаштирилган соғлиқ ва фаровонлик операцион тизими Pro2col Software фаолиятида иштирок этмоқда.
Расмий хабарга кўра, Роналду Herbalife компаниясига тегишли HBL Pro2col Software шўъба корхонаси акцияларининг 10 фоизини сотиб олди.
Pro2col тизими Herbalife дистрибьюторларига мижозлар билан самарали ишлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш учун воситалар ҳамда таҳлилий маълумотлар тақдим этади. Бу эса шахсийлаштирилган овқатланиш ва соғломлаштириш хизматларини кенгроқ аудиторияга етказиш имконини беради.
Қайд этилишича, Роналду Herbalife билан 2013 йилдан бери ҳамкорлик қилиб келмоқда ва бу янги инвестиция унинг соғлиқ ва фаровонлик соҳасидаги фаоллигини янада мустаҳкамлайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!