Жеки Чаннинг ҳаёти: фарзандлари ва оилавий зиддиятлари

Дунё кинематографиясининг афсонаси Жеки Чан ўзининг ҳайратланарли трюклари ва самимий кулгиси билан миллионлаб мухлисларнинг қалбидан жой олган. Бироқ унинг ёрқин кино карьераси ортида экранлардаги жанговар саҳналардан ҳам мураккаброқ ҳаёт йўли яширинган. Йиллар давомида актёрнинг оилавий муносабатлари, айниқса, фарзандлари билан боғлиқ зиддиятли воқеалар доимо ОАВ диққат марказида бўлиб келган.
Актёр 40 йилдан ортиқ вақт давомида тайванлик собиқ актриса Лин Фензсяо билан яшаган. Улар 1982 йилда (айрим манбаларга кўра 1983-йилда) никоҳдан ўтишган. Айнан ўша йили уларнинг ўғли Чан Зумин дунёга келган. Кейинчалик у санъат оламида Жейси Чан номи билан танилди. Аммо Жеки Чан актрисанинг ҳомиладорлигини билишидан кейингина унга турмуш қуришни таклиф қилган.

Орадан йиллар ўтиб, 1990-йилларнинг охирида актёр шов-шувли можаро марказида қолди: у актриса Элейн У Цили билан ишқий муносабатда бўлгани маълум бўлди. 1999 йилда ушбу муносабатлардан унинг қизи Этта У Чжолин дунёга келди. Актёр оталикни фақат генетик текширувдан сўнг тан олган бўлса-да, қизининг тарбияси ва ҳаётида деярли иштирок этмади.
Жеки Чаннинг фарзандлари
Бугунги кунда Жеки Чаннинг икки нафар фарзанди бор: расмий никоҳидан туғилган ўғли Жейси Чан ва никоҳдан ташқари муносабатидан дунёга келган қизи Этта У. Актёрнинг ҳар икки фарзанди билан ҳам муносабатлари анча мураккаб кечган. Қизиқ жиҳати шундаки, отасининг улкан бойлигига қарамай, фарзандлар ундан моддий ёрдам олмаган ва доимо мустақил яшаб келган.
Жейси
Жейси Чан (ҳақиқий исми Чан Цумин) 1982 йил декабрида Лос Анжелесда туғилган. Унинг болалиги бошқа машҳурлар фарзандларидан фарқ қилган: хавфсизлик ва ортиқча эътибордан қочиш мақсадида унга ҳатто отасининг исмини тилга олиш ҳам тақиқланган.

Жейсининг ўсмирлиги Гонконг ва АҚШ ўртасида ўтди. У Калифорниядаги хусусий мактабда таҳсил олди, кейинчалик Виржинияда коллежга кирди. Тез орада у ўқишга қизиқишини йўқотиб, ижодий йўналишни танлади. 2004 йилда “Ҳуаду йилномалари: Атиргул тикони” фильмида дебют қилди ва томошабинлар уни илиқ кутиб олди. Шунингдек, у мусиқа соҳасида ҳам муваффақият қозониб, илк альбоми билан мукофотларга лойиқ кўрилди.
Бироқ Жейсининг ҳаёти 2014 йилда тубдан ўзгарди. У гиёҳванд моддаларни сақлашда айбланиб, бир неча ой қамоқда ўтирди. Бу воқеадан сўнг Жеки Чан ўғлига тўғри тарбия бера олмагани учун омма олдида узр сўради. Шундан сўнг актёр ўғлини васиятномадан чиқарди ва ўз бойлигини хайрия ишларига сарфлашини билдирди. Унинг фикрига кўра, Жейси ўз йўлини мустақил топиши керак.
Ота ва ўғил муносабатлари узоқ йиллар давомида мураккаб бўлиб қолди. Жейси Чан болалигидан машҳур исм соясида яшашга мажбур бўлди. Ўғли озодликка чиққанидан кейин, Жеки Чан у билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилди, лекин мерос бўйича қарорларини ўзгартирмади. Ҳозир улар ўртасида зиддият йўқ, лекин муносабатлари яқин дея олмаймиз.
Этта У Чжолин
Этта У 1999 йилда туғилган, унинг ҳаёти болалигиданоқ зиддиятларга тўла бўлган. Онаси Элейн Унинг ичкиликка мойиллиги ва оғир характери қизнинг болалигига салбий таъсир кўрсатди. Шу сабабли у бир неча бор ижтимоий хизматлар назоратига олинди. Жеки Чан узоқ вақт қизини тан олмади ва қариндошлик тасдиқлангач ҳам унинг ҳаёти билан қизиқмади.

Ўсмирлик даврида Этта жиддий руҳий тушкунликни бошдан кечирди. 2017 йилда эса у онаси билан муносабатларини бутунлай узди. Кейинчалик АҚШга бориб, отаси билан алоқа ўрнатишга уринди, аммо Жеки уни қабул қилмади. У моддий қийинчиликда эканини, ҳатто кўприклар остида яшашга мажбур бўлганини ижтимоий тармоқлар орқали баён қилди.
2023 йилда “Кунг-фу тулпор” фильми чиққанда, Жеки Чан ва унинг “экрандаги қизи” ўртасидаги меҳрли саҳналар кўпчиликни йиғлатди. Аммо ҳаётда барчаси аксинча: актёр бегона актриса билан “ота-қиз” муҳаббатини намойиш этаётган пайтда, унинг ҳақиқий қизи ҳануз эътибордан четда қолмоқда.
Жеки Чан фарзандлари ҳозир қаерда?
Ҳозирда Жейси Чан ёпиқ ҳаёт тарзини олиб бормоқда ва омма олдида деярли кўринмайди. У ҳақидаги янгиликлар матбуотда жуда кам. Отаси билан алоқаси сақланган бўлса-да, улар яқин одамлар сифатида қаралмайди.
Этта У ҳақида маълумотлар ундан ҳам кам. Айрим манбаларда ота ва қиз ўртасида қандайдир алоқа борлиги айтилади, аммо Жеки Чан бу борада расмий баёнот бергани йўқ.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!