Мексикалик депутат губернаторнинг либосига кукун сепганликда айбланди (видео)

Мексикада депутат Йолоцин Домингес Серна ва Герреро штати губернатори Эвелин Салгадо Пинеда иштирокидаги видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Унда депутат губернатор билан қучоқлашиб кўришаётган пайтда унинг либосига қандайдир кукунга ўхшаш модда тушаётгани акс этган. Бу ҳақда "Uno TV" хабар берди.
Видеода икки сиёсатчи саломлашиб, қучоқлашаётганини кўриш мумкин. Шу пайтда Домингес қўлларидан бири билан губернаторнинг кийими яқинида ҳаракат қилади ва оқиш рангдаги кукунга ўхшаш модда унинг либосига тушади. Ушбу ҳолат акс этган лавҳа фойдаланувчилар орасида турли саволлар ва баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Мексика нашрларининг ёзишича, воқеа 2026 йил 15 сентябрь куни Герреро штатидаги Чилпансинго шаҳрида Мексика Мустақиллиги байрами муносабати билан ўтказилган тадбир вақтида юз берган. Видео эса орадан икки ойдан кўпроқ вақт ўтиб, 24 ноябрь куни кенг тарқала бошлаган.
Ҳолат юзасидан депутат Йолоцин Домингес ўз муносабатини билдириб, ўзига нисбатан билдирилган айбловни қатъиян рад этган. У губернатор Эвелин Салгадога ҳурмат билан муносабатда эканини таъкидлаб, тарқалган видео сунъий интеллект ёрдамида яратилган бўлиши мумкинлигига ҳам ишора қилган.
Ҳозирча видеода кўринган модданинг айнан нима экани ва депутатнинг қўл ҳаракати қандай мақсадда амалга оширилгани аниқланмаган. Шунингдек, лавҳанинг сунъий интеллект ёрдамида яратилгани ёки ўзгартирилганини тасдиқловчи далиллар ҳам очиқ манбаларда келтирилмаган.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…