Дилноз Ҳакимова никоҳ пайтидаги кўз ёшларининг сабабини очиб берди

Хонанда Дилноз Ҳакимова “Oshxona talk” лойиҳасидаги суҳбат давомида никоҳ маросимида йиғлаб юборгани ҳақидаги саволга очиқ жавоб берди.
“Битта Reelсингиз кўрдим, никоҳ пайтида йиғлаган экансиз. Нега?” деган саволга у шундай деди:
“Мен ҳам аниқ нима учун йиғлаганимни билмайман. Никоҳ пайтида одатда жуда таъсирли ва кучли гаплар айтилади. Домла гапираётган пайтда ичимда ҳислар тўлқинланиб кетган, шунинг учун кўз ёшимни ушлаб туролмаганман. Йиғлаганимни кўриб, ўзим ҳам бироз ҳижолат бўлганман. Ҳатто домла 'бу қизни мажбурлаб турмушга беряптими?' деб ўйламасин, деган хавотир ҳам бўлган”, — деди хонанда.
Унинг айтишича, турмуш ўртоғи ҳам бу ҳолатдан ҳайратланган:
“Эрим ҳам ҳайрон бўлиб қолган. 'Ҳеч қаеринг оғримаяптими, ҳаммаси жойидами?' деб орада сўраб турган. Ўша пайтнинг ўзи қандайдир илоҳий лаҳза бўлса керак, юрак жуда тез уради, ҳислар жуда кучли бўлади”, — дея қўшимча қилди у.
Шунингдек, у никоҳдан сўнг бўлган бир кичик кулгили ҳолатни ҳам эслаб ўтди:
“Кейин никоҳдан чиқиб, дўстларим билан кетиб қолганман. Эрим телефон қилганида эса кўтармаганман”, — деди Дилноз Ҳакимова.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!