Бекзод Исхаков “Эл-юрт фахри” кўкрак нишони билан тақдирланди (фото)

Актёр Бекзод Исхаков ўзининг Instagram саҳифаси орқали мухлислари билан қувончли янгиликни бўлишди. У “Эл-юрт фахри” кўкрак нишони билан тақдирланганини маълум қилди.
Санъаткор постида ушбу кун унинг ҳаётидаги энг унутилмас лаҳзалардан бири бўлганини таъкидлаб ўтди. “Бу нафақат мукофот, балки халқнинг ишончи ва меҳрини ҳис қилишдир”, — дея ёзди у.
Бекзод Исхаковнинг сўзларига кўра, санъат йўлида қилган меҳнатининг қадрланиши уни чуқур ҳаяжонга солган. У актёр ва қўшиқчи сифатида халқ ҳурматини энг катта бойлик деб билишини ҳам алоҳида қайд этди.
Шунингдек, у ўзини қўллаб-қувватлаган устозлари, оиласи, яқинлари ва мухлисларига самимий миннатдорчилик билдирди. “Бу эътироф менга янада катта масъулият ва куч берди. Халқим учун хизмат қилишдан тўхтамайман. Раҳмат, Ўзбекистоним”, — дея ўз фикрларини якунлади.
Мазкур хабар ижтимоий тармоқларда илиқ кутиб олинди. Изоҳларда мухлислар актёрни ушбу ютуқ билан табриклаб, унга янада катта муваффақиятлар тилаб қолишмоқда.
