Ўғил болалар билан теппа-тенг олишадиган, бирор ким синглисини хафа қилгудек бўлса, боплаб таъзирини бериб қўйишни эплаган қизалоқ 13 ёшида болалар ўртасида ўтказилган мусиқа кўрик танловида иштирок этди-ю, ўзгарди. Вазминлик пайдо бўлди унда. 7 ёшида «Муҳаббат синовлари» фильмида эпизод роль ижро қилган суҳбатдошимиз ўн тўртга тўлгач, «Жаннат қайдадир?» картинасида суратга тушди ва кино оламининг асирасига айланди. Шу-шу Асал ШОДИЕВА актриса! Салқин ёз оқшомида суҳбатдошим билан дилдан гурунглашдик.
– Билишимча, съёмкадан қайтаяпсиз?
– Ҳа, бугун кичик бир кўрсатувнинг тасвирга олиш ишлари билан банд бўлдим.
– Шоҳруххон билан биргаликда клипда суратга тушаяпсиз, деб эшитдик? Наримон Султонхўжаев режиссёрлик қилаётган экан...
– Йўқ, бу клип эмас. Янги лойиҳа ҳам деб бўлмайди. Ҳозирча сир бўла қолсин.
– Сизни “камгап актриса” дейишади. Наҳот шу рост бўлса?
– (кулиб) Чинданам камгапман. Интервьюларда бироз қийналаман. Қаршимда камера турганини кўрсам, ҳаяжоним янада ортади.
– Ҳалигача ҳамми?
– Ҳа…
– Қизиқ, у ҳолда экрандаги шаддод Асал ким бўлди?
– Суратга олиш майдончасида шу қадар эркинманки, гўё қанот ёзиб учаман. Ҳеч кимдан уялмайман, берилган ролни бемалол ижро қилоламан. Аммо катта давраларга тушиб қолсам, телекўрсатувлар ёки суҳбатларга чақиришса, ҳаяжонлана бошлайман. Менга берилган саволга ўйлаб, фикрлаб, кимнидир ранжитиб қўймайдиган тарзда жавоб беришим анча вақтни талаб қилади. Мен билан бўладиган интервьюлар зерикарли, назаримда. Шу тарафларини ўйлаб, кўпинча суҳбатларни рад этаман.
– Гап бу ёқда денг?
– Ҳа!
– Ёш хонанда ва актёр Жаҳонгир Тўлқунов билан партнёрликда «Қайсар ошиқлар» фильмида суратга тушдингиз. Кўнглингиз тўлдими?
– Менинг бир одатим бор, қаҳрамонимнинг диалогларини ўзимга мослаб ўзгартираман. «Қайсар ошиқлар»да ҳам ролимдан келиб чиқиб, шундай қилдим. Бу фильмни янада бойитди, фикримча. Партнёрим — Жаҳонгир Тўлқунов дебютант актёр. Ўз фикр-мулоҳазаларим билан ўртоқлашиб, картинанинг янада мазмунли чиқишига ҳисса қўша олдим, деб ўйлайман.
– Сценарий ғоясида бирор янгиликни кўрмадим?
– ...бу масалада фильм режиссёрларига мурожаат қилганингиз маъқул. Ролим менга маъқул келди, сценарий ҳам чакки эмасди, чамамда.
– Мен саёз деётганим йўқ, шунчаки реал ҳаётдан салгина узоқроқ?
– Ростини айтсам, ўлим мавзуси кўтарилган фильмларни унчалик ёқтирмайман. Лекин аксарият картиналарда айнан шу ҳолатга урғу беришади. «Қайсар ошиқлар» актёр Шерзод Биннинг биринчи режиссёрлик иши. Ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш керак-ку ахир, келинг, картинадаги хато ва камчиликларни кечира қолайлик.
– Яхши. Фильмга таклиф қилишганида айнан қайси ҳолатларни ҳисобга оласиз?
– Биринчи ўринда фильм сценарийси ва ундаги ғоя билан танишаман. Албатта, ижодий жамоа ҳам муҳим. Биласизми, баъзан таниқли режиссёрлар суратга олган картиналар кутилган натижани бермайди. Аксинча дебютант ижодкорлар томонидан ишланганлари кутилмаганда оммалашади. Менимча, асарнинг омадли чиқиши кўпроқ ижодий гуруҳ ишига боғлиқ.
– Сериалларда ҳам суратга тушаяпсиз?..
– Ҳозирча фақат битта сериалда иштирок этдим: «Саодат».
– Мазкур сериалда журналист қиз образини гавдалантиргансиз. «Мажнун»да ҳам оммавий ахборот воситалари ходими ролида кўрдик сизни. Эҳтимол телевидение соҳасида синаб кўрарсиз ўзингизни?
– (кулиб) Йў-ў-қ, мендан журналист чиқмайди. Суҳбатдошимнинг ишончига кириб, сўнг ундаги яширин қобилият бўладими ёки дардими, уни очиб бера олишим... йўқ, қийналиб кетсам керак. Айрим журналистлар гап билан аямай «савалашади», мен бундай қилолмайман. Менга кўпроқ «Мажнун»даги виждон амрига бўйсунадиган журналист яқинроқ. У бир пайтлари афсонавий футболчи дея ном таратган спортчининг ички оламига кира олди, аммо унга инсон сифатида ёндашди. Шов-шув объектидек эмас. Қолаверса, биз санъаткорлар жуда таъсирчанмиз, кези келганида қаттиқроқ сўзлаш талаб қилинса, уддалай олмаслигимиз аниқ. Шунга ҳам телевидение соҳасини хаёл қилмайман.
– Дилозорликдан жуда қўрқар экансиз, тўғри топдимми?
– Ҳа! Кимнидир ранжитсангиз, дилига озор берсангиз, эрта бир кун бу ишингиз ўзингизга қайтади. Агар сизни четлаб ўтса, яқинларингиз, фарзандларингиз жабр кўришлари мумкин. Ҳеч бир нарса жавобсиз қолмайди. «Бумеранг» қонуни бу!
– Сизни ранжитсалар-чи, кечиришингиз осонми?
– Бугун муҳим туюлган воқеалар эртага долзарблигини йўқотиши мумкин. Кимдандир хафа бўласиз, кайфиятингиз бузилади, аммо вақт ўтиши билан тушунасизки, бу сиз учун у қадар аҳамиятли эмас. Ҳаёт давом этади!
– Мухлисларингиз тўйдан сўнг ижодий танаффус қилганингизни айтишаяпти?..
– Бу табиий ҳол. Аёллар мени яхши тушунишади, келин бўлиб тушган хонадонингизга кўникиш, шу баробарида ўзингизни йўқотиб қўймаслик осон эмас. Тўйимиз бўлганига бир йил бўлиб қолди, келинлик вазифаларига мослашиб, мана энди, яна кинога қайтаяпман.
– Қайнонангиз Зебо Наврўзовани режиссёр сифатида яхши биламиз. Яқинда сериал суратга олдилар-а?
– Ситком эди.
– Сиз ҳам иштирок этдингизми ситкомда?
– Турмуш ўртоғим билан қатнашишимиз керак эди, асли, аммо ўша пайтлари вақт салгина муаммо бўлиб, съёмкага улгура олмадик. Насиб қилса, кейингиларида қатнашамиз.
– Яқинда бўлиб ўтган «Баркамол авлод» фестивалида қўшиқ куйлаб чиқдингиз. Хонандаликка қайтаяпсизми?
– Ҳозирча бу ҳақида ўйламаяпман. Бор диққат-эътиборим кинога қаратилган. Агар ҳар иккисини баравар олиб бораман десам, уддалай олмаслигим мумкин. Бир тарафда оиламга ҳам вақт ажратишим керак.
– Киноактёр-актрисаларининг айримлари бугун театрда ижод қилишаяпти. Сизга ҳам таклиф бўлдими?
– Тўй арафасида айтишганди, театрга келиб кўринг деб, аммо у пайтлари тайёргарлик ишлари билан бандлигим, қолаверса, кейинчалик барчасини баравар олиб боришга қийналишим мумкинлигини ўйлаб рад этдим. Балки келгусида театрда ижод қиларман.
– Асал, театр саҳнасида кўра оладими ўзини?
– Ҳа! Мен роль ажратмайман, ижобий қаҳрамонлар қаторида, салбийлари, масалан, ялмоғиз кампирни беришса ҳам ижро қилавераман. «Ўткан кунлар» спектаклида Зайнабни ўйнаётганимни тасаввур қиламан кўпинча. Бу қаҳрамоннинг ички кечинмаларини ифодалаш мушкул. Аламзадалик, нафрат, норозилик, ёшгина қиз бошига тушган ташвишлар, албатта, уни эсанкиратиб қўяди ва у билмай хатога қўл уради. Лекин уни тушуниш керак, барибир. «Анна Каренина»да ҳам шундай, у ўз-ўзи билан курашади.
– Бир қанча режиссёрлар билан ишладингиз, санаб бероласизми қай биридан нимани ўрганганингизни?
– Оператор Рустам Муродов суратга олинган лавҳани томоша қилиш керак эмаслигини ўргатди. Кўпинча «Кўрсам майлими» дердим-да, кейин албатта, бирор нимаси маъқул келмасди. Мирмақсуд Охунов «Тасаввур қил, ҳозир мана бу ҳолатдасан, уни ҳис қил», деб тушунтирарди. Жаҳонгир Аҳмедов нигоҳларимни ерга қаратмаслигим кераклигини уқтирган. Айтишича, кўзларимни камерадан олиб қочар эканман. Равиль Батировдан эса яхши фильмлар томоша қилишни ўргатгани, менда киноматографияга меҳр уйғота олгани учун миннатдорман. Кимдандир тартибни ўргандим, кимдир ҳиссиётлар билан ишлашни англатди. Умуман, ҳар доим ўзим учун нимадир олишга ҳаракат қиламан.
– Жаҳонга машҳур режиссёрлар орасида борми сиз ишлашни истаганларингиз?
– Винсант Кассель, Мартиз Корсез фильмларига ҳавас қиламан. Бизнинг ўзбек фильмларимиз Канн халқаро кино фестивалида қатнашса, дейман.
– Биз ҳам сиз учун ният қилиб қоламиз, кейинги учрашувимиз хорижлик режиссёрлар таклифи асосида суратга олинаётган фильм баҳонасида бўлиб ўтсин!
– Айтганингиз келсин!
Блиц:
– Энг аҳмоқона ишингиз?
– (кулиб) Бунақа ҳолатлар кўп бўлади, бирор нима қиламан-да, кейин нега шундай қилдим-а, деб қоламан.
– Энг биринчи гонорарингизни нимага сарфлагансиз?
– «Жаннат қайдадир» фильмидаги иштироким учун 400 000 сўм гонорар беришган ва мен уни онамга топширганман.
– Энг содиқ мухлисангиз у ким?
– Ростини айтсам, бундайини учратганим йўқ ҳали.
– Интервьюмиздан сўнг мухлисангизнинг ўзи сизни излаб топиб, мана мен борман дейди, кўрасиз.
– Балким.
– Иримчимисиз?
– Салгина.
– Сизни йиғлатган фильм?
– Шоҳруххон иштирокидаги «Фанат» фильми бўлди. Турмуш ўртоғим билан картина охирини томоша қилиб, ғалати ҳолатга тушиб қолдик. Жуда таъсирли.
– Тасаввур қилинг, сеҳрли ручкангиз бор, аммо унинг ёрдамида фақат битта сўзни ёза оласиз?..
– Ҳаёт! Оилам, онажоним, яқинларим, ижодим — барчаси жам бўлган сўз бу!
Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди
Манба: Darakchi.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади