22:58 / 07.07.2017
7 022

Севара Назархон Шукрулло Исроилов гонорар ўрнига еттита сомса билан алдагани ҳақида сўзлаб берди

Севара Назархон Шукрулло Исроилов гонорар ўрнига еттита сомса билан алдагани ҳақида сўзлаб берди
Бу ижодкорнинг қўшиқлари ранг-баранг, санъат ва ҳаёт ҳақидаги қарашлари ҳам нақшинкор. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара НАЗАРХОН айни пайтда қизғин ижод оғушида бўлса-да, кўп сонли мухлислари илтимосига биноан хонанда билан боғландик.

— Севара опа, агар рассом бўлганингизда, ҳаётни қайси рангларда акс эттирардингиз?
— Афсуски, мен рассом эмасман. Сурат чизиш қобилияти эгаси бўлганимда, албатта, ёрқин ранглардан фойдаланардим. Ўзбекистонлик истеъдодли рассом Бобур Исмоилов каби. Бу рассом суратларида удумлар ва келажакка парвоз уйғунлигини кўрасиз.

— Ўзбекистонга келишингиз билан одатда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларингизга нонларимиз, кўк сомса, сархил меваларимиз суратларини жойлайсиз. Ўзимизнинг неъматларни қаттиқ соғинасиз чоғи. Ўзингиз қайси миллий таомларимизни алоҳида меҳр ва маҳорат билан тайёрлайсиз?
— Мен ўзимни пазанда деб билмайман. Бу мавзуда сўз очилганида, келинг, менинг қандай пазанда эканлигимни бир четга сурайлик-да, ўзимизнинг таомлар ҳақида суҳбатлашайлик. Назаримда, дунёдаги энг ширин таомлар бизда тайёрланади! Юртдан олисдалигимда доим кўнглим миллий таомларимизни тусайди. Бугунги кунда кўплаб давлатларда ўзбек таомлари тайёрланадиган ресторанлар бор. Масалан, Россиянинг ўзида минглаб десам, адашмайман. Ҳатто, Лондонда ҳам. Бу шаҳарда яқинда очилган «Самарқанд» ресторанига бемалол хорижлик дўстларимни таклиф қилишим мумкин. Чунки таомларини таърифлашга тил ожиз, қолаверса, у ерда юртимиз маданиятининг бир парчасини кўрасиз. Бу каби ресторанлар элчихонамиздек гўё.

Ҳа айтганча, Тошкентга ҳар борганимда дўстим Тоҳир Содиқов ўз қўллари билан мошкичири тайёрлаб, меҳмонга чақиришни канда қилмайди.

— Болалигингиз таъмини нималарда ҳис қиласиз?
— Пломбир музқаймоқлари, «Love is…» сақичлари, қайнатилган маккажўхори, пахтақанд, хурмо — мана, менинг болалигим мазаси!

— Раҳматли отангиз билан боғлиқ ёрқин хотираларингиздан бирини гапириб бера оласизми?
— Улар билан боғлиқ хотираларим жуда кўп, ҳозир қай бирини танлаб айтишни билмай қолдим, тўғриси. Қўшиқлари, куйлашлари, чин кўнгилдан меҳр бериб таом тайёрлашлари... Ортга назар солиб шунга амин бўлаяпманки, дадам энг яхши ота бўлган эканлар.

— Сизнинг ижронгиздаги «Кўргим келар» таронаси «Осмондаги болалар» фильми билан бизга ёд бўлган. «Отажонимсиз» қўшиғингиз эса «Сув ёқалаб» картинасини жуда чиройли ва мазмунли якунлаб берган. Ўзбек фильмларини томоша қиласизми?
— Биласизми, мени нима хурсанд қилади, киноижодкорларимизнинг ҳеч қачон қўл қовуштириб ўтиришмагани. Бошқа давлат кино олами вакиллари қайта қуриш даврида ҳеч ким бизга ҳақ тўламаяпти, дея нолишганда ҳам, ижодкорларимиз текинга бўлса-да ишлашди, ҳаракатдан тўхташмади. Хўжакент, Чимкент, Ўш, Бишкек, Алмата каби шаҳарларда фильмларимиз ёзилган «DVD» дисклар кенг тарқалганининг гувоҳи бўлганман. Мен фильмларимизни яхши-ёмон, деб муҳокама қилолмайман. Худди таомларимиз каби улар бизнинг алоҳида эътироф этиладиган бойлигимиз, маданиятимизни тарғиб қилувчи бир восита саналади. Қувончу ташвишларимиз ҳақида ўз тилимизда сўзлайди.

— Сиз ҳақингизда фильм суратга олинса, у қайси жанрда бўларди?
— Албатта, комедия жанрида.

— Марҳум сўз устаси Ҳожибой Тожибоевнинг мухлиси бўлгансиз. Юмор ҳисси ўзингизда қанчалик кучли?
— Мен ҳамон Ҳожибой аканинг дастурларидан парчаларни томоша қиламан. Бу инсон саҳнада қанчалик комик бўлсалар, ҳаётда шунчалик жиддий эдилар. Ижодимнинг илк йиллари мен билан худди катта одамлардек суҳбатлашганди. Ҳазиллари кўнглимга жуда яқин. Ўзим табиатан ҳазилкашмасман. Аммо бир пайтлари қизиқчи Шукурулло Исроиловга концерт дастури учун ҳажвий чиқиш ёзиб берганман. У тўйларда бу дастур билан чиқишлар қилган. Бироқ менга бир сўм ҳам бермаган, еттита сомса билан алдаб қўя қолган.

— Севара Назархонни биз кучли, интилувчан, ўзини турли йўналишларда синаб кўришдан чўчимайдиган ижодкор сифатида биламиз. Йиғлаб ҳам турасизми?
— Йиғлаб кўнглимни бўшатишим учун алоҳида хонам бор. У ерда ўзбек фильмларини томоша қилиб ҳам енгил тортаман.

— Ҳар бир инсоннинг ўзига хос олами бўлади. Севара Назархоннинг олами...
— Мен ўзимни, ҳаётимни маълум бир қолипларга солишни истамайман. Бутун оламдан завқланиб яшашни хоҳлайман. Худди гиламдаги нақшлар каби ҳаётим ранг-баранг бўлса, ҳар куни янги бир нақшни кашф қилсам... Менимча, изланиш ва янги саҳифа очиш инсон табиатига хос.

— Ўзимизнинг санъаткорлардан кимларни кузатасиз? Ким билан дуэт куйлашни истайсиз?
— Болалигимдан Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг мухлисиман. Устоз ҳофиз билан дуэт куйлайманми-йўқми билмадим, аммо мен унинг мухлиси бўлиб қолавераман. Бошқа хонандаларга баҳо беришим қийин, уларнинг қай бири билан дуэт куйлашимни олдиндан айтолмайман.

Тоҳир Содиқов, Руслан Шарипов, Dj Piligrimнинг санъатини ҳурмат қиламан. Ёшлардан Шаҳриёрнинг ижодини кузатиб бораман. Фикримча, у ўз устида янада кўпроқ ишласа, яхши бўларди.

— Танқидларга қанақа муносабат билдирасиз?
— Ижодимни бошлаган кезларим жуда кўп танқидлар бўлган. Аввалига уларни ҳаддан ортиқ жиддий қабул қилганман. Аммо кейин англадимки, ҳадеб танқидларга қулоқ солсангиз, ўз ҳақиқатингиз, йўналишингизни йўқотиб қўяркансиз. Шунинг учун ҳозир танқидий фикрларнинг ҳаммасини ҳам инобатга олавермайман. Инсон ҳар доим ўзи тўғри деб билган йўлдан борса, севган иши билан машғул бўлса, мақсадга эриша олади.

— Аёл кишига хос бўлиши керак бўлган уч асосий хислат, сизнингча?
— Инсон, аёлми ё эркак кишими, ҳалол, масъулиятли ва камтар бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Ҳар доим ўз устимизда ишлашимиз, мудом изланишимиз шарт. Ўрганишдан чарчамасак, ишимизнинг устаси бўла оламиз. Яхши ота-она ва вақти келганида яхши бобо-буви бўлишга ҳаракат қилиш ҳам муҳим.

— «Точь в точь» каби лойиҳаларда иштирокингиз билан сиз нафақат бетакрор овоз соҳибаси эканлигингизни, кенг қиррали истеъдодингизни ҳам намоён қилдингиз. Биз — мухлисларингизга номаълум бўлган яна қандай яширин қобилиятларингиз бор?
— Тўқишни биламан, рангли иплардан билагузук каби тақинчоқлар ясай оламан (макраме). Отда сайр қилишни ёқтираман. Оз-моз бўлса-да, дутор чалишни уддалайман.

— Қўшиқларингиз муваффақиятини сўзларининг оҳангдорлиги ва мазмундорлиги ҳам таъминлаган. Шеърларни қандай танлайсиз?
— Мен муаллифига қараб шеър танламайман. Ҳамманикини бирдек қабул қиламан. Масалан, «Тушим» таронасининг шеърини метрода бир нотаниш йигит қўлимга тутқазганди. Қоғозга Камрон дея имзо чекилган эди. Ҳамон шеърларни қандай танлашимни билмайман. Шунчаки, биринчи ўқиганимдаёқ менга ёқса, ўша заҳотиёқ оҳанги яралади. Агар ёқмаса, қанча ўйламай — барибир ҳеч нима чиқара олмайман.

— Мутолаа давомида бирор асар қаҳрамонини севиб қолганмисиз? Қайси бадиий қаҳрамонга ўхшашни истагансиз?
— Кўплаб бадиий асарларга меҳрим тушган, уларнинг қаҳрамонларини ғойибона яхши кўриб қолган пайтларим ҳам бўлган. Бирор бадиий қаҳрамонга ўхшаш фикрига бориш давридан эса ўтганман. Мен ҳамиша ўзим бўлиб қолишни истайман.

— Болаларингиз билан қандай вақт ўтказасиз? Фарзанд тарбияси борасида ўзингизга хос услубингиз борми?
— Ҳамма ота-оналар сингари болаларим билан вақтни мазмунли ўтказишга ҳаракат қиламан, бирга ўйнаймиз, китоб ўқиймиз, кинотеатр, музейларга борамиз. Тарбияда эса алоҳида қоидаларим бор, дея айта олмайман. Муҳими, ишларимиз кўплиги уларга вақтида эътибор қаратмаслигимизга баҳона бўлмаслиги керак.

— Фарзандларингизнинг сизга ўхшаш жиҳатлари ҳақида гапириб беринг.
— Албатта, улар менга ўхшайди. Олманинг тагига олма тушади, дейишади-ку. Ўғлим труба (карнайсимон мусиқа асбоби) чалишни билади. Қизалоғим ҳали кичкина, унда ҳозирча фақат ташқи кўринишдаги ўхшашликлар кўзга ташланади.

— Севара опа, «Нетай» номли таронангизда шундай сўзлар бор: «Ҳамон фахрдаман бу ҳаёт ичра, Сени ҳаётдан ҳам кўпроқ севолдим...» Шу сатрларни ўз ҳаётингиз мисолида изоҳлаб бера оласизми?

— Менга қўйиб берсангиз, буюк муҳаббат ҳақида китоб ёзардим. Бироқ айни пайтда қўлимдан фақат куйлаш келади. Мухлисларим ҳозирча шунга рози бўлиб туришсин.

Шоира ШАГИАҲМЕДОВА суҳбатлашди.

Манба: Darakchi.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Севара Назархон Шукрулло Исроилов гонорар ўрнига еттита сомса билан алдагани ҳақида сўзлаб берди