07:48 / 08.07.2017
7 943

Ёлғонни кечиролмайдиган ва севиб қолган Лола Йўлдошева (Эксклюзив)

Ёлғонни кечиролмайдиган ва севиб қолган Лола Йўлдошева (Эксклюзив)
Лола Йўлдошева билан ҳар гал интервьюга отланар эканман, тайёргарликни пухта қилишга ҳаракат қиламан. Сабаби у нафақат ўз ишига, балки у билан боғлиқ ҳар бир нарсага талабчанлик билан ёндашади. Айнан мана шу жиҳати билан ҳам бошқалардан ажралиб турувчи ижодкорлардан бири, деб ўйлайман. Лоланинг ҳар бир нарсада ўз диди, дунё қараши ва муносабати бор. Бугунги учрашувда эса хонанданинг феъл-атворидаги 8 та ўзига ҳос жиҳатларини очишни мақсад қилганман.

«Меҳрибонман...»
Ташқи кўринишимга қараб кўпчилик мени характери оғир, ҳеч ким билан келишолмайдиган инсон деб ўйлаши мумкин. Аслида, эса мен жуда нозик, меҳрибон ва кўнгли бўш аёлман. Ҳар доим инсонларни тушунишда меҳрни биринчи ўринга қўяман.

«Қаттиққўлман...»

Меҳрни устун қўйсам ҳам баъзида қаттиққўл бўлишимга ҳам тўғри келади. Мисол учун фарзандларим тарбиясида қаттиққўлликни энди ўргандим. Авваллари агар улар бирор нотўғри иш қилишса, уришардим-у, аммо бироз вақт ўтгандан сўнг кўнглим бўшаб кечириб юборардим. Ҳозир эса бирор айблари учун яхши кўрган ўйинчоқлари ёки машғулотларидан маҳрум қилса, гапимда туришга ҳаракат қилаяпман. Чунки болалар тарбиясида қаттиққўллик энг зарур жиҳатлардан бири экан.


«Тушунгим келмайди...»
Ҳар бир вазиятда имкон қадар одамларни тушуниб, уларни қўллаб қувватлашга ҳаракат қиламан. Аммо ишда, ҳаётдаги муносабатларда, бешафқат, носамимий, иккиюзламачиларни умуман тушунмайман. Бу каби менга ёқмайдиган феъл-атвордаги инсонлар билан ҳеч қандай муносабат ўрнатишни истамайман. Суҳбатдошим мен билан ростгўй ва самимий бўлса, менга шунинг ўзи кифоя.

«Талабчанман...»

Ҳар бир ижодкордаги каби мени ҳам ўзимга яраша инжиқликларим бор. Бундан ташқари жуда талабчанман. Ҳар бир иш идеал даражада бўлиши шарт! Атрофимдагилардан ҳам шуни талаб қиламан. Биласизми, баъзида бу феълим менга бироз ҳалақит ҳам беради. Чунки ҳаётда ҳам, ишда ҳам ҳаммаси ўзимиз ўйлагандек бўлавермайди. Мен эса идеаллик даражасини талаб қилиб бошқаларни қийнаб қўяман. «Майли, шу ҳам бўлаверади. Бир гал камчилиги бўлса, ҳеч нарса қилмас... Бу хатоликни ҳеч ким сезмайди» деб вазиятни бўш қўёлмайман. Албатта, ҳар бир ишим ҳаёлимдаги каби юқори даражада бўлиши керак.

«Агар мени алдашса...»
У билан бутунлай алоқани узаман. Вазиятни ойдинлаштириб, нега мени алдаганини тушунтириб беришини ҳам кутмайман. Бир марта ишлатилган ёлғондан кейин у инсонга ишонишим жуда-жуда қийин. Мен учун яхшилик йўлида ёлғон ишлатдим, деган изоҳнинг ўзи мавжуд эмас. Рост қанчалик аччиқ бўлмасин уни қабул қилишга ўрганиш керак. Мен ҳам шундайман.

«Мени ўзгартирган ҳаёт...»
Ҳар бир инсон ҳаёти давомида турли вазиятлар таъсирида ўзгариб, мукаммалашиб боради. Шахсан мен ҳам ҳаётимдаги айрим воқеалар сабаб ўзгариб, бутунлай бошқа Лолага айланиб боряпман. Мисол учун фарзандларимни дунёга келтирганимдан кейин ҳаётга умуман бошқа кўз билан қарай бошладим. Юрагингизининг бир парчаси билан бирга нафас ола бошлаб, «Мен» ўрнига «биз» деган тушунча билан яшар экансиз. Назаримда, ҳар бир аёл она бўлгандан сўнг борлиқни яна ҳам чиройли рангларда кўра бошлайди. Собиқ турмуш ўртоғим билан ажрашганимдан кейин ҳам қарашларимда ўзгаришлар, янгиланишлар пайдо бўлди. Яна ҳам тўғрироқ айтадиган бўлсам, менга ана шу ажримгача босиб келган йўл таъсир қилган. Айни дам шахсий ҳаётимда содир бўлаётган воқеалар, тақдир йўлимда бир инсоннинг пайдо бўлиши мени яна ҳам ўзгаришимга сабаб бўляпти. Ҳаётга, дунёга бошқа нигоҳлар билан қарашни бошлаяпман. Бундан эса жуда бахтиёрман.


«Тўнғичлик масъулияти...»
Оилада энг яхши тарбия бу – ўрнак бўла олиш, деб биламан. Айниқса, тўнғич фарзанднинг ука-сингилларига намуна бўлиши катта масъулиятни талаб этади. Шундай бўлса-да, ҳар бир нарсада ўзимдан бир ярим ёш кичик укамдан маслаҳат сўрайман. Нафақат мен, балки сингилларим ҳам укамнинг гапига қулоқ тутиб, йўл – йўриқ сўрашга одатланишган.

Алия СУЛАЙМАНОВА суҳбатлашди.

Манба: Darakchi.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Ёлғонни кечиролмайдиган ва севиб қолган Лола Йўлдошева (Эксклюзив)