13:16 / 15.08.2017
9 992

Зокир Очилдиев ижоди, орзулари ва қандай қайнота бўлиши ҳақида

Зокир Очилдиев ижоди, орзулари ва қандай қайнота бўлиши ҳақида
Қизиқчиларнинг саҳна чиқишларини томоша қилиб, уларнинг характери ва ҳаётий қарашларини тўғри баҳолаш бироз мушкул. Асосан халқни қийнаётган бирор бир муаммони нишонга олиб, кулгуга йўйишади. Бугунги қаҳрамонимиз ҳам шундай, гап келса, аяб ўтирмайди. “Суғдиёна” газетасининг ижодкорлари томонидан «Ҳандалак» гуруҳи аъзоси Зокир Очилдиев билан уюштирган суҳбатини эътиборингизга ҳавола этамиз.

— Ҳамкасбларингиз ижодини кузатганда «Нега улар айтган ҳазиллар менининг хаёлимга келмади» деган ўй бўлганми ҳеч? Яъники ижодкор сифатида рашкчимисиз?
— Одатда менинг ижодимда рашк эмас «ғаш»лик кўпроқ кузатилади. Саволнинг биринчи қисмига келсак, менда кўпроқ бу ҳолатнинг тескариси бўлади. «Нега мен айтган гапларни салгина ўзгартириб, муаллифдек гапиришаркан» дея ўйлаб қоламан.

— Сўнгги ўқиган китобингиздаги қайси мисралар ёдингизда қолди?
— Мутолаа қилаётган китобим ҳозир қўлимда турибди. Машҳур спорт шарҳловчиси Ҳайрулла Ҳамидовнинг «Изсиз йўллар» китобини мароқ билан ўқияпман. Бу ерда келтирилган қуйидаги тўртлик эътиборимни тортди.

Яхши одамларни изланг дунёда.
Шу мақсад йўлида, дунё кезингиз.
Топа олмасангиз уни мобода,
Ўша яхши одам бўлинг ўзингиз...

— Охирги маротаба нималар ҳақида орзу қилдингиз?
— Сўнгги пайтларда кўпроқ соғлиғим ҳақида қайғуряпман.

— Етти яшар Зокир Очилдиевга хат ёзганингизда, унга нималарни баён этган бўлардингиз?
— «Зокир, ҳаётингнинг ҳар бир кунида сен билан содир бўлаётган воқеа ҳодисаларни ёзиб бор. Келажакда китоб қиласан» дея айтардим. Инсон ёши улғайгандан кейин ана шундай, бир қарашда оддий, аммо жуда муҳим нарсалар борлигини сезар экан...

— Машҳур бўлишнинг энг қулай томонлари нимада?
— Таниқилиликнинг қулай томонларидан кўра, бироз ноқулай жиҳатлари кўпроқ. Қаерга бормайлик бизни таниб қолишганидан, эркинроқ бўлолмаймиз. Тўғри бу кунларни ўзимиз тилаб олганмиз, шукур. Аммо баъзан аввалгидек, кўча-куйда бемалол юрган пайтларимни қумсайман. Истаган бозорга бориб, бемалол айланиб юрардим. Бугун эса истайманми йўқми, санъаткор эканлигимни билганлар мен билан бошқача гаплаша бошлайди. Бу мени бироз ҳижолатга қўяди...

— Бугунги таниқли хонандаларнинг кучли учталигини айта оласизми?
— Бугун фаол хонандаларимиз жуда кўп. 1. Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков. 2. Фарҳод Саидов. 3. Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова. Бу санъаткорлар барча ёшларга ўрнак бўла олишади, назаримда.

— Кўринмас одамга айланиб қолганингизда...
— Биринчидан, табиат қонунига қарши чиққим йўқ. Шунинг учун доим кўриниб юришни истайман. Лекин агар шундай бўлиб қолса, ўзимга ўхшаган «кўринмасларни» бир ерга тўплаб, ўғрилик, мутаҳамлик ва атрофга зиён келтираётганларни жазолаш билан шуғуланардим.

— Қайнотангизга қандай куёв бўлдим деб ўйлайсиз?
— Қайнота ва қайнонам бахтимизга бугун соғ саломат бизнинг роҳатимизда умр кечириб келишяпти. Ёшлари саксондан ўтиб боряпти. Қайнотам ўзимга ўхшаган жуда ҳазилкаш, ҳали ҳалигача алламбало гаплар билан кулдира оладиган инсон. Уларга жуда ҳавас қиламан. Келажакда улар сингари борига шукр қилиб, куёвнинг ишига аралашмайдиган уни ўз фарзандидек кўрадиган, таъма қилмайдиган қайнота бўлишга ҳаракат қиламан.

Алия СУЛАЙМАНОВА суҳбатлашди


Манба: Darakchi.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Зокир Очилдиев ижоди, орзулари ва қандай қайнота бўлиши ҳақида