22:08 / 31.08.2017
11 029

Гуласал АБДУЛЛАЕВА дуэт куйламаслиги сабаблари ва келаси йилда турмушга чиқиши ҳақида(эксклюзив)

Гуласал АБДУЛЛАЕВА дуэт куйламаслиги сабаблари ва келаси йилда турмушга чиқиши ҳақида(эксклюзив)
У ўзи ҳақидаги фикрларни эшитяпти, хулоса қиляпти ва ўзгаришларга тайёр. Аммо бунинг натижаси қандай бўлишини ҳеч ким билмайди. Тўрт йиллик ижоди давомида хонанданинг англаганлари кўп. Бироқ ҳали ҳаммаси олдинда. Ўзбек эстрадасининг энг ёш санъаткорларидан бири "Ниҳол" мукофоти совриндори Гуласал АБДУЛЛАЕВА "Сўғдиёна" газетаси учун интервью берди.

—Келинг, суҳбатни энг оддий саволдан бошласак, айни кунларда нималар билан бандсиз?

—Ижодий изланишлар уммонидаман десам, муболаға бўлмайди. Сўнгги яратилган қўшиғим «Ёр – ёр» учун мусиқий клип суратга олиб, томошабинлар ҳукмига ҳавола этдик. Эндиликда шўх тароналар куйламоқчиман.

—Қисқа фурсат ичида халққа танилган хонанда бир ярим, икки, баъзан уч ой деганда янги ижод намунасини ҳавола этаётганини қандай изоҳлайди?

—Битта қўшиқнинг яралиши озмунча меҳнатни талаб қилмайди. Қолаверса, бугун тингловчиларнинг ҳам диди нозик, уларнинг кўнглига йўл топиш қийин бўлиб қолди. Бир йилда 2-3 та ашула ёзиш ва уларга клип суратга олиш ижодий сусткашлик эмас, назаримда. Ижодимнинг илк йилларида кўпроқ қўшиқ куйлашни истардим. Ҳозир ўша пайтдаги тароналарни жамласангиз, сони олтмиштадан ортади. Бироқ кўпини мухлислар эшитишмаган. Бугун эса шошилмасдан ижод қилиш маъқул деган фикрдаман.

—Яқинда бир хонандадан «Мавсум пайти ишлаб олиш керак, қўшиқни қишда ёзса ҳам бўлади» деган гапни эшитдим. Сиз бунга нима дейсиз?

—Ҳақиқатан ҳам аксарият хонандалар қишда қизғин ижод қилишади, кетма–кет қўшиқлар ёзилади. Эҳтимол вақтлари бемалол бўлгани билан боғлиқдир бу. Ахир қишда хизматлар камаяди-ку. Менда ҳам бундай ҳолат бўлиб туради. Лекин тўй мавсуми бўлса-да, ижодга ҳам, хизматларга ҳам бирдек улгуришга ҳаракат қилаётган санъаткорлар кам эмас.

—Сиз ҳам улар қаторидамисиз?

Тадбир ёки тўй хизматларидан сўнг вақт топиб янги ижод махсули устида бош қотиришга ҳаракат қиляпман. Шошилмасдан, ўйлаб, маслаҳатлашиб шеър танланяпти, мусиқа басталаняпти, хуллас Гуласал ҳаракатда!

—Эътибор берсам, «шошилмасдан» сўзини кўп ишлатяпсиз. Бу характерингиз ифодасими ёки...

—(кулиб) Агар менга оддий қиз сифатида баҳо берсангиз, уй ишларида ҳам шошилмайман. Ҳовлиқиб иш қилсам чала қолиши мумкин-да. Лекин хонанда Гуласал тамоман бошқа. Тадбир ё хизматларга айтилган вақтидан эртароқ бораман, кеч қолгандан кўра шуниси маъқул. Саҳна пардози, соч турмакларини ҳам тезроқ бажаришни ўргандим. Авваллари бундай эмасди, шунга ҳам продюссеримдан дакки эшитган пайтларим кўп бўлган. Ҳозир машинада кетаётиб ҳам ташқи кўринишимни тартибга келтириб ололаман.

—Хизматлар ҳақида сўз борганда албаттаки, моддий манфаатни айтмай иложи йўқ. Шу маънода тўйларда ким қанчага боришига қизақасизми?

—Пуллик масалаларни продюссерим ҳал қилади. Хизматларидан тушадиган пул продюссер ва хонанда ўртасида фоиз ҳисобидан келишилади. Шу пайтгача бирорта тўй хизматига аралашмаганман. Бу масалалар билан продюссер ҳамда маъмурим шуғулланишади.

—Тушунарли, ҳамкасбларингизнинг «маоши»ни суриштириб турарсиз, ҳеч бўлмаса?

—Сўраб–суриштирган жойим йўғ-у, лекин маъмуримнинг телефондаги суҳбатларидан баъзи маълумотлар қулоққа чалиниб қолади. «Фалончи хонандани гаплашиб беринг» дея илтимос қилгувчилар бўлади-да. Шунда эшитиб қолмасам, бошқа пайт ким қанча топаётгани билан қизиқмайман.

—Айрим санъаткорларнинг бирровлик хизмати кимларнингдир ойлик маошидан ҳам кўп. Бу даражада нарҳ қўйиш қанчалик тўғри, сизнинг-ча? Тўй қиламан деб, қарз қавола қилиниши шартми?

—«3-4 та қўшиқ айтди-ю, кетди, шунга фалон сўм олди-я» деган гапларни кўп эшитамиз. Тўғри, ҳар ким ўз фикрини билдиришга ҳақли. Аммо одамлар айтаётган 3-4 та қўшиқнинг яратилиши учун қанча маблағ сарфланади. Клип, саҳна либослари, пардоз, соч турмаги ҳам оз мунчага тушмайди. Буниси ҳам майли, телевидение, радиода чиқиш қиламан десангиз, белгиланган тартибда тўловини амалга оширасиз. Хўш, буларга қаердан пул олсин санъаткор? Хизматлардан топганини ижодига сарфлайди, оиласи, рўзғори, бола–чақасига ажратади. Тўйга созандалар билан бирга борадиган санъаткорларнинг топгани, гуруҳ аъзолари ўртасида тенг тақсимланади. Хонандалар ҳақида гап қилаётганлар танганинг иккинчи томони борлигини ҳам билиб қўйишгани маъқул. Бу билан кимнидир оқламоқчи эмасман, ҳар қайси санъаткор ижоди, таниқлилик даражасидан келиб чиқиб, нарҳ қўяди. Баъзан машҳур аёл санъаткорлар билан суҳбатлашиб, «Унисига етмади, буниси чала қолди» деган гапларни эшитаман ва ҳайрон бўламан, «У ҳам пулдан қийналиши мумкин экан» деб. Ўзимдан қиёс кундалик фойдаланиш учун кийим сотиб олмасам ҳам саҳна либосларига доим эътибор бераман. Негаки, битта тадбирга кийиб борган кўйлагингизни бошқасига киёлмайсиз. Янгисини сотиб олиш эса пул туради. Кўряпсизми, санъаткорларга ҳам осон тутманг. Халқ хизматида бўлиб, кези келса яқинларимизнинг шодиёна кунларида ҳам қатнашолмаймиз. Бирор ким ёрдамимизга муҳтож бўлса-да, лафз қилганман дея тадбир ё хизматларни бекор қилолмаймиз.

—Саволим тўғри нишонга тегдими дейман, жиддийлашдингиз?..

—Йўқ, шунчаки ўз фикримни айтдим, холос. Мен халқни тинглаш, унинг фикри билан қизиқиш тарафдориман. Аммо санъаткорлар ҳам ҳамма қатори инсон, уларнинг ҳам ўзларига яраша харажатлари бор.

—Санъатни дея яқинларим билан кўриша олмайман деяпсиз. Ўша пайтларда «Нега ҳам шу касбни танладим?» деган алам бўлмайдими?

—Аста айтасизми, баъзан жаҳлим чиқади, аччиқланаман, йиғлайман ҳам. Аммо тезда ўзимни қўлга олиб, «Нолиётганим йўқ, Худойим» дейман.

—Тадбирларда бошқа хонанданинг қўшиғини ижро қилиб беринг деб сўрашса, қандай йўл тутасиз? Мисол учун бу Муниса Ризаева, Райҳон ёки Гулсанам Мамазоитова ашуласи бўлсин...

—Баъзан устоз санъаткорларнинг репертуарларидан сўраб туришади, масалан Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулсанам Мамазоитова қўшиқларидан, имкон қадар куйлаб бераман. Лекин шу пайтгача Муниса ёки Райҳоннинг тароналарини сўрашмаган.

—Энди сўраб қолишса-чи?

—Билган таронамни ижро қилиб бераман, «Узр, айтолмайман» демайману.

—Қўшиқларини бошқа ҳамкасбларидан қизғониш кайфияти сизга танишми?


—Йўқ. Яқинда бўлиб ўтган воқеани айтаман, тўйлардан бирида навбатим келишини кутиб ўтирдим. Мендан аввал келган ёш хонандалардан бири «Гуласал чиқаверсинлар мен улардан кейин» деди. Тўйда қариндошларим ҳам ўтиришганди. 4-5 та қўшиқ куйлаб, тўйхонадан чиқиб кетганимдан сўнг, ҳалиги яқинларим "Сиздан кейин фалон қиз хоразмча қўшиғингизни куйлади" дейишди. "Омадини берсин" дедим эшитиб.

—Яъни сира ҳам ғашлик йўқ?

—Албатта! Агар мендан қўшиқнинг «минус» варианти, яъни ёзилган мусиқасининг ўзини сўрашса, жон деб бераман.

—Бунақада ҳамма қўшиқларингизни тарқатиб юборасиз-у?

—Ҳозирга келиб, 50-60 фоиз қўшиқларимнинг мусиқаси турли вилоятларга тарқаб кетган. Сўраб келишади, йўқ демаймиз, майлига куйлайверишсин. Баъзан вилоятлардаги тадбирларга кириб борсак, қўшиқларимдан бири ижро этилаётганига гувоҳ бўламан ва бу ёқимли ҳолат.

—Тарона мусиқасини яратиш учун қанча вақт, маблағ сарфланади, аранжеровка қилинади. Сиз эса тайёр маҳсулотни қўшқўллаб бериб юбораркансиз?

—Қўшиқ меники эканлигини билишади-ку, агар мусиқасига овоз ёзиб, клип ишласа бу нотўғри. Қолаверса, бугун ёзилган мусиқани эртагаёқ бериб юбормаймиз. Тарона танилиб, оммалашсагина илтимослар рад этилмайди.

—Эшитишимча, қайсидир хонанда сизга дуэт куйлаш таклифини билдирибди-ю, рад этибсиз. Шундай бўлганмиди?

—Қайси бирини айтсам экан?

—Шунчалик кўпми улар?

—Йўғ-э (кулади) эркак хонандалардан дуэт куйлаш таклифи бўлиб туради, аммо продюсерим ҳозирча бунга рухсат бермаяпти. Ҳали ҳамкорликдаги қўшиқларга тайёр эмасман.

—Ижод қилаётганингизга тўрт йил бўляпти, ҳали ҳам тайёр эмасман дейсизми? Бу нимаси?

—Ростини айтсам, дуэтлар мени у қадар қизиқтирмайди. Тўғри, ниятларим бор, масалан, Ўзбекистон халқ артистлари Юлдуз Усмонова, Озодбек Назарбеков билан дуэт ижро этишни истайман. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Зиёда, Севара Назархон билан ҳамкорлик қилсам дейман, лекин шошилмаяпман.

—Телеканалардан бирида бўлиб ўтган лойиҳада икки соатча съёмка бошланишини кутиб турдингиз. Мени ҳайрон қолдиргани бирор маротаба эътироз билдирмадингиз, ҳамиша шундаймисиз?

—Пойтахтга энди келган кезларим, продюсерим кўп айтарди: «Хушёрроқ бўл, бўшашма» деб. Салгина дадиллашдим-у, аммо барибир вазминлигим бор. Ҳамскабларим ҳам кўп сўрашади «Нега бунақа жим турасиз?» деб. Табиатим шундай-да нима қилай. Гоҳида ўйлаб қоламан биологик ёшим 40 лардан ошган-ов дея. Онамнинг айтишларича, болалагимда ҳам кўпчиликка қўшилмас эканман. Билмадим нега, катта–кичик даврларни у қадар ҳам ёқтиравермайман. Бунинг ўрнига қўшиқ ёзганим яхши.

—Наманганга борганингизда синфдошлар билан кўришиб турасизми?

—Бир неча ҳафта аввал Наманганда бўлдим. Қариндошлар, синфдошларим билан кўришдим, албатта. Холаларим галма-гал меҳмонга чақиришади, дўстларим билан эса худди мактаб давригидек кулишиб гаплашамиз. Айримлари менга «Сиз» дея мурожаат қилишади-ю, уятга қоламан. «Ундай деманг-э, мен ўша Гуласалман» дейман кулиб. Ўқувчилик йилларимиз мактабдаги ҳар бир тадбирда қатнашардим, ўғил болалар бошқа қизларнинг жиғига тегишса ҳам мени аяшарди. Қишда қорбўрон ўйнасак ҳеч ким менга қор отмасди, болалар «Асалга қор отмаймиз» дея бир–бирига айтиб қўйишарди. Дугоналарим бўлса, нега сенга бошқача муомала қилишади, дея аччиқланган пайтлари ҳам бўлган.

—Гуласал, имижни ўзгартириш фурсати етмадимикан, нима дейсиз?

—Тўғри айтасиз, энди ўзгаришим керак. «Ёр-ёр» клипида пардозни янгилаб кўрдик, менимча яхши чиқди.

—Сўзингизни тасдиқлайман, ҳақиқатан ҳам янгилик бор, аммо бу съёмка учун образ-да?..

—Суратга олиш жараёнида янги стилист билан ишлаб кўрдим, менга маъқул бўлди. Яқинда синглим ҳам айтаётганди, «Опа, салгина ўзгартиринг имижингизни» дея.

—Демак?

—Имижимни ўзгартираман!

—Жуда соз, кутамиз! Келинг энди совчилар ҳақида сўрай, тўй қачонга мўлжалланяпти?

—Наманганга сўраб борганлар ҳам бўляпти. Ота–онам, продюссерим «Келаси йил тўй қиламиз» дейишаётганига қараганда, кейинги йил турмушга чиқсам керак. Бўлажак умр йўлдошим кимлиги ва қайси касбда фаолият юритишидан қатъи назар, муҳими мени тушунадиган инсон бўлсин.

—Тўй аниқ бўлгач, хабарлашарсиз-а, Гуласал?

—Албатта, биринчи бўлиб айтаман.

—Келишдик! Илоҳим ўзингиз истагандек инсонни учратинг!

—Раҳмат!

Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди

Манба: Darakchi.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Гуласал АБДУЛЛАЕВА дуэт куйламаслиги сабаблари ва келаси йилда турмушга чиқиши ҳақида(эксклюзив)