11:15 / 05.10.2017
11 127

Сонда бор-у, сифати йўқ клиплар...

Сонда бор-у, сифати йўқ клиплар...
"Даракчи" газетасининг кўп сонли муштарийларининг талаб ва таклифларини инобатга олганда клиплар мавзусини яна давом эттиришга қарор қилдик, деб ёзади Даракчи нашри. Мусиқий каналлардаги янги клиплар кетма-кетлигини кузатар эканмиз, уларнинг саноғида адашиб кетиш ҳеч гапмас. Бугунги клиплар таҳлили эса айнан энг сўнгги ижод маҳсуллари ҳақида. Рўйхатимизда эса сифати эмас сонга эътибор берадиганлар ҳамда катта маблағ эвазига сифатсиз клип суратга олган профессионал клипмейкерларни ҳам учратишингиз мумкин.

ЙИГИТЛАРНИНГ “АРАБЧА” РАҚСИ
Канизанинг клиплари танқидчилар томонидан мунтазам равишда танқид қилиб келинади. Масалан, ўтган йиллардаги “Ҳис эт” клипида маданиятимиз ва маънавиятимизга тўғри келмайдиган кадрлар, хонанда хатти-ҳаракатлари гап-сўзларга сабаб бўлган. Шунингдек, сўнгги “Гўзал” клипи ҳам комедик жанрда суратга олинган бўлса-да, мақсади ноаниқ деб топилди. Шунга қарамай хонанда ўз йўналишини ўзгартирмади. Араб йўналишидаги “Лилла” клипида хонанда ёш актриса Луиза Расулова билан биргаликда арабча рақс ҳаракатларини “қойиллатишган”.




Клипда роль ўйнашга рози бўлган “раққос” йигитларга ҳам қойил қолмайсиз. Нега дейсизми, чунки арабча рақс йўналишида қизлар бажарадиган ҳаракатларни улар ҳам ижро этишган. (!) Клипнинг якунида рақсда қизлар йигитлар гуруҳини гўёки мағлуб этишади. Клип режиссёри Дилмурод Агзамов сценарий ёзаётганда, унинг ғояси, мақсади, мазмуни бўлиши кераклигини унутган кўринади.

НАҲОТКИ БУ НАРИМОННИНГ КЛИПИ?
Бугун хонандаликка қўл урган ёш ижодкорлар, машҳур ва маҳоратли клипмейкер билан ҳамкорлик қилишни режалаштиришади. Тўғрида, клипмейкернинг машҳурлиги эвазига унинг клипи ҳам тилга тушади. Ёш эстрада хонандаларидан бири Будур тахаллуси билан ижод қилаётган хонанда ҳам айнан мана шу усулни танлаган кў­ринади. Унинг навбатдаги янги “Жага жага” клипи режиссёри ҳаммага маълум ва машҳур Наримон Султонхўжаев. Ҳар доимгидек Наримон ўзи суратга олган клипда бош роль ижро этган. Унинг ҳамкасби ролида хонанданинг ўзи. Хуллас, воқеалар давомида бир-бирини рашк қилган ҳам­касбларнинг жанжали ва акробатик ҳаракатлар билан амалга оширилган рақсларни томоша қиласиз.





Афсуски, ушбу клипга Наримон Султонхўжаевнинг клипларига нисбатан камдан-кам кузатиладиган сифатсиз деган таърифни беришга тўғри келади. Наримон ўз машҳурлиги билан Будурни реклама қилиб бермоқчи шекилли. Хуллас ўз тажрибасига эга профессионал клипмейкерга ижодида аввалгидек сифатга эътибор беришни маслаҳат беришдан бошқа иложимиз йўқ.

ШОШИБ ИШЛАНГАН КЛИП
Баҳриддин Зуҳриддинов ижодини бошлаши билан тилга тушган хонандалардан. У ноода­тий мавзуларни танлаб, ноодатий клипларни суратга олиши билан ҳам эътиборни тортиб келади.



Илк клипларида у катта гамбургер излаб “ўзга сайёра”га борган бўлса, кейинги клипларида Муяссар исмли қизни ҳолу жонига қўймасдан дафтар кўчириб беришига мажбур қилганди. Комик йўналишдаги клиплари билан танилиб келаётган хонанда янги клипда Абдулазиз Турғунов билан ҳамкорлик қилиб, фақат трек йўналишига му­ро­жаат­ этди. “Адашдим” қўшиғига хонанда тўртта раққосани чақириб, созандаларини йиғгану, тезда клип суратга олган кўринади. Клип қўл учида, яъни клип­лар сонини кўпайтириш мақсадида олингани кўриниб турибди. Баҳриддин Зуҳриддиновнинг ҳадеб бир хил кадр­ларда чиқавериши эса томошабинни зериктиради, қолаверса, хонанда либосларига алоҳида эътибор бериб, иложи бўлса стилистлар билан ҳамкорлик қилса ёмон бўлмасди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Сонда бор-у, сифати йўқ клиплар...